14:59 / 29.06.2024
19134

Газ олди-сотдиси бўйича Ўзбекистон ва Хитой томони маълумотлари ўртасида катта фарқ юзага келди

Хитой томонига кўра, мамлакат 2024 йилнинг 5 ойи давомида Ўзбекистондан салкам 154 млн долларлик газ импорт қилган. Бу Ўзбекистон томони берган маълумотлардан 2,6 баробарга кўп.

Статистика агентлиги маълумотларига кўра, Ўзбекистон январда 21 млн долларлик, февралда 5,7 млн долларлик, мартда 18,7 млн долларлик, апрелда 6,9 млн долларлик, майда эса 7,6 млн долларлик газ сотган. Умумий ҳисобда ўтган 5 ойда 59,9 млн долларлик газ экспорт қилинган.

Пандемия бошланиши ортидан Ўзбекистон Россияга табиий газ экспортини тўхтатганди ва бу ўтган давр мобайнида ҳам қайта тикланмади. Айни пайтда ўзбек гази фақат Хитойга экспорт қилиняпти. Истисно тариқасида феврал ойида Қирғизистонга 1 млн долларлик газ етказиб берилган.

Хитой Бош божхона бошқармаси маълумотларига кўра, жорий йил январ-май ойларида Ўзбекистондан 153,87 млн долларлик газ импорт қилинган, бу Ўзбекистон томони берган маълумотлардан 2,6 баробарга кўп.

Манба: Bakiroo Telegram-канали

Маълумот учун, жорий йилнинг 5 ойи давомида Ўзбекистон 643 млн долларлик газ импорт қилган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4,2 баробар кўп.

Gazeta.uz ҳисоб-китобларига кўра, 2022 йилда икки томонлама рақамлардаги фарқ 159,5 млн долларни, 2023 йилда эса 49,5 млн долларни ташкил этган. Ҳар иккала ҳолатда ҳам Ўзбекистон томони рақамларни камроқ кўрсатган.

Top