Жамият | 14:56 / 27.08.2022
25414
8 дақиқада ўқилади

“Инсон астойдил ҳаракат қилса, пул йиғса бўлар экан” — гул сотиб Умрага кетган аёл

Фарғона шаҳридаги супермаркет ёнида тунда бир аёл гул сотади. Самимий ва меҳнаткаш аёлдан одамлар атай гул сотиб олишади. У ҳалол меҳнати билан ёлғиз қизини олийгоҳда ўқитди. Асосий ишидан ташқари вақтларда гул сотиб, Умрага бориш учун пул тўплади...

Дилфузахон опа Қўзиева – Фарғона ёғ-мой заводида оддий ишчи. Ёлғиз қизини 4 йил маош олмай Фарғона давлат университетида бакалавр йўналишида, 1 йил магистратурада шартнома асосида ўқитди. Ҳозирда қизи магистратуранинг 2-босқичига ўтган.

Аёл ёлғиз фарзандини ўқитиш учун кундузи заводга бориб ишлади, ҳовлисида анвойи гуллар парваришлади, далага бориб маймунжон териб келиб, кечаси соат 24:00 гача супермаркет қаршисида уларни сотди.

46 ёшли ҳамюртимиз тўрт ярим йил давомида Умра сафарига бориш учун мисқоллаб пул йиғди...

Биз опани йўқлаб у яшайдиган Фарғона тумани Аввал қишлоғида бордик. Аёлнинг кўчасига кираверишда такси тўхтаб аёл машинадан тушди. У машина багажидан 5-6 та тугунни қучиб ерга тушира бошлади. Салом-аликдан сўнг унга ўзимни таништирдим ва қишлоққа у билан суҳбатлашиш мақсадида келганимни айтдим. Опа журналист эканимни билиб, хижолатдан бир зум ўйланиб қолди...

Дилфуза опа машинадан туширилган кийимларни етим-есирларга эҳсон қилиш учун сотиб олган экан.

Қаҳрамонимиз – табиатан жуда меҳнаткаш аёл. У қизини ўқитиш учун кунлик юмушларидан ортиб, ўзгаларнинг хонадонида пешона тери билан ишлаб пул топган.

“Эрта тонгда бомдодга тураман. Ибодатни қилганимдан кейин ҳовлига чиқаман. Кечаси билан олмалар тагига тўкилган бўлади. Уларни тўғраб қоқи қиламан. Молимни далага олиб чиқаман. Товуқларга дон бераман. Озодаликни жуда яхши кўраман.

Ерга аввал картошка экдим. Ҳосилни йиғиб бўлиб орқасидан макка экиб қўйдим. Помидор экдим. Банка беркитишга ўзимиздан чиқди. Гул кўчатларни кўпайтиряпман. Саратон иссиғида ҳам бир жойдан гул кўчати олиб келиб экиб қўйсам кўкараверади.

Бу дунёда битта-ю битта қизим бор. Ўғлим йўқ. У ёшлигидан спортни танлади. Фарғона давлат университетининг жисмоний маданият факультетига ўқишга кирди. Бакалаврни тамомлаб, бироз ишлади. Магистратурага кирганида хурсандлигимдан ўзимни қўярга жой топа олмай қолдим. Контракт тўловларини қилдик. Контракт учун пулни Яратганнинг ўзи етказар экан. “Кейинги йили грант асосида ўқийман, яна топшираман” деганингиз билан бундай имконият қайтиб келмаслиги мумкин.

Контракт тўловини тўлаш учун 4 йил ойлик олмадим. Пул топиш учун бойларнинг уйида ҳам ишладим. Мен ишлаган хонадон соҳибалари ҳалигача ҳурмат қилишади. Ҳозир ҳам ишга чақириб туришади.

Шундай қилиб заводда, бозорда, хонадонларда ишлаб ёлғиз қизимни ўқитдим. Бу орада қизимни машина минишга ўргатдим. Эскироқ бўлса ҳам Мatiz сотиб олдик”, – дейди у.

Дилфуза опа заводда бир кун ишлаб, икки кун дам олар экан. Гул сотиб кўпроқ пул топган куни уйига таксида келади. Қолган кунларда эса йўловчи машинага минади.

“1997 йилдан бери ёғ-мой ишлаб чиқарувчи заводда ишлайман. Отамнинг дарахт бир жойда кўкаради, бир жойда ишлаш керак деган гапига амал қилдим. Ойлик-маошимиз иш кунимизга қараб. Бир ой тинимсиз ишласак 1 миллион 700 минг, агар иш кам бўлса 800 минг – 1 миллион сўм ойлик оламиз. Чигит бўлмай, завод гоҳида тўхтаб қолади. Аллоҳга шукр, ишлаяпмиз. Ҳафтада 1 кун ишлаб, 2 кун дам оламиз.

Гулларни соат 16:00 ларда узишни бошлайман. Кейин қишлоқ кўчалари оралаб “по пути” машинада катта кўчагача чиқиб оламан. Супермаркетлар кеч соат 24:00 гача ишлайди. Салқинда шу дўкон ёнида гулимни сотиб тугатаман. Сотиб олган одам гули эски экан, деб оғринмаслиги керак.

Малинанинг ёввойиси маймунжон инсон организмига жуда фойдали. Қон босимини бир хилда ушлайди. Қишда ташқаридан совқотиб келсангизда қайнаган сувга аралаштириб ичсангиз жуда фойдали. Далаларга бориб маймунжон териб келаман. Унинг харидори жуда кўп. Челакни белимга боғлаб олиб тераман. Териш озгина қийин. Далада ҳеч ким бўлмайди, тинчгина териб юраман.

Korzinka супермаркети ёнида жойим бор. У ерда кеч соат 24:00гача маймунжон ва гулларни сотиб бўлиб қишлоққа қайтаман. Супермаркетдан уйимгача ярим соатлик йўл. Пулим кўпроқ бўлса, такси чақираман. Мундайроқ пулга ишлаган куним йўловчи машинада келаман”, – дейди гул сотувчи аёл.

Дилфуза опа азалий орзуси – Умра сафарига бориш ва қизини олийгоҳда ўқитиш учун астойдил ҳаракат қилди. Йиллар давомида далада маймунжон териб келиб супермаркет ёнида гул, олма, узум билан бирга сотди. Меҳнат ортидан у белидан жарроҳлик амалиётини ўтади, ревматизм касалини орттирди...

“Умрага кетиш учун йиллар давомида пул йиғдим. Қувасойлик ҳамкасбимизнинг ота-онаси Хаждан мушк-анбар олиб келган экан. Атирдан менга ҳам беришди. Уни қўлимга суртган кунимдан бошлаб Ҳажга бориш иштиёқи менга тинчлик бермади. Аллоҳимдан Ҳажга бориш учун йўлимни очишини сўраб йиғлаб дуолар қилдим.

Инсон астойдил бўлса, пул йиғса бўлар экан. Уст-бошни кам кийдим. Ҳажга бориш йўлида гул, олма, узум сотдим. 4 ярим йил пул жамғардим. 5-6 ой олган маошимни пластик картада тўплаб, йиғилиб қолса, доллар қилиб қўйдим.

Далаларда тинимсиз маймунжон терганим белимга дард берди. Белимдан жарроҳлик амалиётини ўтадим. Ундан кейин ревматизм касаллигига чалиндим. Даволаниб тураман.

Ҳаётдаги энг катта орзу-ниятим фарзандим бу дунёда бахтли бўлиши. Кўп фарзандли бўлиши”, – дейди у.

Меҳнаткаш аёл товуқ тухумларни сотиб, пулига рўзғорга гўшт олиб келади. У баҳорда гул сотиб орттирган маблағига ғунажин сотиб олиб, уни парвариш қилмоқда.

“Кўпроқ ғунажинларни яхши кўраман. Чунки улар тезда сигир бўлиб сут беради. Уларга ўт, пўчоқ бериб боқаман. Ем сотиб олишга қурбим етмайди. Қиш фаслидан бошлаб уйимдан чиққан гулга бозордан олиб келиб қўшиб гул сотиб юриб бузоқча сотиб олиш учун пул йиға бошладим. Ниҳоят 3 миллион сўмга яқин пул жамғардим. Яхши ниятда сигир қилиш учун бозордан кичик бир ғунажин сотиб олдим. Ундан аввал новвосимиз бор эди. Сотиб, қизимнинг контрактига тўлаган эдим.

1 миллион сўмга яна бир кичик бузоқча сотиб олиб, 19 ой боқдим. Уни эркалатиб Чарос деб чақирардим. Жонивор ўз исмини биларди. Чақирсам мен томонга қарарди. Болалай деганида қўшнимга сотиб, пулига қизимнинг тўйига кам-кўст қилдим. Хўжайинимни ҳам ишлаш учун хорижга чиқармадим. Шу томорқамиз бизни боқди.

300 минг сўмга 10 та товуқ сотиб олдим. Улар ҳозир тухумга кирган. Рўзғорга ишлатамиз, қолганини сотиб келаман. Пулига гўшт сотиб оламан. Товуқ гўштини яхши кўраман. Тез-тез сўйиб овқатга қўшамиз. Тухумларни қариндош-уруғларга тарқатаман.

Ўтган 3-4 йил давомида далада маймунжон кўп тердим. Бу эса соғлигимга ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Оёғимдан зах ўтди. Март, апрел, май ойларида айниқса тиним билмайман. Томорқага эккан гулларимга қанча тез плёнка ўрасам, шунча тез етилади.

Гул бозорга бориб гулчилардан маслаҳат сўрайман. Билмаганларимни ўрганаман. Аввалига уйда етиштирилган гулларни бозордаги гул сотувчиларга арзон гаровга сотиб келдим. Энди эса Кorzinka олдида гулларни ўзим сотяпман”, – дейди у.

Мақола тайёрлаш жараёнида Дилфуза опа Қўзиеванинг қизи билан телефон орқали боғланганимизда онаси 15 август куни Умра сафарига учиб кетганини айтди. Зиёратларингиз қабул бўлсин!

Сарвар Зияев, Kun.uz мухбири

Монтаж устаси: Абдусалим Абдувоҳидов.

Мавзуга оид