Ўзбекистон | 21:54 / 07.09.2020
9501
3 дақиқада ўқилади

Одилбек Исоқов жамоатчиликни ташқи қарз бўйича муҳокамаларда фақат статистика билан кифояланмасликка чақирди

Ўзбекистонда давлат ташқи қарзлари билан боғлиқ барча жараёнлар бўйича мустақил мониторинг тизими яратилади.

Фото: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

Молия вазири ўринбосари Одилбек Исоқов 7 сентябрь кунги матбуот анжуманида ташқи қарз масаласига тўхталиб, бу мавзу кенг муҳокамаларга сабаб бўлаётганини ижобий баҳолади.

«Давлат ташқи қарзи ҳозирда мунозараларга сабаб бўлиб келаётган мавзу. Ва бу тўғри. Бу мавзу халқимиз, оммавий ахборот воситаларининг диққат марказида бўлиши керак. Қанча қарз оляпмиз, қаерга сарфлаяпмиз, бунинг натижаси қандай бўляпти – ҳаммаси жамоатчилик назоратида бўлиши керак.

Ҳозирча профессионал таҳлил етишмаяпти. Бунга ҳали вақт керак. 2018 йил декабрдан бошлаб бу бўйича статистикалар очиқ айтила бошланди. Бу нарсани профессионал таҳлил қиладиган журналист ва блогерлар ҳам шаклланяпти, бунга, албатта, вақт керак.

Яқин кунларда биринчи ярим йиллик бўйича ҳисобот – қанча қарз олинди, қайси соҳалар бўйича, кимлардан ва қайси валюталарда, қандай лойиҳалар молиялаштириляпти, унинг ижрочилари ким, барчаси бўйича маълумот берилади.

Истардикки, жамоатчилик назорати нафақат давлат ташқи қарзининг статистикаси билан, балки лойиҳаларни амалга ошириш жараёни, уларнинг натижадорлиги бўйича ҳам бўлса, мақсадга мувофиқ бўларди», дея Одилбек Исоқовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, Ўзбекистонда давлат ташқи қарзлари билан боғлиқ барча жараёнлар бўйича мустақил мониторинг тизими яратилиши кутилмоқда.

«Давлат қарзини олишдан бошлаб, якунлангандан кейин ҳам мустақил мониторнинг қилиш бўйича тизим ишлаб чиқиш бўйича қарор лойиҳаси тайёрланяпти. Молия вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг қарз жараёнларидаги роли қандай, улар қандай ишлаши керак, давлат қарзидан фойдаланиб лойиҳалари молиялаштирилаётган ташкилотларнинг роли қандай бўлиши қарор лойиҳасида акс эттирилади», – деди у.

Одилбек Исоқов Инқирозга қарши кураш жамғармасига жалб этилган 1 миллиард доллардан ортиқ қарз ҳақида ҳам тўхталди.

«Жаҳон банкидан 200 млн доллар (1 май куни), Халқаро валюта жамғармасидан 375 млн доллар (18 май куни), Осиё тараққиёт банкидан 500 млн доллар (7 июль куни) олинди.

Мазкур маблағларнинг қаерга, қайси ташкилотларга берилаётгани бўйича шаффофлик бор, ҳар бир харажат эълон қилиняпти», – деди Одилбек Исоқов.

2020 йил 1 июль ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг ташқи қарз қолдиғи 17,3 млрд долларни ташкил қилмоқда.

«Қарзнинг ошиб кетаётганидан хавотирга тушаётган ҳамюртларимиз учун айтишим мумкинки, бу кредитларнинг аксарияти халқнинг ҳаётини яхшилаш мақсадида сарфланяпти», – деди молия вазири ўринбосари.

Мавзуга оид