Ғиждувонда жанжал юз берди: воқеага алоқадорлар ва ИИБ ходимининг хатти-ҳаракати баҳоланмоқда
Kun.uz’га Бухоро вилоятидан келган мурожаатга кўра, 29 май куни Ғиждувон туманидаги пахта тозалаш заводи олдида жанжал бўлган. Маълум қилинишича, воқеага бевосита гувоҳ бўлган профилактика инспектори муаммони бартараф этмаган. Аксинча, турли вақтларда икки фуқаронинг қўлини қайириб, улар калтакланишига шароит яратганидан норозилик билдирилган.
Сайт мухбири вазиятга аниқлик киритиш мақсадида туман ИИБ, прокуратура ҳамда можаро иштирокчилари билан ҳам суҳбатлашди.
Қайд этиш керакки, икки томон ўша куни пахта тозалаш заводи олдида тасодифан пайдо бўлиб қолмаган. Зиддият илдизи бироз чуқур.
Туман ҳокимлигининг собиқ ҳуқуқшуноси Бахтиёр Ҳалимовнинг фермер Мурод Орипов билан келишмовчилиги у ҳокимиятда ишлаб юрган вақтлардан бошланган. Вазият шу даражагача етиб борганки, ҳуқуқшунос вазифасидан озод этилгандан сўнг ҳам улар бир неча марта кўча-кўйда тортишиб қолишган. Ҳалимовнинг айтишича, 29 май куни ўзига тегишли корхона муҳрини Мурод олиб қўяди. Ўша куни тушликдан кейин уларнинг пахта тозалаш заводи олдидаги учрашуви муҳрни қайтариб олиш ва муроса қилиш мақсадида келишилганди.
Пахта тозалаш заводи олдида вазият бошқача тус ола бошлагач, Б.Ҳалимов аввалига ИИБга тегишли «102» рақамига қўнғироқ қилган. Унинг ИИБга мурожаатига асосан ҳудуд профилактика инспектори О.Неков алоқага чиққан вақтда, Бахтиёр ҳаммаси жойидалиги, чақирувни бекор қилишни сўрайди.
Аммо масала осонликча ҳал бўлмайди.
Бахтиёр Ҳалимовнинг айтишича, завод олдига Мурод Орипов отаси билан бирга келади. Ўша вақтда ИИБ ходими – «Садриддин Айний» МФЙ профилактика инспектори, лейтенант Рустам Муҳиддинов ҳам пайдо бўлади. Бахтиёр ИИБ ходимига «Кетишингиз мумкин, мен чақирувни бекор қилдим, ўзимиз келишиб оламиз», дейди. Чақирувни бекор қилганини исботлаш учун дастлаб алоқага чиққан профилактика инспектори О.Неков билан Рустам Муҳиддиновни телефон орқали суҳбатлаштиради. Аммо профилактика инспектори кетишга шошилмайди.
Буни қарангки, қисқа фурсатларда профилактика инспектори Р.Муҳиддиновнинг кўз олдида жанжал бошланади. Дастлаб Мурод Бахтиёрнинг юзига мушт туширади. Муроднинг қишлоқдошлари ҳам шу жойда пайдо бўлиб, Бахтиёрни калтаклайди. Ўз навбатида, жанжалга Бахтиёрнинг амакиваччалари Шаҳбоз Ражабов ва Мурод Саноев ҳам аралашади. Икки томон ҳам бир-бирига зарар етказади.
Масала шундаки, бизга тақдим этилган видеода профилактика инспектори Рустам Муҳиддинов Шаҳбоз Ражабовнинг қўлидан тутиб турган. Аммо ўша ерда бўлган уч йигит Шаҳбозни тепкилашига қаршилик қилмаган. Мурожаатчиларнинг фикрича, ИИБ ходими атай қишлоқдоши Мурод Орипов томонга ёрдам бериш мақсадида шу жойга келган.
Вазиятни тинчитишга келган инспекторнинг жанжалдаги иштироки юзасидан туман ИИБда у билан суҳбатлашдик.
«29 май куни соат 15:27да навбатчилик қисмидан менга телефон орқали пахта завод олдида жанжал бўлаётгани ҳақида хабар берилди. Ўша вақтда маҳалла профилактика инспектори бошқа жойдалиги ва мен ҳудудга яқинда бўлганим учун етиб бордим. У ердагилардан сўраганимда, жанжал аллақачон бўлиб ўтгани ҳақида маълум қилишди. Мендан уч-тўрт метр нарида Б.Ҳалимов ва Муроднинг отаси суҳбатлашди. Нима ҳақида гаплашганидан хабарим йўқ. Шу вақт тўсатдан Мурод Бахтиёрга мушт туширди. Бахтиёр ҳам жавоб қайтаргач, уларни ажратишга ҳаракат қилдим.
Жанжалга Муроднинг қишлоқдошлари ва Бахтиёрнинг жиянлари ҳам аралашди. Ўша вақтда мен Бахтиёрнинг жиянини (Шаҳбоз) олиб чиқмаганимда, уни уриб майиб қилишлари мумкин эди. Унинг қўлини қайирганим йўқ, жиноятчиликнинг олдини олишга ҳаракат қилдим. Бир қўлим билан уни тутиб, иккинчи қўлимда наряд чақирдим. Кейин завод лабораториясига киритиб қўйдим», дея тушунтириш берди профилактика инспектори Р.Муҳиддинов.
У ўз маҳалладошлари бўлмиш Мурод ва унинг отасини танимаслигини билдирди.
Шу ўринда Мурод Орипов нима сабабдан Бахтиёр Ҳалимов билан ўзаро адоватда бўлиб келаётганига қизиқдик.
Унинг айтишича, ўзининг маҳалласидаги ташландиқ ерда мактабгача таълим муассасаси қурмоқчи бўлган. 2019 йилнинг сентябрь ойларида туман ҳокимининг оғзаки топшириғи билан ишни бошлаб юборган. Бу каби ерлар аукцион орқали олинишини билгач, ҳокимликнинг собиқ ҳуқуқшуноси Бахтиёр Ҳалимов билан боғланган.
Унинг айтишича, ҳуқуқшунос бунинг эвазига пул талаб қилган. Бу ҳолат бўйича Б.Ҳалимовнинг айби исботланмаган бўлса-да, иккаласи зиддиятга бориб қолган.
«Отамга телефон қилиб, мени ўлдириш билан таҳдид қилганидан сўнг завод олдига бордик. Ҳолат бунақа бўлиб кетишини истамагандим. Гарчи 29 май куни тушликдан кейин завод олдидаги жанжалда биринчи бўлиб мен қўл кўтарган бўлсам-да, у ҳам жавоб қайтарди. Бахтиёрнинг жияни Шаҳбозга адоватим йўқлигини айтдим, аралашмаслигини сўрадим. Ўзлари паст кетишни истамади. Тўполонда улар қатори менинг ишчиларим ҳам жароҳатланди», — дейди М.Орипов.
Бухоро вилояти ИИБ ахборот хизмати ушбу ҳолат назоратга олингани тўғрисида маълум қилди (ИИБ ахборот хизмати маълумотида исм-фамилиялар яширилган, лекин хабарда кимлар ҳақида сўз бораётганини англаш мумкин — таҳр).
«2020 йил 29 май куни соат 15:50ларда Ғиждувон тумани «Соктаре» МФЙ Садриддин Айний қишлоғида яшовчилар, 1995 йилда туғилган фуқаро М.О., 1972 йилда туғилган фуқаро М.Ҳ., 1997 йилда туғилган Б.Ш, 1992 йилда туғилган Б.Ш. лар олдиндан жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб, жамоат жойи ҳисобланган «Позагари» МФЙ ҳудудида жойлашган «Ғиждувон пахта тозалаш» АЖ олдида жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан жанжал кўтарган. Улар Ғиждувон тумани «Буктарой» МФЙда яшовчи, 1985 йилда туғилган Б.Ҳ. билан жанжаллашиб, унга енгил тан жароҳати етказган. Мазкур безориликнинг олдини олиш учун келган «Буктарой» МФЙда яшовчилар, 1998 йилда туғилган Ш.Р. ҳамда 2000 йилда туғилган М.С.нинг турли жойларига қўллари билан қасддан бир неча марта уриб, ўртача оғир шикаст етказиб, безорилик жиноятини содир қилганликлари аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ғиждувон туман ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 277-модда 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», дейилади Бухоро вилояти ИИБ ахборот хизмати хабарида.
Шундан сўнг Ғиждувон туман прокуратураси терговчиси Собир Одилов билан телефон орқали боғландик. У профилактика инспектори Р.Муҳиддиновнинг устидан мурожаат бўлгани ва ҳозирги вақтда терговга қадар суриштирув ҳаракатлари олиб борилаётганини маълум қилди. Тергов якунлангандан сўнг, маълумот тақдим эта олишини билдирди.
Айтиш мумкинки, жабрланганлар Бахтиёр Ҳалимов, Шаҳбоз Ражабов ва Мурод Саноевнинг адвокати туман прокуратурасига илтимоснома киритган. Адвокат туман прокуроридан бир қанча ҳолатларга эътибор қаратишни сўраган.
Хусусан, пахта тозалаш заводида ўрнатилган барча камераларнинг 2020 йил 29 май кунидаги тасвирларини ўрганиб, процессуал тартибда расмийлаштириш илтимос қилинган. Шунингдек, ИИБ ходими Р.Муҳиддинов Ш.Ражабовнинг қўлини орқага қайириб, хона олдига олиб келиб, бошига ургани ҳолатларини чуқур ва синчковлик билан ўрганиш, Р.Муҳиддинов билан профилактика инспектори О.Нековнинг телефон орқали суҳбати мазмуни, Р.Муҳиддинов билан М.Орипов ва унинг отаси муносабатларини аниқлаш, Б.Ҳалимов томонидан туман ИИБ навбатчилик қисмида, туман ИИО ФМБ нинг 1-сон ИИБ ҳамда туман ИИО ФМБ нинг 2-сон ИИБда мавжуд «хабарларни рўйхатга олиш» китобларининг барчасида Б.Ҳалимов томонидан берилган хабар қайд этилганини кўздан кечириш, ИИБ ходими Р.Муҳиддинов тан жароҳати олган Шаҳбоз Ражабовга тиббий ёрдам кўрсатмагани, соғлиги хавф остида қолган ва ўзини ўзи ҳимоя қилиш имкониятидан маҳрум бўлган шахсга ёрдам бермасдан ташлаб кетганлигига ҳуқуқий баҳо бериш каби бир қатор ҳолатларни эътиборга олиш сўралган.
Ғиждувондаги ушбу ҳолат юзасидан ҳуқуқ-тартибот идоралари тергов ва суриштирув ҳаракатларини олиб бораётгани, ушбу жараёнларга таъсир қилмаслик нуқтайи назаридан қандайдир фикр айтишга ҳаракат қилмадик. Ҳеч бир томонга ён босмаган ҳолда вазиятга объектив қарашга интилдик.
Kun.uz вазиятни синчковлик билан кузатади, ҳолатга доир суриштирувларни давом эттиради. Тергов ва суриштирув ҳаракатлари якунлангач, мавзуга яна қайтади.
Исомиддин ПЎЛАТОВ, Анвар МУСТАФОҚУЛОВ,
Kun.uz мухбирлари.
Мавзуга оид
12:43 / 19.11.2024
ДХХ: Элликқалъа ва Ғиждувонда ҳоким ёрдамчиларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди
18:31 / 01.06.2024
Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятини ривожлантириш бўйича топшириқлар берди
21:25 / 18.10.2023
Бухорода автомобилнинг давлат рақами белгиларини яширган ҳайдовчи аниқланди
15:36 / 16.07.2022