Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништиришда давом этамиз.

Ғазодаги вазият

Исроилнинг Ғазодаги икки уйга авиазарбаси натижасида камида 8 киши ҳалок бўлди.

Фаластиннинг WAFA ахборот агентлигининг хабарига кўра, Исроил ҳарбий ҳаво кучлари Ғазо шаҳридаги иккита турар жойга авиазарба берган. Камида 8 нафар фаластинлик ҳалок бўлган, улардан ташқари, кўплаб инсонлар жароҳатланган.

Хабарга кўра, Ад-Дараж мавзесидаги Абу Қумайллар оиласига тегишли уй ва Ас-Сабра мавзесидаги Қувайдарлар оиласига тегишли уйларга бомбалар ташланган.

Ҳалок бўлганлар ва ярадорларнинг аксариятини аёллар ва ёш болалар ташкил этади.

Бундан ташқи Исроилга тегишли пилотсиз парвоз қурилмасининг Ас-Сабра мавзесидаги транспорт воситасига келиб урилиши ҳам кўплаб қурбонлар ва ярадорларга сабаб бўлган.

Фаластинга зуғум тингани йўқ. Исроилнинг молия вазири Бецалел Смотрич Ўрдун дарёсининг ғарбий соҳилида амалга ошириладиган янги оккупацион режани эълон қилди.

Унинг айтишича, Фаластинни тан олган давлатлар катта хатога йўл қўйишган.

«Биз Ғарбий соҳилда Исроил учун 5 та янги манзилгоҳ қурамиз. Уларнинг ҳар бирини Фаластинни давлат деб тан олган мамлакатлар шарафига номлаймиз», — деган Смотрич.

Эрондаги сайловлар

Иброҳим Раисийнинг фожиали ҳалокатидан сўнг Эронда муддатидан аввал ўтказилаётган президентлик сайлови ғолиб иккинчи турда аниқланадиган бўлди. Биринчи турда номзодларнинг ҳеч бири 50 фоиздан кўпроқ овоз жамғара олмаган.

Биринчи турда Ислоҳотчилар қанотидан ягона номзод, этник озарбойжон Масъуд Пезешкиён 42,5, консерваторлар қанотидан номзод Саид Жалилий эса 38,5 фоиз овоз жамғарган.

Сайловда иштирок этган яна икки номзод — Муҳаммад Бақир Ғолибоф ва Мустафо Пурмуҳаммадийга сайловчиларнинг камроқ қисми овоз беришган.

Эрон Ички ишлар вазирлигининг сайлов штаби мамлакатнинг 9-президентини аниқловчи 14-сайлов мамлакат ичида 59 мингдан зиёд, яна хориждаги 95 та давлатлардаги сайлов участкаларида ўтган 14-президентлик сайловлари ғолиби энди иккинчи турда аниқланишини эълон қилди.