Жамият | 19:05 / 19.04.2021
11411
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда болалар ичак гельминтози билан касалланишининг олдини олиш бўйича оммавий тадбирлар бошланди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистондаги олти ярим миллион нафардан ортиқ болалар оммавий дегельминтизация тадбирлари билан қамраб олинаётгани ҳақида маълум қилди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

«Бугун, 19 апрель куни юртимиз бўйлаб 2-10 ёшдаги (жами 6 миллион 115 минг нафардан ортиқ) болалар ҳамда зарарланиш юқори бўлган ҳудудлар (Бухоро, Қашқадарё, Сурхондарё, Сирдарё, Тошкент ва Фарғона вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси)даги мактабларда 15 ёшгача (жами 445 минг нафардан ортиқ) мактаб ўқувчилари орасида ичак гельминтози билан касалланишнинг олдини олиш бўйича оммавий тадбирлар бошланди.

Ушбу тадбирларнинг 1-тури жорий йилнинг 19–24 апрель кунлари давом этади», дейилади ССВ хабарида.

Маълумот учун, гельминтозлар инсон организмига паразит чувалчанглар (гижжалар) кириши натижасида юзага келади. Чувалчанглар ўзи яшаб турган вужуддаги озуқалар ҳисобига кун кўради.

Бугунги кунда бундай зараркунандаларнинг 250га яқин тури аниқланган бўлиб, шулардан 9 хили болаларда учрайди. Агар касаллик кузатилса:

  • боланинг қорни оғрийди, 
  • иштаҳаси бузилади, 
  • асабийлашади, 
  • жиззаки бўлиб қолади, 
  • уйқусида тишларини ғичирлатади. 

Паразит инсон организмида 5 мингдан 150 минггача тухум қўяди. Уларнинг хавфлилиги шундаки, тез ривожланади ва ичак орқали бутун танага тарқалиб, ички аъзолар ва тизимларни шикастлайди.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати тақсимотига кўра, махсус дори воситалари оммавий дегельминтизациянинг 1-турини ташкиллаштириш учун ҳудудларга етказиб берилди. 

«Болалар препаратларни боғча ва мактабларда қабул қилмоқдалар, шунингдек, уйда тарбияланаётганларга эса бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари ва Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг ҳудудий бўлинмалари томонидан ташкил қилинган гуруҳлар маҳаллабай тарзда уйма-уй юриб, махсус дори воситаларини тарқатмоқда.

Оммавий дегельминтизация тадбирлари президентимизнинг 2021 йил 3 февралдаги «2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида»ги фармони ҳамда 2020 йил 10 ноябрдаги «Аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорининг ижроси асосида ташкил қилинмоқда», дейилади хабарда.

Оммавий дегельминтизация тадбирларининг 2-тури 6 ойдан сўнг ташкил қилиниши кўзда тутилган.