00:48 / 08.02.2020
16
42282

АҚШнинг Марказий Осиё бўйича янги стратегияси эълон қилинди. Вашингтон минтақага 9 млрд долларлик ёрдам ажратади  

Фото: Султан Досалиев

АҚШ “Марказий Осиёни барқарорроқ ва фаровонроқ қилишни” режалаштирмоқда, шу билан бирга минтақанинг 5 та давлати билан ҳамкорлик “АҚШ қадриятларини илгари суришга кўмак беради”. Шу муносабат билан АҚШ Марказий Осиёга 9 млрд долларлик ёрдам ажратишга қарор қилди. 

Бу ҳақда АҚШнинг Марказий Осиё бўйича янги стратегиясида айтилган

АҚШ давлат департаменти сайтида эълон қилинган ҳужжатда Марказий Осиё доимо Европа ва Осиё ўртасидаги цивилизацияларнинг стратегик ва тижорий чорраҳаси бўлгани таъкидлаб ўтилган. 

АҚШнинг бу минтақадаги асосий стратегик қизиқиши барқарорроқ ва фаровонроқ, сиёсий ва иқтисодий манфаатларини эркин тарзда ҳамда турли ҳамкорлар билан ўз шартлари бўйича хавфсизлик манфаатларини кўзлай оладиган Марказий Осиёни яратишга қаратилган.

“Минтақанинг барча 5 давлати билан ҳамкорлик ва яқин алоқалар АҚШнинг қадриятларини илгари суришга кўмак беради ва минтақа бўйича қўшнилар таъсирига посанги бўлиб хизмат қилади. АҚШда бизнес учун имкониятларни кенгайтириш Марказий Осиёнинг иқтисодий равнақ топишига кўмак беради ҳамда АҚШдаги бандлик ва саноатни қўллаб-қувватлайди”, дейилган янги стратегияда.  

АҚШ ҳукумати ушбу стратегияни амалга ошириш доирасида тинчлик ва хавфсизлик, демократик ислоҳотлар ва иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлаш ҳамда гуманитар эҳтиёжларни қондириш учун 9 млрд доллардан кўпроқ тўғридан-тўғри ёрдам тақдим қилди.

Шунингдек, Марказий Осиёни ривожлантириш учун кредитлар, займлар ва техник ёрдам кўринишида яна 50 млрд долларга яқин маблағ ажратилади.

АҚШнинг Марказий Осиё бўйича стратегиясининг устувор вазифалари Афғонистонда террорчиликка қарши курашиш ва барқарорликни таъминлаш билан боғланган. Шу муносабат билан АҚШ қуйидагиларни режалаштирмоқда:

- Марказий Осиё давлатларининг суверенитети ва мустақиллигини ҳам алоҳида, ҳам минтақа кўламида қўллаб-қувватлаш ва мустаҳкамлаш;

- минтақада террорчилик таҳдидларини камайтириш;

- Афғонистонда барқарорликни кенгайтириш ва қўллаб-қувватлаш; 

- Марказий Осиё ва Афғонистон ўртасидаги алоқани рағбатлантириш;

- қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларига амал қилиш тизимини ислоҳ қилишда кўмаклашиш;

- Марказий Осиё ривожланишида АҚШ инвестицияларига кўмаклашиш.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top