Ўзбекистон | 19:01 / 03.03.2021
9889
3 дақиқада ўқилади

Қурол олиб юриш ва ишлатишга рухсатномалар бериш ваколати миллий гвардиядан ички ишлар органларига ўтказилмоқда

Бугун, 3 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлиси бўлиб ўтди.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, йиғилишда депутатлар томонидан қурол турлари ва уларнинг ҳуқуқий мавқейини «Қурол тўғрисида»ги қонунга мувофиқлаштириш масаласи ҳам кўриб чиқилган.

Унга кўра, эндиликда қурол соҳасидаги вазифа ва ваколатларни миллий гвардиядан ички ишлар органларига ўтказиш, шунингдек, айрим турдаги воситаларни тақиқланган қуроллар сафига қўшиш қонун лойиҳаси сифатида таклиф этилмоқда.

Бу борада ички ишлар вазири ўринбосари Азиз Икромов парламентдаги чиқишида депутатлар эътиборини қуйидаги маълумотларга қаратди:

Ички ишлар вазири ўринбосари Азиз Икромов

«Охирги вақтларда ўқотар бўлмаган қуролларга эгалик қилиш билан боғлиқ 2174та ҳолат аниқланган. Аммо уларни олиб юрган шахсларни жавобгарликка тортиш учун ҳуқуқий асос йўқ. Бу эса фуқароларнинг жамоат жойларида ўқотар бўлмаган қуроллар билан эркин муомала қилишига олиб келмоқда. Бундай ҳолатлар айниқса ёшлар ўртасида жуда кўп.

Ҳозир мактаб ва бошқа таълим муассасалари, шунингдек, жамоат жойларида электрошокерлар билан юриш, у орқали безориликлар қилиш, ўзганинг мол- мулкига ёки соғлиғига зарар етказиш кўпаймоқда», деди Икромов.

Муҳокамалар ва савол-жавоблардан кейин қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қабул қилинди.  

Ялпи мажлис якунида ИИВ бўлим бошлиғи Даврон Қосимов журналистларга қисқа интервью берди.

— Таклиф этилаётган янги қонун лойиҳаси яна нималарни ўз ичига олади?

— «Қурол тўғрисида»ги янги қонун лойиҳасида янги қурол турлари ҳам кўрсатиляпти. Масалан, электрошокер, газли қурилмалар эндиликда қурол сифатида баҳоланади. Уларни ноқонуний олиб юрганлик учун жиноий ва маъмурий жавобгарлик белгиланяпти.

— Қурол соҳасидаги вазифа ва ваколатларни миллий гвардия органларидан ички ишлар органларига ўтказишга нима асос бўлди, масалан, бу ваколат миллий гвардияда қолиши нимаси билан нотўғри?

Ички ишлар вазирлиги бўлим бошлиғи Даврон Қосимов

— Бунинг асосий сабаби шундаки, ҳозир қурол олиб юриш ва ишлатишга рухсатномалар миллий гвардия томонидан берилади. Уларни назорат қилиш ва чора кўриш эса ички ишлар тизимига юклатилган. Эндиликда эса бу вазифа тизимнинг янада самарали ишлашини таъминлаш мақсадида бу вазифалар бир органга юклатиляпти.

Бундан ташқари, ноқонуний олиб юриш тақиқланган қуроллар сафига пневматик қуроллар ҳам қўшиляпти.

— Бу воситаларни олиб юриш учун рухсат олиш тартиби қандай? Фуқаро бу каби воситалардан ўзини ҳимоя қилиш учун ҳам фойдаланиши мумкин-ку.

— Ўзини ҳимоя қилиш мақсадида қурол олиб юриш учун ички ишлар органларидан рухсатнома олиш талаб қилинади.

Мавзуга оид