Light | 17:35 / 09.06.2016
71559
2 дақиқада ўқилади

Рўзадорнинг рўзасини бузмайдиган амаллар

Қуйидаги амаллар рўзадорнинг рўзасини бузмайди: 

– Рўзадор эканини унутиб, таом ейиш ёки ичимлик ичиш. Банда рўза тутгани эсидан чиқиб, бирон нарса еса ёки ичса, эслаган заҳоти чайнашдан тўхтаб, оғзидаги луқмани чиқариб ташлаши лозим. Агар рўзадорлиги эсига тушганда ҳам чайнашда давом этса ёки луқмани ютиб юборса, унга каффорат вожиб бўлади. Рўзадорлигини унутиб жинсий алоқа қилишнинг ҳукми ҳам шундай;
 
– эркак ёки аёлнинг шаҳват қўзғайдиган жойига тикилиб қараш сабабли шаҳват суви чиқиши;
 
– рўзани бузишга ният қилиб бузмаслик;
 
– сочга ёғ суртиш;
 
– сурма қўйиш ёки кўзга ранг суртиш (суртилган нарсанинг таъми билинса ҳам зарари йўқ);
 
– қон олдириш;
 
– мисвок ишлатиш;
 
– оғиз ва бурунниг таҳорат ва ғуслда оҳиста чайиш (агар қаттиқ чайиш оқибатида ичга сув кетиб қолса, рўзанинг қазоси тутилади);
 
– ғийбат қилиш;
 
– беихтиёр тутун ютиш;
 
– тегирмонда ишлайдиган кишининг томоғидан ун чанг ҳолида ўтиши;
 
– томоқдан пашша ёки чивин кабилар ўтиши;
 
– эрталаб эҳтилом ҳолида туриш. Бу ҳолат рўзани бузмайди. Аммо, ғусл қилиб олинади;
 
– қулоқдан сув кириши;
 
– бурун сувини ичга ютиш;
 
– тишлар орасидаги нўхатдан кичик нарсани ютиш;
 
– тиш олдирирганда ичга қон ёки дори кетиб қолмаса рўза очилмайди.
 
– оғизга седана ва кунжут каби майда нарсаларни солиб, мазаси кетгунича ютмасдан чайнаганда ҳам рўза очилмайди.
 

Одилхон қори Юнусхон ўғли