Ўзбекистон | 17:00 / 10.04.2024
4267
4 дақиқада ўқилади

"Ўзтрансгаз" АЖ тизимида "Компрессор станцияларни қайта тикланувчи энергия манбалари билан таъминлаш” бўйича йирик лойиҳа амалга оширилади

Лойиҳа бошланиши муносабати билан Ғаллаорол магистрал газ қувурлари бошқармасида тадбир бўлиб ўтди. Унда "Ўзтрансгаз" АЖ раҳбарияти ва “China Datang Overseas Investment Co.,Ltd.” компанияси раиси Жиа Бингжун иштирок этди. Хитойлик ҳамкорлар бошқарманинг электр таъминоти тизими ва мавжуд имкониятларни кўздан кечиришди. Лойиҳадан кутилаётган натижалар ва уни амалга ошириш механизмлари ҳақида суҳбатлашилди. Шунингдек, ҳамкорликдаги битимнинг шартлари бўйича асосий келишувларни белгиловчи ҳужжат (Heads of Terms) имзоланди. 

Лойиҳани амалга ошириш нима учун керак эди?

Гап шундаки, "Ўзтрансгаз" АЖ тасарруфидаги компрессор станцияларнинг эҳтиёжлари учун йилига ўртача 633 млн кВт/соат электр энергияси сарфланади. Шунинг асосий қисми, яъни 600 млн кВт/соат энергия истеъмоли Газли, Когон, Зирабулоқ, Ғаллаорол ва Янгиердаги энг йирик 5 та компрессор станция ҳиссасига тўғри келади. Хитойлик ҳамкорлар томонидан амалга ошириладиган лойиҳа мазкур станцияларда газни тежаш ва атмосферага зарарли моддалар чиқарилиши ҳамда газ ҳайдаш агрегатларида юзага келадиган тўхталишларнинг олдини олишга хизмат қилади. Лойиҳа доирасида умумий қуввати 110 МВт бўлган қуёш панеллари ўрнатилиши режалаштирилмоқда. Шунингдек, ҳар бирининг қуввати 35 кВт бўлган жами 5 та подстанция ва узунлиги 100 км ҳаво электр узатиш тармоғи қурилади. Бунинг учун жойларда 200 гектар атрофида ер ажратилади.

Лойиҳани амалга ошириш натижасида...

Дастлабки қиймати 150 млн доллар бўлган хорижий инвестиция ҳисобига "China Datang Oversiys Investment” компанияси томонидан амалга ошириладиган лойиҳа тўлиқ ишга тушгандан сўнг 50 та доимий ишчи ўрни яратилади. Лойиҳа натижасида, 5 та компрессор станцияси атрофида йилига 192 млн кВт/соат яшил энергия ишлаб чиқарилишига, 55 млн куб метр табиий газ тежалишига ва 198 минг тонна зарарли модда атмосферага чиқарилишининг олдини олишга эришилади. Компрессор станциялар йиллик электр энергия истеъмолининг 32 фоизи қуёш фотоэлектрик станциялар орқали ишлаб чиқарилган энергияси ҳисобига қопланади. Қуёш фотоэлектрик станцияларнинг камида 25 фоизига аккумулятор батареяларини ўрнатиш орқали, асосий электр тармоқларида узилишлар рўй берган ҳолларда газ ҳайдаш агрегатларида юзага келадиган авариявий тўхталишларнинг олди олинади. Лойиҳани амалга ошириш натижасида 170 млрд сўм маблағ иқтисод қилинади.

Маълумот учун: 2002 йилда ташкил этилган “China Datang Overseas Investment” Хитойдаги 5 та йирик электр ишлаб чиқарувчи корхоналардан бири. Хитойнинг 32 та провинциясида ҳамда 4 та хориж мамлакатларида лойиҳаларни амалга оширади. Компания активларининг умумий ҳажми 118 млрд долларни ташкил этиб, жами ўрнатилган қуватларнинг ҳажми 172 ГВтдан ортади. Компания “Inner Mongolia Datang International Tuoketuo Power Generation Company” дунёдаги йирик кўмир электростанцияси, “Чифэн Сайханба” энг катта шамол электростанцияси, 158 ГВт қувватидаги “Longtan” йирик гидроэлектр станцияларига эгалик қилади. Компания ходимлари – 100 минг нафардан ортиқ. Ўзбекистонда 2024 йил бошидан Бўка шаҳрида 263 МВтли қуёш панелларини қуриш ишларини олиб бормоқда. Навоий вилоятида 1 ГВт ли шамол электростанциясини қуриш ҳам режалаштирилмоқда.

Мавзуга оид