Фарғона вилоятининг Бувайда туманидамиз. Туманнинг маъмурий маркази Янгиқўрғон шаҳарчасида жойлашган. Киройи туман маркази. Гавжум.

Kun.uz сайтига навбатдаги мурожаат туман марказидаги бузилиб, қайта қурилаётган «Кўкат бозори»да иш олиб борувчи тадбиркорлар томонидан йўлланган. Улар бизни қўлларида беш ойдан бери давом этаётган муаммо юзасидан тўпланган ҳужжатлар билан кутиб олишди. Туман ҳокимлиги ва тадбиркорлар бир тўхтамга кела олмаётган масала айни вақтда чигаллаша бошлаган.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

Муаммонинг бошланиши

Шаҳарча аҳолиси кундалик озиқ-овқат маҳсулотлари харид қиладиган бозорчадаги дўконларда ёнма-ён савдо қилиб келган беш тадбиркор – Хуршид Раҳимзода, Бахтиёр Ҳусанов, Абдулҳошим Тўйчиев, Мақсуджон Бахтиёров ва Музаффар Шерқўзиевга шу йилнинг январь ойида дўконлари бузилиши ҳақида огоҳлантириш берилган.

Бу савдогарларда айнан бозорча ичидаги жой учун берилган туман ҳокимининг қарорлари мавжуд.

Савдогарларнинг айтишича, орадан бир ой ўтиб туман ҳокими ва бошқа мутасадди раҳбарлар айнан бузилаётган дўконлар ўрнидан замонавий дўконлар қуриш учун ер ажратилишини ваъда қилишади.

Дўконлар учун товон пули тўланмасдан, шошилинч равишда бузиб ташланади. «Снос пули» масаласи бўйича мақола сўнгида тўхталамиз.