Ўзбекистон | 13:40 / 10.04.2021
66096
13 дақиқада ўқилади

Тўра Боболов — Сурхондарё ҳокимлигига келиши, вилоятдаги кадрлар муаммоси, Афғонистон ва Отабек Сатторий иши ҳақида

Kun.uz вилоятлар ҳокимлари билан интервьюлар ташкил этмоқда.

Навбатдаги суҳбатдошимиз – Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов бўлди.

Тўра Боболов 51 ёшга тўлиши ва бу ёшда олган ҳаётий хулосалари ҳақида 

— Албатта, Худонинг берган кунига шукр қилиб яшашимиз керак. Ҳаёт ўнқир – чўнқирлардан иборат. У бир текис эмас. Масалан, илгариги, 2016 йилгача бўлган давр билан ҳозирги давр ўртасида фарқ катта. Ҳаёт бошқача.

Одамларнинг онги, тасаввури ўзгаряпти. Авваллари ўзгаришлар фақат шаҳар, туманларнинг марказида бўларди. Ҳозир янгиланишлар чекка-чекка қишлоқларгача етиб боряпти.

Вилоятимизда жами 721та маҳалла бўладиган бўлса, бугун шу маҳалла одамларининг барчаси ўзгаришлар ўзида биринчи бўлишини хоҳлаяпти.

Улар яхши яшаш учун интиляпти.

Мен нима демоқчиман? Замоннинг ўзи бизни тарбиялаб боряпти. Биз ҳам ҳаётий талаблар, одамларнинг истакларидан келиб чиқиб иш ташкил қиляпмиз.

Энди мен раҳбарман, деб истаган қарорни чиқараверишни замон қабул қилмайди.

Ҳали ёшман, куч-қувватим етарли, ўрганадиган нарсаларимиз эса жуда кўп. 

Тўра Боболов аввалроқ Сурхондарё вилоятидаги бир нечта туман ҳокимлигига тавсия қилингани, аммо тасдиқланмай қолиши ва бирданига вилоят ҳокимлигига келиши ҳақида

— Ҳокимлик жуда катта мактаб. Менинг аввалги ишлаган жойларимда олган битта ютуғим – вилоятдаги қайси объект қайси ҳудудда, қандай ҳолатдалиги юзасидан 90 фоиз аниқ маълумотга эгаман. Чунки кўп юрганман.

Тадбиркорлар билан кўп суҳбатлашганим учун уларнинг муаммоларини биламан.

Туманда ҳоким бўлмай туриб, вилоят ҳокими бўлдингиз, деяпсиз. Тўғри, вилоят ҳокими бўлиш учун ҳам туманларда малака ошириш керакдир, лекин мен бунгача ишлаган жойларимда ҳам ҳокимлар билан ишлаб, кўп тажриба орттирдим.

Мен ҳозир ҳам кўп масалаларда устозлар, ёшлар билан маслаҳатлашиб қарор қабул қиламан. 

Сурхондарё вилоятидаги кадрлар танқислиги ҳақида

—  Ҳозир ҳокимликлардаги кадрларнинг деярли 90 фоизи ёшлар.

Биздаги энг катта муаммо – соғлиқни сақлаш тизимидаги кадрлар етишмаслиги. Чунки бизга бу тизимда қарийб 3600 дан ортиқ шифокорлар етишмаяпти. Биз мана шу камчиликни тўғрилаш учун, яқинда Тошкентдаги тиббиёт университетида ўқиётган 200дан ортиқ талабалар билан шартнома қилиб келдик. Улар Сурхондарёга келиб, 5 йил ишлаб берадиган бўлса, биз уй-жой қилиб беришга ҳам тайёрмиз.

Тўғри, Тошкент билан вилоятнинг, вилоят билан туманнинг шароитида фарқ бор. Лекин яхши кадрларни уларга имкон қадар яхши шароит яратиб бериш орқали вилоятга жалб қилишга тайёрмиз.

Бизда шифокорлардан ташқари педагоглар ҳам дефицит. Умуман олганда кадрлар масаласи бизнинг биринчи ўриндаги сиёсатимиз бўлиб қоляпти.

Сурхондарёдаги туман ҳокимларининг қанчаси вилоятни бошқариш салоҳиятига эга?

— Албатта, буни таҳлил қилиб бораман. Президент, Вазирлар Маҳкамаси, Президент администрацияси томонидан берилган топшириқларнинг ижроси орқали буни билиш мумкин.

Мен ўзим ўтказадиган йиғилишларда бир ойлаб айрим раҳбарларни сўрамайман. Демакки, ўша туманда ишлар тизимли ташкил қилинган. Айрим ҳокимларга эса қаттиқроқ гапирамиз. Шундан кўриниб туради.

Ҳоким ўринбосарлари билан ҳам шундай. Қайси ўринбосар кўп муҳокама бўлаётган бўлса, демак у ўзининг аравасини тормаяпти.

Айтганча, мен ўринбосарларим билан кунига, ҳеч бўлмаганда, икки марта гаплашаман. Топшириқ ижросини телефон орқали бўлса ҳам сўрайман.

Сўрамай қўйсангиз ҳам улар бошқача фикрга бориб қолиши мумкин. 

Сурхондарёнинг ҳамон аграр вилоят бўлиб қолаётгани ва Тўра Боболов ҳокимликка келгач, ўз ташаббуси билан қандай лойиҳаларни амалга оширгани ҳақида 

— Сурхондарё вилояти ҳақиқатда аграр вилоят ҳисобланган. Фақат кейинги тўрт йилдагина йирик-йирик саноат корхоналари пайдо бўлди.

Менделеев даврий жадвалидаги барча элементлар, фойдали қазилмалар Сурхондарё вилоятида бор десак, хато қилмаган бўламиз.

Вилоятга ҳоким бўлганимга 2 йил бўлди. Мана шу йиллар давомида мен ҳам йирик корхоналар ташкил этишда тадбиркор ва ташаббускорларни қўллаб-қувватлаб келяпман.

Масалан, Шеробод туманида бир қанча қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишловчи «Sherobod impex» корхонасини ишга туширдик.

Бу бизга катта фойда келтиради. Масалан, Сурхондарё вилоятида ҳар йили тахминан 16 минг тонна анор етиштирилади. Аммо шу пайтга қадар унинг 1 килограмми ҳам қайта ишланмаган. Мен айтаётган корхонада анор ҳам қайта ишланади.

Денов туманида замонавий технологиялар асосида ёғ ишлаб чиқариш заводи ишга тушди.

Музработ туманида қамишдан қурилиш ва мебел маҳсулоти ишлаб чиқарувчи йирик корхона фаолият бошлади. Айнан мана шу корхонанинг ўзида қарийб 3 мингга яқин фуқароларнинг бандлиги таъминланади.

Вилоятдаги яна бир йирик лойиҳа Жарқўрғон туманида амалга оширилмоқда. Бу ерда янги очилган корхонада гипсакартон ишлаб чиқарилади.

Бундан ташқари, Олтинсойда мева-сабзавотни, Ангор туманида терини қайта ишлаш корхоналари иш бошлаш арафасида турибди.

Термиз шаҳридаги ипакни қайта ишлаш ва гилам ишлаб чиқариш корхонаси ҳам қарийб мингга яқин аёлларни иш билан таъминлайди.

Вилоятда туризм соҳаси нега етакчи тармоқлардан бирига айланолмаётгани ҳақида 

— Ҳақиқатан ҳам, туризмни ривожлантириш вилоят учун катта имконият. Сурхондарёда 564тадан зиёд тарихий обидаларимиз бор. Биз ҳозир уларнинг фақат 22тасидангина фойдаланяпмиз. Масалан, Бойсундаги шифобахш «Омонхона» суви. Бу сув жигар касалликлари билан оғриган беморлар учун жуда шифобахш ҳисобланади.

«Ўринбулоқ» суви. Ўринбулоқнинг суви одамнинг буйрагидаги тошларни йўқотишда яхши самара беради. Унинг фойдасини уч кундаёқ сезасиз.

Бизда, шунингдек, Имом Термизий, ат-Термизий, Қирққиз, Кокилдор ота, Султон Саодат каби зиёратгоҳлар ҳам бор. Бу ерларга хорижий давлат вакилларининг ҳам қизиқиши баланд.

Бизнинг камчилигимиз шу имкониятларни очиб беролмаяпмиз.

Ҳозир бу соҳани ривожлантириш учун жуда катта маблағлар ажратиляпти.

Вилоятнинг агротуризм, экотуризм, овчилик, тиббиёт туризми бўйича ҳам имкониятлари жуда катта.

Туризмни ривожлантиришда қилиниши керак бўлган биринчи иш инфраструктурани яхшилаш ҳисобланади. Авваллари бизда бу ишлар жуда орқада эди. Масалан, вилоятга қандайдир меҳмон келадиган бўлса, уларни қайси меҳмонхонага жойлаштириш ҳақида ўйланардик. Ўйланганимизки, ўша меҳмонхонада сув борми деган саволни қўярдик.

Бизда аста-секин шароити бор бўлган меҳмонхоналар ҳам қуриляпти. Масалан, шу йилнинг ўзида вилоятда 24та меҳмонхона қурилишини режалаштирганмиз.

Айрим рус нашрлари ёзаётганидек, Ўзбекистонга Афғонистон орқали ИШИДнинг хавфи ортиб бораётгани қанчалик ҳақиқат?

— Мен яқинда ҳам Афғонистонга бордим. Бизга чегарадош Балх вилояти губернатори билан яқиндан ҳамкорлик қиламиз. Хавф йўқ, десак хато қилган бўламиз. Чунки Афғонистон шундай ҳудудки, у ерда қарийб 44 йилдан бери уруш бўляпти. Уларда таҳдид кўп. Биз у томондан хавф йўқ, десак хато қилган бўламиз.

Сурхондарёдаги барча раҳбарлардан ҳам биринчи навбатда доимий огоҳлик талаб қилинади. Менинг ҳам биринчи ўриндаги кундалик масалам – чегара масаласи. Чегарада кўп юраман. Ҳар якшанба куни ҳарбийлар билан ишлаш куним бўлади. Айтишим мумкинки, Сурхондарёнинг барча чегарасини босиб чиққанман. Ҳарбийларнинг ҳам аксарияти билан мулоқотда бўлганман.

Афғонистонда ҳамиша хавф бор, лекин биз гаплашиб турамизки, бизга яқин чегара ҳудудлари тинч. Чегарадош ҳудудлар тинч.

Тўра Боболов сўз эркинлиги деганда нимани тушунади? У Сурхондарёда сўз эркинлиги бўйича ҳолат қолган вилоятларга қараганда оғирроқ, деган фикрларга қандай қарайди?

— Бу тўғри савол. Биз буни тўғри қабул қилишимиз керак. Ҳар бир фуқаро ўз фикрини эркин айта олиши керак. Мен буни ҳоким сифатида тўғри қабул қиламан.

Иккинчидан, ижтимоий тармоқларда турли танқидлар ёзилади. Улар орасида вилоят ҳокими қаерга қараяпти, деган саволлар ҳам бўлади. Журналистлар бирор ҳолатнинг ижобий ёки салбий томонларини ёритиб чиқади. Буларга мутлақо тўғри қарайман. Шу маънода танқидларни тўғри қабул қиламан. Ва ҳаракат қиламанки, ўша танқидларни жойига бориб ўрганишга.

Агар танқид ёзган журналист айтган ҳолат рост бўлса, мен ҳам муаммонинг ечимига ҳаракат қиламан. Тан олиш керак, тармоқларда ёритилаётган ҳолатлар ичида нотўғри ҳолатлар ҳам бор. Аммо уларга эътибор беравермасликка ҳаракат қиламан. Чунки биринчидан вақтим кетади, иккинчидан асабим.

Тўра Боболов ўзининг шахсий пиари устида қандай ишлайди?

— Мендаги бир хислат шуки, қилган ишимни тўла кўрсатолмайман. Билмадим, бунга бошқалар, журналист, блогерлар қандай қарайди. Шахсимни пиар қилавермайман.

Ҳоким Kun.uz сайти фаолияти, унда эълон қилинадиган хабар, таҳлилий ва танқидий мақолаларга қандай қарайди?

— Тўғриси, компьютеримни ҳам, телефонимни ҳам очганимда биринчи Kun.uz чиқиб келади. Сайтни 100 фоиз кузатиб бораман. Чиқаётган танқидлардан тортиб, рекламаларгача.

Kun.uz, Daryo.uz... уларни кузатиб, улардаги мақолаларни тўғри қабул қиламан. Агар улар ёзаётган нарсалар ҳаётда йўқ ҳолат бўлганда эди, бу бошқача бўларди.

Ҳоким Тўра Боболов Музработ туман судида судланаётган термизлик 41 яшар фаол  блогер Отабек Сатторий ишини қанчалик кузатиб боряпти?

— Блогер Отабек Сатторийни оладиган бўлсак...албатта, бу қонун, қонуний белгиланган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар... қонунда нима белгиланган бўлса, қонуний баҳони суд беради.

Лекин Отабек Сатторийнинг ҳам оиласи бор, фарзандлари бор. Биз ҳам уни эртага тавба қилдим, жавобгарликка тортилиб кетиш масаласи...

У ҳам битта фуқаро, Ўзбекистон фуқароси. У ҳам билиб, билмасдан хато қилган бўлиши мумкин. Ҳозирги ҳолатларни кузатиб турибман. Бу ҳолатлар ўйлайманки, тегишли идоралар томонидан ўрганилган.

Бу ишда ҳозир тергов жараёни тугаб, суд жараёни кетяпти. Қонуний баҳони суд беради.

Блогер Отабек Сатторий вилоят ҳокими Тўра Боболовнинг ашаддий танқидчиси эди, деган гапларга ҳоким қандай қарайди?

— У, биринчи марта Тўра Боболов эътиборига, дея видео эълон қилганда, ўша танқид қилинган жойга борганман. Ўша жойдаги фуқароларга раҳмат ҳам айтганман. Сизларга раҳмат, шунча йилдан бери яшаб юрибсизлар, деганман. У одамлар аввал шаҳарда яшаган, қурилиш туфайли чекка ҳудудга кўчирилган. Кўчирилган жойида эса газ бўлмаган, сув бўлмаган, йўли ёмон бўлган.

Кейин мен ўша оилаларга ваъда бердимки, Худо хоҳласа, 31 декабр куни хонадонларингда газ бўлади, йўлларингни ҳам асфалт йўл қиламиз, деб.

Шу мурожаатни Отабек Сатторий кўтариб чиққан. Агар Отабек Сатторий бу ишни кўтармаганда, эҳтимол, мен ўша жойларга бормаслигим ҳам мумкин эди.

Мен ҳар қандай блогерни тўғри қабул қиламан. Мурожаат бўлдими, у мурожаатнинг тагида нимадир бор. Бекорга бўлмаяпти.

Мен кейин Отабек Сатторийни чақириб айтганман. Отабек Сатторий, тўғри, мана шу ишларни қиляпсан, лекин асосли бўлсин. Шундай деганимдан кейин у ҳар куни бир мурожаат чиқарадики. Тўра Абдиевич эътиборига, деб.

Тўғри, электрдаги узилишлар, газ баллон етишмовчилиги бор. Буни ҳамма билади. Бир кунда қилиш қийиндир, лекин ҳаммаси навбати билан қилиб, етказиб бериляпти.

Ҳоким бир блогернинг суд қилиниши сўз эркинлигига таҳдид бўлиши мумкинлигини қанчалик таҳлил қилади?

— Бу масала ҳозир судда кўриляпти. Терговда ҳам ўрганилган. Мен масалан, фаолиятимда кўп блогерлар билан мулоқотда бўламан. Уларни чақираман. Менга катта-катта тадбирларда журналист ва блогерлар, ёшлар ёрдам қилган.

Сатторийни ҳам кўп кўрганман ва унга бирор марта айтмаганманки, Отабек сен нотўғри қиляпсан, деб.

Фақат юқорида айтганимдек, битта мурожаатини бориб ўрганганимдан кейин, у ҳар куни чиқараверди. Шунда мен айтганман, Отабек, бу муаммоларни ҳамма билади, лекин ислоҳот ҳам кетяпти секин-секин. Буни халқ гоҳида нотўғри тушуняпти. Газ ҳам, электр ҳам етказиб бериляпти, деганман. Бу муаммолар фақат Сурхондарёда эмас, ҳамма жойда ҳам бор.

Сўз эркинлигини биз тақиқлаб қўймаганмиз.

Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин

Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчилар: Нуриддин Нурсаидов,
Жаҳонгир Алибоев.

Мавзуга оид