Абдурайим Абдуваҳобов оламдан ўтди
Ўзбек санъатининг етук вакилларидан бири, кино ва театр актёри, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, «Дўстлик» ордени соҳиби Абдурайим Абдуваҳобов бугун, 57 ёшида оламдан ўтди. Бу ҳақдаги хабарни «Ўзбеккино» Миллий агентлиги матбуот хизмати Kun.uz’га тасдиқлади.
Ўзбек Миллий академик драма театрининг актёри Абдурайим Абдуваҳобов 1963 йил 8 августда Тошкент шаҳрида туғилган.
У кино ва театр ихлосмандларининг юрагидан жой олган актёр ҳисобланади.
Мухлисларнинг севимли «Шум боласи» Абдураим Абдуваҳобов ижодий фаолияти давомида «Шум бола», «Суюнчи», «Муҳаббат синовлари», «Назира», «Сотқин», «Кўргим келади», «Пойга», «Қудажонлар», «Муқаддас Бурч», «Акажон хизматингиздамиз», «Осий банда», «Таъзиядаги тўй», «Дада», «Мен бу мен», «Аёллар салтанати» сингари кўплаб фильмлар, шунингдек, «Шайтанат» телесериали ҳамда Ўзбек Миллий Академик драма театрида саҳналаштирилган «Чимилдиқ», «Гамлет», «Мирзо Улуғбек», «Имкон», «Андишали келинчак», «Ўзбекча рақс», «Рустам» каби қатор спектаклларда рол ижро этган.
Маълум бўлишича, Абдурайим Абдуваҳобовнинг вафотига ўпка раки касаллиги сабаб бўлган.
Kun.uz марҳумнинг яқинларига ҳамдардлик билдиради.