Хитойда мудофаа ва ташқи ишлар вазирликлари собиқ раҳбарлари давлат лавозимларидан четлатилди
Ли Шанфу ва Цин Ганг ўз лавозимларидан озод қилинди ва Давлат кенгаши аъзолигидан чиқариб юборилди. Ли коррупцияда айбланяпти, у ўлим жазосига ҳукм қилиниши мумкин.
Хитойнинг собиқ мудофаа ва ташқи ишлар вазирлари Ли Шанфу ва Цин Ганг ўз лавозимларидан четлатилди ва Хитой Давлат кенгаши – мамлакат ҳукумати таркибидан четлаштирилди. Тегишли қарор Хитой Халқ Республикаси парламенти Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши (БХВК) доимий қўмитаси томонидан қабул қилинди, дея хабар бермоқда «Синхуа» давлат агентлиги 27 июн, пайшанба куни.
Аввалроқ иккала вазир ҳам ишдан четлаштирилган эди. Ли Шанфу расман коррупцияда, жумладан пора олиш ва беришда айбланган. У Коммунистик партия сафидан чиқариб юборилади ва ўлим жазосига ҳукм қилиниши мумкин. Ли ХХР қуролли кучларининг бошқарув органи бўлмиш Марказий ҳарбий кенгаш таркибидан четлаштирилгани ҳам бир кун аввал маълум бўлди.
«У ўзи ва бошқалар учун кадрлар механизмлари орқали ноқонуний равишда даромад олган, мансабидан фойдаланиб, бошқалар учун фойдали ишлар қилган ва бунинг эвазига катта миқдордаги пул ва қимматбаҳо нарсалар олган. Шунингдек, Ли Шанфу манфаат йўлида бошқаларга пул таклиф қилган. Собиқ мудофаа вазирининг хатти-ҳаракатлари партия ишига, миллий мудофаа ва қуролли кучлар ривожига, шунингдек, юқори мартабали амалдорларнинг обрўсига путур етказди», — дейилади «Синхуа» хабарида.
Ташқи ишлар вазири Цин Гангнинг лавозимдан четлатилиши
Цин Гангга қарши айбловлар расман хабар қилинмаган. Хитойнинг АҚШдаги собиқ элчиси 2022 йил декабрида ташқи ишлар вазири этиб тайинланган, бироқ олти ойдан сўнг ғойиб бўлганди. Бир ой ўтгач, у лавозимидан четлатилди. Цин Ганг 2024 йил феврал ойида БХВК депутатлигидан истеъфога чиққанида яна омма олдида пайдо бўлди. Шундан сўнг у яна кўзга кўринмади.
26 июнь куни ХХР яна бир собиқ мудофаа вазири, Ли Шанфунинг ўтмишдоши Вэй Фэнхэ партия сафидан чиқариб юборилганини эълон қилди. У коррупцияда айбланиб тергов қилинмоқда. Расмий хабарларга кўра, Вэй Фэнхэ партия интизоми ва қонунчилигини қўпол равишда бузганликда айбланмоқда. Хитой Халқ Республикаси Коммунистик партияси Сиёсий бюроси унинг ишини ҳарбий тергов органларига топширди.
Хитойда асосий вазирларнинг ҳибсга олиниши ва истеъфога чиқарилиши Си Жинпингнинг Хитой Халқ Республикаси раиси ва Коммунистик партия раҳбари этиб учинчи муддатга қайта сайланиши фонида содир бўлмоқда. Бунгача партия раиси икки муддатдан кўп бўлмаган муддатга ўз лавозимини эгаллаши мумкин эди. 2018 йилда бу чеклов Си ташаббуси билан бекор қилинди.
Мавзуга оид
21:00 / 21.11.2024
АҚШ–Хитой зиддияти ва Тайван омили: Трампдан нима кутиш мумкин?
19:13 / 21.11.2024
Хитойда 83 млрд долларлик олтин захираси топилди
00:59 / 21.11.2024
Озарбойжон 2025 йилги мудофаа харажатларини оширади
21:37 / 20.11.2024