07:24 / 25.06.2024
2285

Ўзбекистон ва Хитой ўртасида мунтазам авиақатновлар сони ҳафтасига 100 тага етказилади

Хитой томонидан тайинланган авиакомпанияларга Хитойнинг исталган шаҳарларидан Ўзбекистон барча вилоятларидаги халқаро аэропортларга мунтазам авиақатновларни амалга ошириш ҳуқуқи берилди.

Фото: Транспорт вазирлиги

Ўзбекистон ва Хитой ўртасида мунтазам авиақатновлар сони ҳафтасига 100 тага етказилади, деб хабар бермоқда Транспорт вазирлиги.

Жорий йил 17–21–июн кунлари Хитойнинг Сиан шаҳрида ўтказилган “C5+1 Хитой—Марказий Осиё фуқаро авиацияси конференция”си давомида Ўзбекистон ва Хитой авиация ҳукуматлари ўртасида ҳаво қатнови тўғрисидаги икки томонлама ҳукуматлараро битимга ўзгартиришлар киритиш, икки давлат ўртасида амалга оширилаётган авиақатновлар сонини кескин ошириш, янги ҳаво йўлакларини очиш масалалари муҳокама қилинди.

Олиб борилган музокаралар натижасига кўра икки давлат авиация маъмуриятлари ўртасида тегишли ҳужжат имзоланди ва қуйидаги келишувларга эришилди:

  • Ўзбекистон ва Хитой ўртасида мунтазам парвозларни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган авиакомпаниялар сони 2 баробарга оширилди;
  • Ўзбекистон авиакомпаниялари учун Ўзбекистоннинг барча аэропортларидан Хитой ҳудудига мунтазам парвозларни амалга ошириш мумкин бўлган шаҳарлар сони 12 тага етказилди;
  • Хитой томонидан тайинланган авиакомпанияларга Хитойнинг исталган шаҳарларидан Ўзбекистоннинг барча вилоятларидаги халқаро аэропортларга мунтазам авиақатновларни амалга ошириш ҳуқуқи берилди;
  • тайинланган авиакомпанияларга икки давлат ўртасидаги мунтазам авиақатновлар сонини ҳар бир томондан ҳафтасига амалдаги 15 тадан янги келишув бўйича 50 тага ошириш, яъни икки мамлакат ўртасидаги ҳафталик мунтазам йўловчи авиақатновлари сонини жами 100 тага етказиш ҳуқуқи берилди;
  • ҳар икки томоннинг тайинланган авиакомпанияларига Ўзбекистон ва Хитой ҳудудидаги барча манзиллар орқали учинчи давлатларга ҳафтасига 21 та авиақатнов билан юк парвозларини амалга ошириш учун 5-ҳаво эркинлиги ҳуқуқи берилди;
  • Хитой томонидан тайинланган авиакомпанияларга Ўзбекистон ҳудудида Самарқанд ва Нукус, Ўзбекистон томонидан тайинланган авиакомпанияларга эса Хитой ҳудудида Сиан ва Ченгду халқаро аэропортлари орқали учинчи давлатларга ҳар бир йўналишда ҳафтасига 7 та қатнов билан йўловчи парвозларни амалга ошириш учун 5-ҳаво эркинлиги ҳуқуқи берилди.

Шунингдек, Ўзбекистон томонидан тайинланган авиакомпаниялар учун Хитойнинг денгиз бўйида жойлашган туристик Хайкоу, Саня ҳамда Цюнхай халқаро аэропортларида жорий қилинган “Махсус очиқ осмон” режимидан фойдаланиш ва 5-ҳаво эркинлигида парвозларни амалга ошириш ҳуқуқи қўлга киритилди.

Top