Ўзбекистон | 14:11 / 11.10.2021
6789
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев: «Қашқадарёда энг ачинарли ҳолатлардан бири бу – вилоят аҳолиси ҳалигача пахтани букилиб, қўл меҳнати билан териб келмоқда» 

Қашқадарё вилоятида пахта уруғчилиги маркази ташкил қилиниб, хорижий экспертлар билан бирга қурғоқчиликка чидамли, юқори ҳосил берадиган янги навлар яратилади. Бу ҳақда президентликка номзод Шавкат Мирзиёев маълум қилди.

Фото: Миллий масс-медиа фонди

“Бундан ташқари, юқори ҳосил берадиган навларни четдан олиб келиш ва эркин жойлаштиришга ҳам рухсат берамиз.

Қашқадарёда энг ачинарли ҳолатлардан бири бу – вилоят аҳолиси ҳалигача пахтани букилиб, қўл меҳнати билан териб келмоқда. 

Шунинг учун келгуси беш йилда 40 фоиз қишлоқ хўжалиги техникалари янгиланиб, механизация даражаси 90 фоизга, жумладан машинада пахта терими 15 фоиздан 60 фоизга етказилади. Бунда, пахтани машинада териш харажатининг 30 фоизини бюджетдан қоплаб бериш яна уч йилга узайтирилади.

Шунингдек, импорт қилинадиган техника, бутловчи ва эҳтиёт қисмлар божхона тўловларидан икки йил муддатга озод қилинади. Қишлоқ хўжалиги техникаси хариди учун субсидиялар кўлами ҳам кўпайтирилади. 

Вилоятнинг энг оғриқли нуқталаридан бири бу – қишлоқ хўжалиги ерларини барқарор сув билан таъминлаш ҳисобланади. Мисол учун, Қарши магистрал каналидан сув олиб келишга, биргина электр учун йилига 100 миллион долларга яқин маблағ сарфланади. Яъни, 1 гектар пахтани суғоришга 2,5 миллион сўм харажат қилинмоқда. Лекин, сувдан самарасиз фойдаланиш туфайли ушбу маблағларнинг 30 фоизи исроф бўлмоқда.

Шу боис, келгуси беш йилда 118 минг гектарда инновацион сув тежовчи технологиялар жорий қилинади. Шунингдек, 93 минг гектар майдонни лазерли текислаш орқали, шунга алоҳида аҳамият беринг, йилига 130 миллион куб метр сув иқтисод қилинади. Бунинг учун, 25 миллиард сўм субсидия берамиз.  

Бундан ташқари, 105 миллион доллар ҳисобига Қарши насос станциялари каскади реконструкция қилиниб, 400 минг гектар ер майдонининг сув таъминоти яхшиланади”, деди президентликка номзод.

Мавзуга оид