Қотиллик 2 мартдан 3 мартга ўтар кечаси Бувайда туманининг «Оқтепа» МФЙда содир бўлган. Янги қишлоқ маҳалласида туғилган 19 ёшли куёв К.И. қўшни қишлоқ — «Оқтепа» маҳалласида истиқомат қилувчи қайнотаси А.И. ҳамда ўзининг ҳомиладор рафиқаси С.И.ни ўзаро оилавий келишмовчилик сабаб чопқи (дасткалла) билан чопиб ташлаган. Оқибатда қайнота А.И. оғир тан жароҳати олиб, кўрсатилган тез тиббий ёрдамга қарамасдан, вафот этган. Унинг қизи С.И. эса шифохонанинг жонлантириш бўлимига ётқизилган.

Воқеа маҳалланинг ўзида Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, вилоят ва туман масъуллари ҳамда маҳалла аҳли иштирокида муҳокама қилинди.

Йиғилишда бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Баҳриддин Валиев, ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Собиров вилоят ва туман ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари иштирок этишди. 

Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Баҳриддин Валиев
Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Собиров

Учрашувда ушбу жиноят содир этилишига оиладаги доимий равишдаги турли келишмовчиликлар сабаб бўлгани қайд этилган. Фуқаро К.И. аёли С.И. билан шаърий никоҳдан ўтиб яшаб келган. Маҳалла аҳлининг маълум қилишича, келин ҳозирда Фарғона вилояти марказий шифохонасининг жонлантириш бўлимида ҳушсиз ҳолда қолмоқда. Аҳволи оғир. 

Воқеа гувоҳларидан бири — марҳум А.И.нинг акаси Анваржон Исмоилов бўлган воқеани Kun.uz мухбирига қуйидагича ҳикоя қилиб берди.

Анваржон Исмоилов

«Укамники билан уйимиз ўртасида бир девор бор, холос. Хабар топишим билан югуриб кирдим. Кирсам — «тез ёрдам» келган экан. Улар ҳам шошилинчда ишлашди. Замбилни олиб киришга қарашдим. Уй ичига кирсам — ҳаммаёқ қон. Укам ҳушсиз полда ётибди. Шифокорлар бошини боғлаган бўлишига қарамай, тинимсиз қон оқарди. Олиб чиқдик ва «тез ёрдам» машинасига ортиб, шифохонага олиб кетдик.

Олиб кетишимизда машина ичида укамнинг қўли осилиб қолди. Кейин билсак, қўли ҳам синган экан. Шифохонада ёрдам кўрсатилишига қарамай, укамнинг жони узилди. Уни шу даражада ваҳшийларча ўлдирганки, бундай воқеани фақат киноларда кўрганман. Кўрганларимни сўз билан таърифлаб беришим қийин. Укам бундай ўлимга лойиқ эмас эди», дейди марҳумнинг акаси.