Транспорт воситасини маст ҳолда бошқарганлик учун жазо чоралари кучайтирилиши кутилмоқда
Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик бўйича кодексларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги таклифлар маъқулланса, маст ҳолда транспорт бошқарганларга нисбатан жазо чоралари кучайтирилади.
23 декабр куни Тошкентда юк автомобиллари билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга доир йиғилиш ўтказилди. Унда қатнашган ИИВ ЙҲХББ бошлиғи полковник Олим Саидов юк машиналари иштирокида содир этилаётган “авария” лар бўйича маълумот берди, дея хабар қилмоқда Kun.uz мухбири.
Қайд этилишича, 2021 йилнинг ўтган 11 ойида республикада содир этилган ЙТҲлар сони 8 минг 731 тани ташкил этди. Шундан 964 таси (11 фоиз) юк автомобиллари ҳиссасига тўғри келади.
Йиғилишда спиртли ичимлик истеъмол қилиб рул бошқараётган ҳайдовчилар ҳам кўп учраётгани, уларга нисбатан жазо чоралари кучайтирилиши айтилди.
“Транспорт воситасини спиртли ичимлик ичган ҳолда бошқариш жиноят. Ҳозир айни шу йўналишда Маъмурий ва Жиноят кодексларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар киритилган. Бу мутасадди идоралар томонидан ўрганиб чиқиляпти”, — деди Олим Саидов.
Маълумот берилишича, йил давомида юк ташиш билан боғлиқ “авария”ларда 396 киши ҳалок бўлган, 804 нафар фуқаро жароҳатланган.
“Масалан, 24 август куни Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ тумани ҳудудидан ўтувчи 4Р–2 автомобил йўлида ҳайдовчи Сапарбаев ўзининг “Howo” русумли автомобилини маст ҳолда бошқариб, олдинда ҳаракатланиб келаётган транспорт воситасини қувиб ўтиш учун қарама-қарши йўналишга чиққан ва ушбу йўналишда келаётган ҳайдовчи Исмаилов бошқарувидаги “Нексия-3” автомобили билан тўқнашган. Натижада “Нексия-3” ҳайдовчиси воқеа жойида вафот этган. Бундай ҳолатдаги қоидабузарлик бўйича мисолларни кўплаб келтириш мумкин”, — деди полковник.
Олим Саидовга кўра, ҳайдовчилар тайёрлайдиган ўқув марказларининг «B» ва «C» тоифадаги ҳайдовчиларни тайёрлаш тизимида камчиликларга йўл қўйилмоқда. Хусусан, Тошкент вилоятида жойлашган ўқув ташкилотларининг 4 таси текширилганида, 25 нафар ҳайдовчи дарсларга сабабсиз қатнашмагани аниқланган.
“Бу ҳолатга нима деб изоҳ бериш мумкин? Улар қандай қилиб ўқишга қатнашмайди? У ўқув ташкилотини битирган ҳайдовчи эртага қандай ҳаракатланади? Қаерда бу кўникмаларни ҳосил қилади, билимни қаердан олади?”, — дея савол берди ЙҲХББ раҳбари.
Статистик маълумотларга кўра, 2021 йилда республика бўйича юклар айланмаси 112, 3 фоизга ошган. Мазкур юкларнинг 74, 2 фоизи автомобил транспорти ёрдамида ташилган. Республикада рўйхатга олинган 3,8 млн.га яқин транспорт воситаларининг 8 фоизи ёки 295 мингтаси юк автомобиллари ҳиссасига тўғри келади.
Мавзуга оид
16:23 / 29.07.2024
Волгоград областида йўловчи поезд юк машина билан тўқнашди
15:50 / 27.07.2024
АҚШда 38 яшар ўзбекистонлик тракчи ЙТҲ туфайли вафот этди
13:07 / 27.07.2024
Қамчиқ довонида 3 та юк автомобили ва Mercedes-Benz Sprinter иштирокида ЙТҲ юз берди
07:35 / 27.07.2024