Жаҳон | 15:11 / 05.05.2025
6021
9 дақиқада ўқилади

Ғазога қолдирилган «Papamobile», ядро қуролини эслаган Путин ва Покистонга сувни тўсиб қўйган Ҳиндистон — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Исроил қамоқхоналарида минглаб фаластинлик маҳкумлар ўляпти

Исроил қамоқхоналаридаги минглаб фаластинликлар зўравонлик, қийноқлар ва тиббий эътиборсизлик туфайли аста-секин ўлмоқда. Бу ҳақда Фаластин маҳкумлари уюшмаси раиси Абдулла ал-Зегарий маълум қилди.

Ал-Зегарий Бельгия пойтахти Брюсселда “Фаластинлик маҳбусларни қўллаб-қувватловчи Европа альянси” конференциясида нутқ сўзлади.

«Қамоқхоналардаги минглаб фаластинликлар маҳбуслар уларни жисмонан ва руҳий жиҳатдан чарчатадиган бундай жиноят ва сиёсат туфайли секин-аста нобуд бўлмоқда», — дейди у.

Уюшма раҳбарининг айтишича, Исроил қамоқхоналари фаластинлик маҳбуслар учун қийноқ марказларига айланган.

Буни озодликка чиққан маҳбусларнинг ҳикоялари ҳам тасдиқлайди. Бу ҳақда маҳбусларнинг олдига борган адвокатлар хабар берган.

Унинг таъкидлашича, Исроил қамоқхоналарида сақланаётган фаластинлик маҳбуслар, жумладан, очлик ва жинсий зўравонликка дучор бўляпти.

Путин Украинада ядро қуролидан фойдаланиш «керак бўлмаслигига» умид билдирди

Россия президенти Владимир Путин кенг кўламли уруш бошланганидан бери Россияда ядро қуролидан фойдаланишга «эҳтиёж бўлмаганини» айтди ва келажакда бунга эҳтиёж қолмаслигига умид билдирди.

Путин бу ҳақда «Россия. Кремль. Путин. 25 йил» фильмига берган интервьюсида айтиб ўтган.

“Улар бизни ғазаблантирмоқчи бўлди, бизни хато қилишга ундамоқчи бўлди. Сиз айтиб ўтган [ядровий] қуроллардан фойдаланишнинг ҳожати йўқ эди — ва умид қиламанки, керак бўлмайди. 2022 йилда бошланган ишни Россияга керакли натижа билан мантиқий якунига етказиш учун бизда етарлича куч ва ресурслар бор”, деди у.

Россия қўшинларининг Украинага кенг кўламли бостириб кириши бошланганидан бери Москва маълум шароитларда ядро қуролидан фойдаланиши мумкинлигини бир неча бор тан олганди. Хусусан, Россия ядровий доктринасини қайта кўриб чиқди ва Беларус ҳудудида жанговар каллакларни жойлаштирди. Ғарб ва Украина Россияни «ядровий шантажда» айблади.

2024 йилда Американинг йирик оммавий ахборот воситалари урушнинг биринчи йилида АҚШ расмийлари Россиянинг Украинага ядровий зарба бериш хавфини жиддий кўриб чиққани ва жавоб режасини ишлаб чиққани ҳақида ёзган.

Ҳиндистон Покистонга сувни тўсиб қўйди

Ҳиндистон Ченаб дарёсидаги Баглиҳор тўғони орқали Покистонга сув етказиб беришни тўхтатди. Шунингдек, Желум дарёсидаги Кишанганга тўғонида ҳам шундай чоралар кўришни режалаштирмоқда, деб хабар берди Press Trust of India агентлиги манбаларга таяниб.

Аввалроқ Покистон томони Ҳинд дарёсидан сув таъминотини тўхтатишга қаратилган ҳар қандай уриниш «уруш ҳаракати» сифатида баҳоланишини билдирганди.

22 апрель куни Паҳалгам шаҳрида қуролли гуруҳ томонидан уюштирилган ҳужумда 26 киши ҳалок бўлган эди. Ҳалок бўлганларнинг аксарияти сайёҳлар. Ҳиндистон Исломободни воқеага алоқадорликда айблади, бироқ Покистон бу айбловларни рад этиб, мустақил тергов ўтказишга чақирди.

Паҳалгамдаги фожиадан кейин Ню-Деҳли Покистон билан деярли барча дипломатик муносабатларни узиб, қуруқлик ва ҳаво чегараларини ёпди ва Ҳинд дарёсидан сув тақсимотини тартибга солувчи 1960 йилги Ҳинд сувлари шартномасини тўхтатди. Шартнома шартларига кўра, Исломобод Ҳинд дарёси ва унинг ирмоқлари устидан назоратни қўлга киритган, бу дарёларнинг юқори оқимини назорат қилган Ҳиндистон эса ўз сувларидан далаларини суғориш ва унга туташ ҳудудлар эҳтиёжлари учун фойдаланиш ҳуқуқини сақлаб қолган.

Туркия мухолифати етакчиси Истанбулда ҳужумга учради

Туркиянинг Республика халқ партияси раиси Ўзгур Ўзел Истанбулда депутат Сирри Сурейянинг дафн маросимида ҳужумга учради.

Воқеа Таксим майдонидаги Отатурк маданият марказида бўлиб ўтган маросимдан кейин юз берган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган кадрлардан кўриш мумкинки, номаълум шахс Туркия мухолифати етакчисига шапалоқ туширган ва сиёсатчининг қўриқлаш хизмати ходимлари томонидан дарҳол қўлга олинган.

Haberturk маълумотларига кўра, ҳужум қилган шахс «Биз — Усмонлилар авлодимиз!» дея хитоб қилган. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Ўзелга қўнғироқ қилиб, содир бўлган воқеани қоралаган ва унинг барча тафсилотлари аниқланишига ишонтирган.

Ҳозирда ҳибсда сақланаётган Истанбул собиқ мэри Акром Имомўғли ҳам вазиятга муносабатини билдирди. «Раисимиз жаноб Ўзгур Ўзелга қилинган нопок ҳужумни қоралайман. Ҳужум қилган шахс ва унга алоқадор барча зудлик билан фош этилишини талаб қиламан», — дейди у.

Уоррен Баффетт Berkshire Hathaway бош директорлигидан кетади

Америкалик миллиардер Уоррен Баффетт Berkshire Hathaway компанияси бош директорлиги лавозимидан кетади. Бу ҳақда у акциядорларнинг йиллик йиғилишида маълум қилди.

94 ёшли Баффетт компаниянинг янги бош директори лавозимига ўз ўринбосари Грег Абелни тайинлашни тавсия қилди.

Баффетт Berkshire Hathaway’дан бутунлай кетиш ва унинг акцияларини сотишни режалаштирмаётганини маълум қилди.

Уоррен Баффетт — дунёнинг энг бадавлат инсонларидан бири бўлиб, Forbesʼнинг охирги йиллик рейтингида унинг бойлиги 159 миллиард долларга баҳоланган. У ўзининг деярли барча капиталини муваффақиятли инвестициялар ортидан тўплаган.

Ҳусийчилар ракетаси Исроилга қулади

Ямандаги ҳусийчилар Исроилга қарата учирган баллистик ракета Тел-Авивдаги Бен-Гурион аэропорти яқинида портлади.

Интернетда эълон қилинган кадрларда ҳайдовчилар йўлда машиналарни тўхтатиб, яширинишга уринаётганини кўриш мумкин. Ижтимоий тармоқларда йўловчилар терминалидан олинган тасвирларда тутун устуни кўтарилгани акс этган.

Кўринишидан, ракета аэропорт атрофидаги панжара яқинига тушган. Исроил оммавий ахборот воситалари хабар беришича, портлаш оқибатида тўрт киши яраланган, яна икки киши бомбапанагоҳга кетаётганда жароҳатланган. Бен-Гурион аэропортида парвозлар бир муддат тўхтатилди.

Исроил телевидениесида портлаш оқибатида ҳосил бўлган чуқурлик атрофида мамлакат полиция марказий округи бошлиғи Яир Хетсрони қутқарув хизматлари ва аэропорт ходимлари билан бирга тургани акс этган кадрларни намойиш этди.

«Шундоққина орқамда воқеа жойи кўриниб турибди – диаметри бир неча ўн метр ва чуқурлиги бир неча ўн метр бўлган воронка, – деди у. – Шуни айтиш керакки, аҳоли кўрсатмаларга қулоқ тутди ва шунинг учун бугун бизда стресс ҳолатларини ҳисобга олмаганда, ушбу ҳодиса натижасида жабрланганлар йўқ. Вазият барқарорлаштирилган ва жиддий зарар йўқ».

Шунга қарамай, Европадаги айрим авиакомпаниялар Тел-Авивга парвозларни тўхтатди. Исроил Мудофаа вазири Исраэл Кац ҳужумга жавобан «Ким бизга зарар етказса, бунга жавобан етти карра кучлироқ зарба қабул қилиб олади», деди.

Рим папаси Франциск ўзининг машҳур «papamobile» автомашинасини Ғазодаги болаларга васият қилиб қолдирди

Марҳум автомашинасини Ғазодаги болалар учун мобил соғлиқни сақлаш марказига айлантиришни васият қилгани маълум бўлди. Рим папаси ушбу автомобилни тиббий клиникага айлантириш вазифасини Қуддусда жойлашган, католикларга тегишли ҳуманитар ташкилот — Caritas Jerusalem'га топширган.

«Папа Франциск фаолияти давомида, айниқса сўнгги йилларда Ғазо халқи билан мустаҳкам бирдамликда бўлган. Бу ташаббус Ғазода давом этаётган оғир гуманитар инқироз, миллионлаб болаларнинг уй-жойсиз қолиши, тиббий хизматлар танқислиги ва ўқув муассасаларининг ишдан чиқиши фонида айниқса долзарб бўлиб турибди. Болалар рақам эмас. Улар юзлар, исмлар ва ҳикоялар. Ҳар бири муқаддас», дейилади Ватикан баёнотида.

Papamobile мобил клиника сифатида тиббий кўрик, ташхис ва даволаш учун зарур бўлган асбоб-ускуналар билан жиҳозланмоқда.

Ҳуманитар ташкилот етакчиси Антон Асфарнинг сўзларига кўра, бу автомобиль — нафақат ёрдам учун транспорт воситаси, балки – «дунё Ғазодаги болаларни унутгани йўқ» деган кучли чақириқ ҳамдир: қолган дунё ҳам уларни эслаб юрсин.

Фаррух Абсаттаров
Муаллиф Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид