13:30 / 25.06.2024
5602

Рафаҳда йўқ қилинган ҲАМАС бригадаси, Россияга қарши санкциялар ва Тожикистонда маросимлар учун жарималар — кун дайжести

 Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништиришда давом этамиз.

Ғазодаги вазият

Исроил Рафаҳдаги ҲАМАС бўлинмаси деярли йўқ қилинганини эълон этди. Исроил томони иддаосига кўра, ҳарбийлар кўплаб инфратузилма объектларини йўқ қилган ва ҳамасчиларни ўлдирган.

«Рафаҳдаги жангларда катта муваффақиятларга эришдик. Биз Рафаҳда жойлашган ҲАМАС бригадасини бутунлай йўқ қилдик, деб айта оладиган пайтга яқинлашмоқдамиз», деган Исроил армияси бош штаби бошлиғи Ҳерци Ҳалеви.

24 июн куни Кнессетда сўзлаган Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу яна бир бор «Исроил гаровга олинганларнинг барчасини қайтармагунча урушни тугатмайди», деган.

«ҲАМАС гуруҳини йўқ қилмагунимизча ва жанубдаги одамларни уйларига қайтармагунимизча урушни тўхтатмаймиз», деди у.

Аммо аввалроқ Нетаняҳу ҲАМАС томонидан гаровга олинган бир қатор одамларни қайтариш эвазига Ғазодаги жанговар ҳаракатларни вақтинча тўхтатишга тайёрлигини билдирган эди.

Урушнинг 262-кунига келиб, Ғазода ҳалок бўлган фаластинликлар сони 37 минг 626 кишига етди. 86 минг 98 киши ярадор бўлган.

Сўнгги бир сутка ичида исроиллик ҳарбийлар 3 та оммавий қирғин ўтказиб, 28 кишининг ҳалок бўлишига ва 66 кишининг яраланишига сабабчи бўлди.

Россияга қарши санкциялар

Евроиттифоқ кенгаши Россияга қарши 14-санкциялар пакетини маъқуллади. Бошқа санкциялар билан бир қаторда, 116 жисмоний ва юридик шахслар учун чекловлар жорий этилди. Янги пакетнинг асосий бандларидан бири Россияда ишлаб чиқарилган суюлтирилган табиий газга оид: унинг Европа портлари орқали транзитига чекловлар киритилди.

Бироқ, Россия Федерациясидан Европа Иттифоқи давлатларининг ўзига СТГ етказиб беришни тақиқлаш жорий этилмаган.

Шунингдек, нефт ва нефт маҳсулотлари нархлари чегарасини четлаб ўтиш учун фойдаланилган Россия флотининг 27 танкерига, хусусан, қурол-яроғ ёки Украинага тегишли ғаллани ташишда фойдаланилган кемаларга нисбатан ҳам санкциялар эълон қилинди.

«Ушбу чора-тадбирлар Россия иқтисодиётининг энергетика, молия ва савдо каби қимматли тармоқларини нишонга олишга мўлжалланган ва Европа Иттифоқи санкцияларини четлаб ўтишни янада қийинлаштиради», — дейилади пресс-релизда.

Европа Иттифоқи 55 жисмоний ва 61 юридик шахсга нисбатан ҳам санкциялар киритди. Юридик шахслар ёки компаниялар Россия ҳарбий-саноат мажмуасини тўғридан тўғри қўллаб-қувватлагани учун рўйхатга киритилган: гап учинчи мамлакатлар — Хитой, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон ва БАА компаниялари ҳақида ҳам кетяпти.

«Россия SWIFT’и» деб аталувчи, Марказий банк томонидан яратилган ва Россия билан баъзи операциялар амалга ошириладиган молиявий хабарларни узатиш тизими ҳам санкциялар остида қолди.

Бу орада, Хитойнинг энг йирик банки — Bank of China санкциялар остидаги Россия банклари билан операцияларни чеклаганини эълон қилди. Bank of China’нинг Россиядаги шуъбаси АҚШ санкциялари остидаги РФ банкларига юандаги тўловлар бўйича хизмат кўрсатишдан бош тортди.

Шунингдек, Европа Иттифоқи 25 июндан бошлаб Россиянинг бир қанча сайтларини блоклашини эълон қилди. «РИА Новости», «Известия», «Российская газета» ва «Voice of Europe» сайтларига кириш ёпилади.

Чекловлар «Россиянинг Украинадаги вазиятни беқарорлаштирувчи ҳаракатлари» муносабати билан қабул қилинган.

Европа Иттифоқи баёнотида қайд этилишича, Россия давлати назоратидаги оммавий ахборот воситалари пропаганда билан шуғулланади ва «Россиянинг Украинага қарши босқинчилик урушини қўзғатиш ва қўллаб-қувватлаш, қўшни мамлакатлардаги вазиятни беқарорлаштиришда муҳим рол ўйнайди».

Даҳшатли ёнғинлар

Москва области Фрязино шаҳридаги «Платан» илмий-тадқиқот институти ҳудудида рўй берган ёнғин саккиз кишини ҳаётдан олиб кетди.

Бинонинг тўрт қавати ёниб кетган. Ичкарида қолиб кетганлар бир неча соат давомида деразада ёрдам кутишган, аммо ўт ўчирувчилар уларга етиб бора олмаган. Ёнғинни ўчириш чоғида икки қутқарувчи ҳам жароҳатланган.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабарига кўра, бинода жами тўққиз киши бўлган, шундан фақат бир киши қутқарилган. У шифохонага ётқизилиб, сунъий нафас олдириш аппаратига уланган. Шунингдек, икки ўт ўчирувчи ис газидан заҳарланиш белгилари билан шифокорларга мурожаат қилган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган кадрларда ичкарида қолиб кетган одамлар бино деразаларини синдираётгани акс этган. Кейинроқ икки киши 6 ва 7-қаватдан ўзини пастга ташлаб ҳалок бўлгани акс этган видеолар тарқалди, қолганлар ис газидан бўғилиб жон берган ёки оловда ёниб кетган.

«Интерфакс» агентлиги фавқулодда хизматларга асосланиб содир бўлган воқеа сабаблари бўйича турли версиялар кўриб чиқилаётганини маълум қилган. «Биринчи навбатда — электр симларидаги қисқа туташув ва жиҳозлар носозлиги», дейилади хабарда.

24 июн куни йирик ёнғин Жанубий Кореяда ҳам рўй берди. Бу мамлакатдаги литий батареялари ишлаб чиқариладиган заводда чиққан ёнғин камида 22 кишини ҳаётдан олиб кетди.

Ёнғин Сеулдан тахминан 45 км жанубда жойлашган Квасонг шаҳридаги Aricell заводида батареялар портлашидан бошланган.

Маҳаллий телевидение эълон қилган кадрларда тутун булути ва кичик портлашларни кўриш мумкин, портлашлар ўт ўчирувчилар етиб келиб, ишлаётганида ҳам давом этган. Бино томининг бир қисми қулаб тушган.

Ўт ўчириш хизмати вакили қурбонларнинг 18 нафари Хитой фуқаролари эканини маълум қилган, яна бир лаослик ва икки нафар жанубий кореялик ишчи ҳам ҳалок бўлган. Ҳозирча барча жасадларнинг ҳам шахсига аниқлик киритилмаган. Шунингдек, камида яна бир киши бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда.

Тожикистонда маросимлар учун жарималар

Тожикистонда маросимлар ва удумларни бузганлик учун катта жарималар жорий этилди.

Яқинда Тожикистонда «маросимлар, тантаналар ва удумларни тартибга солиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинган. Унинг тўлиқ матни ҳукумат муассислигидаги «Жумҳурият» газетасида эълон қилинди ва шу билан қонун расман кучга кирди.

Қонунга кўра, туғилган кун, тўй ва маъракаларни ўтказиш билан боғлиқ қоидабузарликлар учун тўйхоналарга 108 минг сомонийгача жарима солиш назарда тутилган. Бу қарийб 10 минг АҚШ доллари бўлади.

Жумладан, туғилган кун ва жаноза маросимлари билан боғлиқ тадбирларда белгиланган қоидаларни бузганлик учун 807 доллардан, мансабдор шахслар эса 2354 долларгача жарима тўлайди.

Тўй маросимлари учун жорий қилинган тартиблар — белгиланганидан кўп меҳмон айтиш, тўйни ўтказиш вақти ва жойи бўйича қоидаларни бузиш билан боғлиқ қоидабузарликлар учун фуқаролар 1479 доллардан бошлаб, мансабдор шахслар 3700 долларгача жарима тўлайди.

Тўйхона эгалари ва артистлар учун ҳам алоҳида жарима белгиланган: улар 2017 доллардан 10 минг долларгача жарима тўлашади.

Шунингдек, ноқонуний ҳаж ва умра зиёратига борганлар ҳам жаримага тортилади. Оддий фуқаролар 2000 доллардан бошлаб, мансабдор шахслар эса 5380 долларгача жарима тўлашади.

Бироқ, қонун йўли билан тақиқланган бошқа ҳуқуқбузарликлар, масалан «миллий маданиятга ёт либослар кийганлик» ва ҳайит кунлари хонадонларни айланиб совға йиғиш — «ийдгардак» учун жарималар миқдори кўрсатилмаган.

Шунингдек, қонуннинг якуний кўринишида айнан қайси кийимлар «миллий маданиятга ёт либослар» эканлигига аниқлик киритилмаган.

Йилнинг энг яхши авиакомпаниялари

Британиянинг Skytrax консалтинг компанияси энг яхши авиакомпанияларнинг янги рейтингини тақдим этди. Нуфузли рейтингда Қатарнинг 1993 йилда ташкил этилган Qatar Airways авиакомпанияси рейтингда ғолиб бўлди.

Иккинчи ўринни Сингапурнинг Singapore Airlines, 3-ўринни БААнинг Emirates авиакомпанияси эгаллади.

Баҳолаш 100 та давлатдан 21 миллиондан ортиқ мижоз ўртасида ўтказилган сўровга асосланган.

Айни пайтда Qatar Airways авиапарки 230 та самолётдан иборат. Унда, жумладан, улкан Airbus А380, энг янги Airbus А350 ва Boeing 787 самолётлари ҳам бор.

Шуниси эътиборлики, дастлабки олти ўринни Осиё давлатлари авиакомпаниялари банд этишган. Еттинчи ўринда Туркиянинг Turkish Airlines авиакомпанияси эгаллаган. У тўққизинчи марта Европанинг энг яхши авиакомпанияси номига сазовор бўлмоқда. Умуман, рейтингдаги энг топ 20 та авиакомпаниялардан 13 таси Осиё давлатларига тегишли.

Марказий Осиё ва МДҲ давлатлари ичида эса Azerbaijan Airlines 13-марта энг яхши авиакомпания, деб топилган.

Top