Жамият | 14:30 / 03.11.2019
16911
28 дақиқада ўқилади

«Манбашунослигимиз достонларга таяниб тарих битадиган даражада қашшоқ эмас» — Ахсикент тарихи мунозараси

«Тарихида ҳали ёзиб тугатилмаган саҳифалари мавжуд бўлган халқ бахтлидир», деган эди шотландиялик тарихчи ва файласуф Томас Карлейль. Халқимиз ўзининг бой ва фахрланса арзигулик тарихига эга. Ўтмишимизни холисона ўрганиш учун илмий манбаларимиз эса, янада етарли.

Ватан тарихчилари олдида турган галдаги вазифалардан бири бирламчи мўътабар манбаларимиз асосида юртимизнинг ҳаққоний тарихини ёритишдир. Ўзбекистон Республикаси президентининг 2017 йил 24 майда қабул қилинган «Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2995-сонли қарори бу соҳадаги ишларни жонлантириш учун муҳим омил бўлди.

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев бугунги кундаги асосий вазифалардан бири сифатида «Тарихимиз, маданиятимиз, динимизга алоқадор бир варақ қўлёзма бўлса ҳам, уларни тўплаб, халқимизни, ёшларимизни таништириш, бизнинг қандай буюк ва бетакрор меросимиз борлигини англатиш, фарзандларимизни шу улуғ меросга муносиб этиб тарбиялаш» эканлигини кўрсатиб ўтди (Мирзиёев Ш. «Миллий тараққиёт йўлимизни қатъият билан давом эттириб, янги босқичга кўтарамиз». Тошкент: «Ўзбекистон», 2017. 471-бет.).

Ўзбекистон инсоният цивилизацияси бешикларидан ҳисобланади. Бунга Ватанимиз ҳудудидан топиб ўрганилган қадимий шаҳарларимиз яққол гувоҳлик қилиб турибди.

Фарғона водийси хусусан, Наманган вилоятида ўзининг юксак тарихий қийматига эга бўлган кўплаб ёдгорликлар мавжуд. Буларнинг ичида Ахсикент алоҳида ўрин тутади. Қадимшунос олимлар томонидан «Фарғона Афросиёби», дея таъриф берилган Ахсикент Фарғона водийсидаги энг йирик археологик ёдгорлик ҳисобланади.

Шавкат Мирзиёев 2016 йилнинг 2 ноябрида Наманган вилояти сайловчилар вакиллари билан билан учрашувдаги нутқида вилоятдаги археологик ва меъморий ёдгорликлар ҳақида ўзларининг қуйидаги фикрларни билдириб ўтган эди: «...Бу диёрдаги машҳур Ахсикент, Мунчоқтепа, Айритом, Муғтепа каби меъморий ёдгорликлар ўтмишда ушбу ҳудудда ўзига хос цивилизация ва бой маданият ривожланганидан далолат беради».

Манзилгоҳни қазиб ўрганган қадимшунос олимлар манбаларга таянган ҳолда шаҳарнинг пайдо бўлишини тахминан милоддан аввалги III асрларга тўғри келиши маълумотини беришган.

Ахсикент - ёзма манбаларининг гувоҳлик беришича, Фарғона водийсидаги энг қадимги пойтахт ва шаҳар ҳисобланади. Шаҳар ўрта асрларда ўзбек давлатчилиги тарихида муҳим ўрин тутиб, жуда кўп салтанатлар учун пойтахт вазифасини ўтаган. 1621 йилги кучли зилзила оқибатида эса вайрон бўлган ва қайта тикланмаган.

Айни пайтда Ахсикент юртимиздан етишиб чиққан кўплаб алломаларнинг киндик қони тўкилган замин ҳамдир. Хусусан, Абул Қосим Маҳмуд ибн Муҳаммад ас-Сўфий Ахсикатий, «Зул Фазоил» («Фазилатлар соҳиби») лақаби билан шуҳрат қозонган Абу Рашод Ахсикатий, «Зул Маноқиб» («Мақтовга сазовор хислатлар эгаси») лақабини олган Абул Вафо Муҳаммад ибн ал-Қосим ал-Ахсикатий, «Малики шуаро» («Шоирлар подшоси») ва «Амири шуаро» («Шоирлар амири») даражасига эришган Абдул Фазл Муҳаммад Тоҳир Асириддин Ахсикатий, Тожуддин Абу Бакр бин Аҳмад ал-Ахсикатий ал-Хўжандий, Сайфиддин Ахсикатий, Мавлоно Поянда Охун Ахсикатий, Муҳаммад Юсуф ибн Имомуддин Ахсикатий, Иброҳим ибн Юсуф бин Имомуддин Ахсикатий диний ва дунёвий илмлар соҳасида шуҳрат қозонганлар.

2017 йил 16 октябрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида «Ахсикент» археология мероси объектини муҳофаза қилиш ва тадқиқ этиш ёдгорлик мажмуасини ташкил этиш тўғрисида» 831-сонли Қарори қабул қилинди. Ушбу қарор асосида мажмуани сақлаш, унинг иш фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида вилоят ҳокимлиги муассислигида давлат унитар корхонаси шаклидаги «Ахсикент» археология мероси объектини муҳофаза қилиш ва тадқиқ этиш дирекцияси ташкил этилди.

Ўтган бир йил давомида дирекция томонидан 3та йирик анжуман ташкил этилди, китоблар нашр этилди. Шаҳарнинг ҳаққоний тарихини яратиш, уни халқаро туризм гўшасига айлантириш борасида талай ишлар амалга оширилди ва оширилмоқда.

Шуниси эътиборлики, дирекция илмий ходимлари Ахсикент тарихини бирламчи илмий манбаларга таянган ҳолда яратишга интилиб, айрим муаммоли масалаларга ойдинликлар киритишди.

Шулардан бири, ХХ асрнинг 60-йилларида пайдо бўлган Ахсикентни «Эски» ва «Янги» Ахсикентга ажратиб ўрганиш масаласидир.

Ахсикентни XIX аср охири XX аср бошларида ўрганган рус шарқшунос ва археолог олимларидан, академиклар А.Миддендорф ва В.В.Бартольд, профессорлардан Н.И.Веселовский ҳамда А.Н.Бернштам, тадқиқотчи-шарқшунослар И.А.Кастанье, В.Наливкин, Н.П.Остроумов, Н.Павлов ва бошқалар Ахси, Ахсикат ёки Ахсикент, деганда фақатгина битта макон — Сирдарёнинг ўнг қирғоғидаги жойлашган Эски Ахси ёдгорлигини назарда тутишган.

Айтиш жоизки, мўғуллар томонидан Фарғона водийси қандай босиб олингани ҳақидаги маълумотлар манбаларда кам ёритилган. Шунга қарамасдан, сўнгги пайтларда шаҳарлар тарихига оид чоп этилган деярли барча асарларда водий шаҳарлари ҳам юртимизнинг бошқа ҳудудларида бўлгани каби, 1220-1221 йиллардаги мўғуллар истилоси даврида бутунлай вайрон этилгани таъкидланиб ёзилди.

Шунингдек, аксарият олимлар Ахсикент ҳақида ҳам шаҳар мўғуллар даврида вайрон этилгач, темурий Умар Шайх Мирзо даврига келиб аҳоли ундан 5-6 километр ғарброқда янги Ахси шаҳрига асос солганини қайд этишган. Темурийлар даври Ахсикенти ёки Умар Шайх Мирзо давлатининг пойтахти Ахси бу — ҳозирги Ахси қишлоғи ўрнида бўлганини эътироф этишди. Хўш, бунинг учун тарихий манбавий асос борми? Умуман, бу хулосани олимларимиз қаердан олмоқдалар?

Биз ўрганган маълумотларга кўра, Ахси, Ахсикат ва Ахсикент бу битта макон. XIX аср охири XX аср бошларига келиб Ахсикент тадқиқоти билан шуғулланган европалик шарқшунос ва археолог олимлар Ахсикент ёки Ахси, деганда фақатгина битта объектни назарда тутишган. У ҳам бўлса, бугунги Шаҳанд-Жомашўй йўли ёқасида, Сирдарёнинг ўнг қирғоғида жойлашган Эски Ахси археологик ёдгорлигидир.

ХХ асрнинг 60-йилларигача бўлган тарихий тадқиқотлар таҳлилига назар солинганда, Ахси қишлоғи ўрнида темурийлар шаҳар барпо этганлиги масаласи ўртага ташланган бирон бир асар учрамади.

Ахсикентда 1960 йилнинг 14 майидан 20 июнигача иш олиб борган Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг махсус археологлар отрядининг илмий раҳбари профессор Я.Ғуломов бўлиб, аъзолари И.Аҳроров ва С.Раҳимов эди.

Ушбу экспедиция фаолияти натижалари тўғрисидаги хулосаларни И.Аҳроров «Ўзбекистонда ижтимоий фанлар» журналидаги мақоласида баён этган. Унга кўра, Эски Ахси ёдгорлиги XVII асрдаги зилзила оқибатида вайронага айланган. Шунингдек, муаллиф Заҳириддин Муҳаммад Бобур «Бобурнома» асарида кўрсатиб ўтган Ахси қалъаси айнан бугунги кундаги Эски Ахси археологик ёдгорлиги эканлигини ҳам ёзган эди. Ахсикент шаҳрининг ўрта аср работ қисми эса XV асрдан эътиборан ундан 2 километр шарқда жойлашган Шаҳанд қишлоғига кўчгани, бу ерда XVI аср ва XVII асрнинг биринчи чорагига оид сопол буюмлар топилгани ҳақидаги маълумотларни берган эди. Айни бу фикрни Бобурнинг «Маҳаллоти қўрғондин бир шаръий йироқроқ тушубтур» ибораси тасдиқлашини ҳам келтириб ўтган эди (Ахроров И. «Археологические исследования городища Ахсикент в 1960 году» // Общественные науки в Узбекистане. 1962. №8. Стр. 54, 58, 59.).

Маълумотлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, «Янги Ахси» ёки «темурийлар даври Ахсикенти» ҳақидаги фикрлар илк бор ХХ асрнинг 60-йилларида Наманган ўлкашунослик музейи ходими Ю.Г.Чуланов томонидан «Советская археология» журналидаги «Городище Ахсыкет» мақоласида билдирилган (Чуланов Ю.Г. «Городище Ахсыкет» // Советская археология. 1963. №3. Стр. 197-206.).

Ю.Г.Чуланов мақоласида ўз фикрини Эски Ахси ёдгорлигидаги қазишмалардаги топилмалар XIII аср бошларигача бўлган давргагина тааллуқлилиги, XV-XVII асрларга оид ашёлар бу ердан топилмагани билан исботламоқчи бўлган. Шу билан бирга, муаллиф ёзма манбаларда Ахсикент шаҳри кейинги даврларда ҳам мавжуд бўлганлиги қайд этилган бўлса-да, бироқ, шу даврга доир ашёвий далиллар Эски Ахси манзилгоҳидан топилмагани учун Ахси қўрғони қаерда бўлганини аниқлаш мақсадида Сирдарёнинг ўнг қирғоғи бўйлаб ғарб сари археологик текширувлар ўтказганини ёзган эди. Бунинг натижасида, Эски Ахси қўрғонидан 5–6 километр ғарброқда ҳозирги Ахси қишлоғи ўрнида Умар Шайх Мирзо даврида пойтахт бўлган Ахси қўрғони жойлашган эди, деган хулосага келган. Эски Ахсини у Ахсикент I, янги Ахсини эса Ахсикент II, деб номлайди.

Ю.Г.Чуланов шаҳар харобалари Сирдарё ёқалаб бир километр узунликда ястаниб ётганини, Ахсикент I’дан фарқли равишда Ахсикент II’да хом ғиштдан қурилган мустаҳкам масофада деворлари йўқлиги, шаҳар қисмларга ажратилмаганлиги, шу билан бирга шаҳарнинг илк лойиҳа шаклини тиклашнинг иложи бўлмаганини айтган. Муаллиф шаҳарнинг марказий қисми ҳар томондан жарлик ва дарё билан ўралган қалъадан иборат бўлган бўлиши керак, деган тахминий хулосага келган. Шунингдек у, дарё бугунги кунда ўз ўзанидан 500–800 метргача сурилиб келиб, қалъа ўрнашган жойларни ювиб ташлагани, унинг ўрнида эса Ахси номи билан кичкина қишлоқ қолганини таъкидлаган.

Ю.Г.Чуланов «Бобурнома»даги Ахси манзараси тасвирланган жумлаларни келтириш чоғида Асириддин шоирни Ахсикатдан бўлгани учун ҳам Ахсикатий, дейишлари ҳақидаги жумлаларни тушириб қолдирган. Агар бу жумла таржима матнида келтирилганида Ю.Г.Чулановнинг Ахси археологияси борасидаги «илмий кашфиёти» чиппакка чиққан бўлар эди.

Шунингдек, Ахсикентга алоқадор аҳоли масканлари ҳақидаги маълумотларга бир мунча аниқликлар киритилди. Масалан, «Архиён» қўрғонининг қаерда жойлашгани масаласи. Совет даври адабиётларида Архиён бу Тўрақўрғон тумани марказидаги Ғойибназар эшон мадрасаси ўрнида бўлгани ёзилган эди. Лекин бирламчи манбалар синчиклаб кўздан кечирилганда, Архиён ҳозирги Чортоқ туманидаги Ойқирон ва Короскон қишлоқлари атрофида бўлгани аёнлашди. Тарихий манбаларда Ахсидан Архиёнгача бўлган масофа 5 йиғоч йўл экани, Адак ва Қизилрабод қишлоқларига яқинлиги қайд этилган. Ваҳоланки, Ахсидан Тўрақўрғонгача бўлган масофа ўша давр ўлчови билан 2 йиғочни ташкил этади.

2018 йил «Андижонома» газетасининг 28 ноябрь сонида дирекция илмий ходимлари томонидан чоп этилган китобларга нисбатан Зокиржон Машрабов, Боқижон Матбобоев ва Ваҳоб Раҳмоновнинг «Бобур қурдирган мақбара топилди» номи остида танқидий мақоласи эълон қилинди. Ушбу мақола деярли ўзгармаган ҳолда «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2018 йил 7 ва 21 декабрь сонларида ҳам босилиб чиқди.

Унда Ахсикент дирекцияси илмий ходимлари томонидан нашр этилган «Ахси — Фарғона шаҳарларининг онаси» ҳамда «Турист ва зиёратчилар учун йўлкўрсаткич» китоблари танқид қилинган.

Биз ушбу танқидий мақоланинг айрим жиҳатларига тўхталиб ўтамиз.

Биринчидан, мақола муаллифлари тарихий манба сифатида Шоҳ Ҳаким Холиснинг «Сафедбулон қиссаси» (ёки «Ғазотномаи Шоҳ Жарир») достонини (Тошкент: Ғафур Ғулом номидаги нашриёт, 1994) асос қилиб олишган. Унга соф тарихий-илмий манба сифатида мурожаат қилинган. Ваҳоланки, достонни нашрга тайёрловчиларнинг ўзлари қиссадаги воқеаларга аниқлик киритишда «биринчи галда тарихий қўлёзма манбаларга таянишлари» лозимлигини таъкидлаб ўтишган (Шоҳ Ҳа­ким Холис. «Сафедбулон қиссаси». Тошкент: Ғафур Ғулом номидаги нашриёт, 1994. 4-бет).

Халқимиз тарихини ҳаққоний яратиш учун асл илмий манбаларимиз етарли. Манбашунослигимиз тарихий асарлар йўқлигидан достон ёки қиссага таяниб тарих битадиган даражада қашшоқ эмас.

Достон ёки қиссалар бадиий асар ҳисобланади. Унда воқелик тарихий ҳақиқатга яқин бўлиши ҳам, мутлақо йироқ бўлиши ҳам мумкин.

Мақолада Заҳириддин Муҳаммад Бобур Сафедбулонга келиб, Шоҳ Фазл мақбарасига гумбаз қургани ёзилган. Буни эса илмий кашфиёт, деб баҳолашмоқда.

Иккинчидан, «достондаги бадиий ҳақиқат» ҳақида сўз юритилган. Ҳақиқат бадиий бўлиши мумкинми? Агар бадиий бўлса, демак у ўзгариши мумкин экан-да. Илмий асарда эса ундай эмас. Муаллифлар тарих илми соҳасида «кашфиёт» қилганликларини овоза қилишдан аввал, ушбу достон соф илмий манба сифатида тан олинганми, достондаги воқеалар яна қайси тарихий-илмий манбаларда акс этган, деган саволларга жавоб беришса, яхши бўлар эди. Бунинг учун тарих илми борасида манбашунослик ва тарихшунослик соҳалари нима билан шуғулланади, деган саволга жавоб бериш лозим. Таъкидимиз шуки, ҳақиқат бадиий бўлмайди, агар у бадиий бўлса, уни ўзгартириш мумкин бўлади. Ҳақиқат эса ўзгармайди.

Ҳазрати Бобурнинг шаъни ҳеч бир исбот, талабсиз улуғдир. Буюк бобомизнинг қилган бунёдкорлик ишлари ҳақида тарихий манбаларда маълумотлар керагича етарли. Унинг буюклигини исботлаш учун албатта бадиий асар, қисса ёки тўқилган достонлардан фойдаланишга эҳтиёжимиз йўқ.

Стефан Цвейг «Ҳақиқат бутун ҳолатида яхшидир. Чала ҳақиқат эса ҳеч нарсага арзимайди», деб бежиз айтмаган эди.

Муаллифлар Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг отаси Умар Шайх Мирзо ибн Абусаид Мирзонинг қабр жойини аниқлашга ҳаракат қилганликларини ёзишган. Агар масалага холис ёндашилса, бу ҳам хайрли иш, албатта.

Танқидчилар «Бобурнома»да Ахсида отасининг мақбараси ёнида Бобурнинг ҳарбий кенгаш қилгани, Аҳмад Танбал икки минг кишилик лашкар билан Ахсига кириб, Бобурни чекинтиргани берилганини ёзишган. Шунингдек, «Тўрақўрғонлик буюк адиб Исҳоқхон Ибратнинг машҳур «Фарғона тарихи» китобини ва Мирзо Бобурнинг «Бобурнома» асарларини ҳам улар ўқишмаган, мабодо ўқиган бўлишса, тушуниб етмаган кўринади», қабилида мулоҳазалар юритишган.

Бобур 1502-1503 йиллар воқеаларини ёритар экан, Ахсида кўприк борлиги, кечасига унга қўриқчи қўйилмагани туфайли, Аҳмад Танбал кўприкдан ўтиб Ахсига кириб келганини ёзган эди: «...Кўпрукка киши қўймоқ керак эди, кўпрукка ҳам киши қўймадук. Бетажрибаликдин мундоқ ўсаллар бўлди. Тонг бошида Танбал етти. Уч минг яроғлиқ киши била келиб кўпрукдин ўтуб аркка кирди...» (Заҳириддин Муҳаммад Бобур. «Бобурнома». Тошкент: «Юлдузча», 1989. 100-101-бетлар.).

Ҳурматли олимларимизга танқид қилишдан аввал, юқоридаги асарларни ўзлари ҳам яхшилаб, синчиклаб ўқиб кўришларини маслаҳат берган бўлар эдик. Аҳмад Танбал икки минг эмас, уч минг киши билан Ахсига кириб келган эди.

Шу билан бирга, Ахси билан Санг орасидаги масофани «Андижоннома» газетасидаги мақолада беш километр, «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасидаги мақолаларида эса 4 километр, деб ёзадилар. Аввал аниқ масофани ўлчаб, кейин ёзган маъқул бўлар эди.

Мақолада «Эски Ахсига Амир Те­мур ва темурийзодалар Умар Шайх Мирзо ва Бобур Мирзонинг ҳеч қандай алоқадор жойи йўқдир. Чунки Ахсикент XIII асрдаёқ вайрона, ўлик шаҳар ҳолига келган эди. Тўрақўрғонлик буюк мутафаккир Исҳоқхон Ибратнинг «Туркистон вилояти газети» (48-сони, 1913 йил 23 июнь)да чоп этилган мақоласида шундай ёзилган: «Ҳозирда Ахси икки ерда бўлуб, бирини Эски Ахси бирини янги Ахси дерлар», деган фикрларни илгари сурганлар.

Учинчидан, муаллифлар қайси манбага таянган ҳолда бу хулосага келмоқдалар? Машҳур тарихчи академик Б.Греков «Тарихимиз ҳақидаги манбалар тўлиб-тошиб ётибди. Гап манбанинг кўплигида эмас, гап тадқиқотчи ўша манбалардан нима мақсадда фойдалана билади? Гап мана шунда», деб бежиз айтмаган эди.

Исҳоқхон Ибрат Ахсикентни ўрганган, тадқиқ этган илк олимлардан. «Туркистон вилоятининг газети»нинг 1913 йил 23 июнь № 48 сони, 7 июль № 52 сони, 11 июль № 53 сони, 18 июль № 55 сонларида Ахсикент ҳақидаги туркум мақолаларни берган.

Мақолалардан иқтибос келтирамиз, 1913 йил 23 июнь №48-сони: «Фарғона ўбластида қадимги замонларда пойтахт бўлиб турган Ахси ёки Ахсикат деган катта шаҳар бўлган.... Умар Шайх Мирзонинг қабри алҳол Ахсидадур... Умар Шайх Мирзо ва Шайбонийхон авлодларидан Жонибекхонга Ахси шаҳри бир неча вақт пойтахт бўлиб, бу шаҳарда ҳукмронлик қилган экан. Ўшал асрларда ғоятда ободонликда экан... Катта қўрғон ва Аркни асорати мавжуддир.... Ҳаммомлар, мадрасалар, саройлар, ер тагидин юрадурғон сув қубирлари кўп таажжублик нарсалари ҳозир ҳам кўриниб турадур. Ҳозирда Ахси икки ерда бўлиб, бирини Эски Ахси бирини Янги Ахси дерлар. Яъни, Янги Ахси Эски Ахси бузилгандин сўнг қолган одамлар дарёдин қочиб Косон тарафинда баландлик биёбонга иморатлар қилиб кўп қишлоқ бўлганлар. Ҳозир Янги Ахсида ўн икки қишлоқ Шаҳанд деган бозорлик бир қишлоқ ила бир болуст бўлган.... Эски Ахсини бузулган тарихи 1030-милодийда бўлғон экан. Андин буён мазкур Ахсини ҳеч подшоҳлардин ёки фуқаролардин обод қилғон йўқ...».

1913 йил 7 июль, №52-сонидан: «...Арк қўрғонидан бошқа иморат ва боғотлар атрофини ҳам қўрғон девор ила иҳота қилинган экан. Ичкари қўрғонда тўрт дарвоза бор экан.... Бу шаҳардин кўб аҳли илм, аҳли адаблар чиқиб, алардан баъзилари Абулвафо Муҳаммад бин абул-Қосим Ал-Ахсикатийдур. Ўз вақтида луғат ва тарихга ғоят олим ва моҳир эканлар. 520-нчи йилда вафот қилибдурлар. Бу зотнинг биродари Абу Рашод Аҳмад бин Абул Қосим. Бул зот ҳам адиб, фозил, шоир эканлар. Ҳар икковлари охир умрларида Марвда истиқомат қилиб ўшал шаҳарда вафот қилибдурлар....».

1913 йил 11 июль №53-сонидан: «...Ахси деган шаҳар ўшал асрда кўп ҳаддан фазун ободон ҳолатида Ҳазрат бори таъало ва муқаддасни ҳикмати ҳам иродаси илан офати самовийсига дучор бўлуниб, тоқ равоқ иморатлари бузулиб, вайроналик аҳволотга тушуб ва мардумлари ҳалокатга дучор бўлуб ва баъзилари атроф жавонибларга тарқаб, мутафарриқа бўлушиб, кетганлари важҳидин мазкур вайроналикни мубдал бўлинган Эски Ахсини атроф жавониблариға тубанда номлари баён бўлиб ёзилган 15 адад катта қишлоқлар мавжуд ва обод бўлингандир. Ва лекин Эски Ахси шаҳрини асли биноси қаю замонларда ва қаю вақтларда бино бўлинганлиги маълум эрмас. Мазкур 15 адад янгидан бино бўлган қишлоқлар икки юз йилни орасида барпо бўлган экан... Ва мазкур вайрон бўлган Эски Ахсини ўрниға, янгидан барпо бўлинган 15 адад қишлоқларни номлари ушбу тубанда ёзилмишдир. Чунончи, 1) Биринчи янги Ахси қишлоқ...».

Исҳоқхон Ибрат мақолаларидан кўриниб турибдики, машҳур ахсикатийлар етишиб чиққан Ахси, темурийлар даври Ахсикенти, зилзилада вайрон бўлган Ахси – бу битта макон ҳозирги Эски Ахси ёдгорлигидир.

«Агар, Ахси Фарғона вилоятининг пойтахти бўлганда, у ерда адабий маданий муҳит бўлиб, Мирзо Бобурнинг отаси Умар­ Шайх Мирзодек зиёли подшоҳнинг қабр мақбараси қаровсизликдан йўқ бўлиб кетармиди?», каби тор доирадаги олимлар учун ярашмайдиган тарздаги фикрлар ҳам мавжуд.

Шуни билсинларки, буюклар қабрларини обод қилиш, сақлаб қолиш ўз йўлида, табиий офат туфайли йўқ бўлиб кетиш бошқа нарса. Агар бутун шаҳар аҳли маърифатпарвар бўлганда ҳам табиий офат уларнинг хоҳиш иродаси билан амалга ошмаслигини унутмаслик керак.

Эски Ахси Хоразмшоҳ ва мўғуллар томонидан XIII асрда бутунлай вайрон қилинган бўлиб, икки-икки ярим аср ўтиб, соҳибқирон Амир Темур XV асрда («Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 21 декабрь сонида эса XIV асрда) янги Ахсига асос солган ва XVII асргача ёзги қароргоҳ бўлиб хизмат қилгани тарихий манбалардан маълум, деб ёзадилар. Аввало бу санага аниқлик киритиш лозим. Тарихда бир асрнинг эмас, бир куннинг ҳам ўз ўрни бор.

Ибрат домла Эски Ахсининг бузилган санаси 1030 ҳижрийда рўй бергани, яъни милодий ҳисоб билан 1621 йилда содир бўлганлигини ёзмоқда. Бу ахир «Ажойиб ат-табоқот» асарида тасвирланган Ахси зилзиласи санаси-ку? Агар шаҳар мўғуллар томонидан вайрон этилган бўлганида араб ва форс тилларининг чуқур билимдони, мутафаккир олим буни ёзиб, эслатиб ўтмасмиди? Асосий вазифамиз тарихий ҳақиқатни баён этишдир. Жан-Жак Руссо: «Менинг вазифам ҳақиқатни гапиришдир. Аммо унга ишонишга мажбур қилиш эмас», деган эди.

Тўртинчидан, Амир Темур Янги Ахси шаҳрига асос солгани қайси тарихий манбада акс этган? Ўша тарихий манба олимлар томонидан тан олинганми? Агар Амир Темур Янги Ахси шаҳрига асос солгани исботланмаганда ҳам унинг бунёдкорлик, шаҳарсозлик борасидаги фаолиятига, обрўсига заррача зиён етмайди. «Янги Ахси»сиз ҳам унинг бу борадаги ишлари етарлича фахрланса арзигуликдир. Ахси темурийларнинг ёзги қароргоҳи бўлгани ҳақидаги маълумот қайси манбадан олинмоқда?

Заҳириддин Муҳаммад Бобур «Бобурнома» асарида Умар Шайх Мирзо пойтахт қилган Ахсини қуйидагича тасвирлайди: «...Сайхун суйининг шимоли тарафидағи қасабалар: бир Axcидур. Китобларда Ахсикат битирлар. Нечукким, Асириддин шоирни Асириддин Ахсикатий дерлар. Фарғонада, Андижондин сўнгра мундин улуғроқ қасаба йўқтур. Андижондин ғарб сори тўққуз йиғоч йўлдур. Умаршайх мирзо муни пойтахт қилиб эди, Сайхун дарёси кўрғонининг остидин оқар. Қўрғони баланд жар устида воқе бўлубтур. Ҳандақининг ўрнига амийқ жарлардур. Умаршайх мирзоким, муни пойтахт қилди, бир-икки мартаба ташқарроқдин яна жарлар солди. Фарғонада мунча берк қўрғон йўқтур. Маҳаллоти қўрғондин бир шаръий йироқроқ тушубтур...» (Заҳириддин Муҳаммад Бобур. «Бобурнома». Тошкент: «Юлдузча», 1989. 8-бет.).

На «Бобурнома»да на бошқа мўътабар манбаларда Ахсини ёзги қароргоҳ бўлгани ёзилган. У ҳолда танқидчи олимлар бу фактни қаердан олмоқдалар?

«...пойтахтга арзигулик манбалар йўқлиги, бу жойнинг ёзги қароргоҳ бўлганлигини белгилаб турибди», зайлидаги фикрлари ҳам мунозарали. Бу Умар Шайх Мирзонинг салоҳияти, ақл-заковатига нисбатан ҳақорат эмасми? Наҳотки, пойтахтга арзигулик жой бўлмаган шаҳарни Умар Шайх Мирзо пойтахт қилган бўлса, бизнингча ундай эмас. Марк Туллий Цицерон: «Тарих фанининг биринчи вазифаси — ёлғондан сақланиш, иккинчиси — ҳақиқатни яширмасликдир», деган эди.

Бешинчидан, Эски Ахсини Исҳоқхон Ибрат берган фикрларга қарама-қарши равишда XIII асрда бутунлай вайрон бўлганини ёзадилар.

Ахсикентни мўғуллар томонидан босиб олингани масаласига келсак, яна бир талай саволларга жавоб беришга тўғри келади. Мўғул қўшини Фарғона водийсини ёки Ахсикентни қачон босиб олган? Мўғул қўшинининг лашкарбошилари кимлар эди? Жанглар қаерда ва қачон бўлган? Шу даврда уларга қарши курашган Ахсикент, умуман Фарғона ҳукмдорлари ёки қўшин бошлиғи-лашкарбошилари кимлар эди? Энг асосийси, бу ҳақда қайси асарда ёзилган? Бу маълумот қайси ишончли манбадан олинмоқда? Ахсикент ва Фарғонанинг бошқа шаҳарлари мўғуллар босқини даврида вайрон этилган, дейишдан аввал юқоридаги саволларга жавоб беришга тўғри келади.

Табиийки, бу саволларнинг барчаси жавобсиз қолади. Умуман, мўғуллар босқини Фарғона водийсида қай даражада кечгани, улар Фарғонани қай тариқа босиб олганликлари масаласи алоҳида мавзу бўлгани боис, ушбу масалани кейинги тадқиқотларимизда бирламчи манбаларга таянган ҳолда баён этамиз.

Андижонни мақолада «Қубатул Ислом» — «Ислом маркази» мақомини олиб, жаҳоний машҳур бўлган»ини ёзганлар. Умуман Андижонга қачон ва ким томонидан ушбу унвон берилган? Бу маълумот қайси ишончли манбада акс этган?

Мақолада: «Бобур мирзо «Бобурнома» асарида бо­боси Юнусхонни пойтахт Андижонга кўп маротаба келганини эслайди, аммо бирор маротаба Ахсига борганлигини ёзмаган», деб даъво қилганлар.

Биз муаллифларга «Тарихи Рашидий» асарини ўқиб кўришни тавсия этган бўлар эдик. Асарда Умар Шайх Мирзо Юнусхонни қишни ўтказиш учун Ахсига таклиф қилганлигини ва хон у ерга келганлигини ёзган (Мирзо Муҳаммад Ҳайдар. Тарихи Рашидий. -Тошкент: «Ўзбекистон», 2011. 156-бет.).

«Мўғуллар Эсон Буғихон шимол тарафдан пойтахт Андижонга ҳужум уюштириб турган бир пайтда Умар Шайх Мирзо вақтинча оз муддатга ёзги қароргоҳ янги Ахсини пойтахт қилиб туришга мажбур бўлади. Пойтахт Андижон тартибга солиниб таъмирлангач, тез муддатда салтанат яна қадимий пойтахт Андижонга кўчириб ўтади» фикрлари ҳам ўз исботини талаб қилади. Чунки, Мўғулистон хони Эсон Буғахон 1462 йил вафот этган бўлиб, Умар Шайх Мирзо эса Андижон тахтига 1463 йил келади. Ёки Эсон Буғахон фақат ёзда ҳужум қилганми? Қандай қилиб вафот этган шахс шаҳарга ҳужум қилиши мумкин?

«Инвестиция киритиб, тарихий воқеликни маблағ билан сохталаштириш ҳеч қачон яхшиликка ва узоққа бормаган. Ҳақиқат, адолат эгилади, букилади, аммо, мангуга ёпиб бўлмайди», бу фикрларнинг таги заминида нима ётганлиги ҳам тушунарсиз.

«Китоб муаллифлари М. Мирсайдуллаев Т. Казаков ва бошқалap ўрта асрда қадимий Андижонни Фарғона водийсидаги 7 қишлоқдан бири бўлган деб ёзадилар», деган эътирозли фикрлари учун тарихий манбаларни ўқишни таклиф қилган бўлар эдик. Бирламчи манбада шундай деб таъриф берилган бўлса, китоб муаллифларига яна қандай эътирозлари бор?

Олдимизда улкан вазифалар турибди. Бу ҳаққоний тарихни яратиш ва ёш авлодга етказишдир. Президентимиз Шавкат Мирзиёев: «Бизнинг ҳавас қилса арзийдиган буюк тарихимиз бор. Ҳавас қилса арзийдиган улуғ аждодларимиз бор. Ҳавас қилса арзийдиган беқиёс бойликларимиз бор. Ва ишонаман, худо хоҳласа, ҳавас қилса арзийдиган буюк келажагимиз ҳам бўлади» (Мирзиёев Ш. «Миллий тараққиёт йўлимизни қатъият билан давом эттириб, янги босқичга кўтарамиз». Тошкент: «Ўзбекистон», 2017. 415-бет), деб бежиз айтмади.

Кўҳна Ахсикент тарихини ўрганиш, сақлаш, тадқиқ этиш мақсадида ҳукумат қарори чиқди. Келинг, қўлни-қўлга бериб ишлайлик, холис бўлайлик.

Мақоламиз сўнггида ҳурматли ҳамкасб олимларимизни холис ва одил бўлишга чорлаб мутафаккирлардан Б.Фонтенелнинг қуйидаги фикрини келтириб ўтамиз: «Барча кишилар хато қиладилар. Лекин буюкларгина ўз хатоларини тан оладилар».

Тоҳиржон ҚОЗОҚОВ,

Тарих фанлари номзоди.

Заҳириддинбобир ҲАЙДАРОВ,

Наманган давлат университети доценти, тарих фанлари номзоди.

Мавзуга оид