10:58 / 11.05.2020
21585

Ёшлар иттифоқи қурувчи тадбиркорнинг 10 млрд сўм ҳақини бермаяпти

2019 йил августида президент Шавкат Мирзиёевнинг кўрсатмасига асосан, Ёшлар иттифоқи марказий кенгашининг буюртмаси бўйича Жиззах шаҳри марказида қиймати 15 млрд сўмни ташкил қилувчи «Ёшлар маркази» биноси қуриб фойдаланишга топширилади. Бироқ, реконструкция ва қурилиш ишларини бажарган «Jizzax Real qurilish ta’mir» МЧЖнинг 10 млрд сўмдан ошиқ пуллари Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши томонидан тўлаб берилмасдан, тадбиркор сарсон қилинмоқда. Қурилиш учун ажратилган пуллар қаёққа ғойиб бўлган?   

Сўнгги йилларда ёшларга оид давлат сиёсатини изчил ва самарали амалга ошириш, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, айниқса ёшлар замонавий касб-ҳунарларни пухта эгаллаши учун муносиб шароитлар яратилмоқда. Сир эмаски, ушбу мақсадларни рўёбга чиқариш йўлида Ёшлар иттифоқи Марказий кенгашига ҳар йили давлат бюджетидан бир неча юз миллиардлаб маблағлар ажратилмоқда.

Бироқ, таҳририятга келиб тушган навбатдаги мурожаатда Ёшлар иттифоқи масъулларининг бепарволиги ва инсофсизлиги, шунингдек соҳага ажратилаётган маблағларнинг мақсадли ишлатилмаётгани натижасида тадбиркорга 10 млрд сўмдан ортиқ зарар етиб, юзлаб оилалар маошсиз қолиб кетгани баён этилади.

«Jizzax Real qurilish ta’mir» МЧЖ директори Шуҳрат Сотволдиев

Президент 2019 йил 31 январь куни Жиззах вилояти фаоллари билан бўлиб ўтган учрашувда Жиззах шаҳри марказида «Ёшлар маркази», амфитеатр ва ёшлар истироҳат боғини барпо этиб, ёшлар бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун барча зарур шарт-шароитларни яратиш чораларини кўриш бўйича кўрсатма беради.

Президент раислигида ўтказилган мажлис баёнига асосан, 2019 йил 19 апрель куни Вазирлар Маҳкамасининг 05/1-1398-сонли чора-тадбирлар режаси ва 2019 йил 31 май куни Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши Ижроия қўмитасининг 01-04/532-сонли қарори билан манзилли дастур тасдиқланади.

«Jizzax Real qurilish ta’mir» МЧЖ қиймати 14 млрд 498 млн сўм бўлган «Ёшлар маркази» биносини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари учун бош пудратчи этиб тайинланади.

Шунга асосан, «Jizzax Real qurilish ta’mir» МЧЖ ва Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши қошида очилган, иттифоқнинг қурилишга оид буюртмалари билан шуғулланадиган «Yoshlar qurilish invest» МЧЖ ўртасида тегишли пудрат шартномаси тузилиб, қурилиш ишлари бошлаб юборилади.

Маълумот учун: Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Маркази кенгаши «Yoshlar qurilish invest» масъулияти чекланган жамиятининг 100 фоизлик улушга эга таъсисчиси ҳисобланади. Жамиятнинг устав фонди миқдори 1 млрд сўмни ташкил қилади, амалдаги раҳбари Хўжахонов Аббосхон Усмон ўғли, жамият 2017 йил 26 декабрда давлат рўйхатидан ўтган.

Объект мустақилликнинг 27 йиллиги байрами арафасида топширилиши лозимлиги сабабли 500 нафардан ортиқ қурувчи-ишчилар уч сменада тиним билмасдан ишлашади. Ниҳоят, объект 2019 йил 28 августида катта тантаналар билан фойдаланишга топширилади.

Бинонинг очилиш маросимида Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши раҳбарияти, президент администрацияси, вазирлик ва идоралар раҳбар-ходимлари иштирок этишади. Алоҳида таъкидлаш ўринлики, очилиш маросимида фаоллар зали, форумлар зали, семинар ва конференция зали, ахборот-ресурс маркази ҳамда замонавий кутубхонадан таркиб топган бино қулайлиги, кўркамлиги ва замонавийлиги билан нафақат вилоятда, балки республикада саноқлилардан бири экани эътироф этилади.

Бироқ, қурувчи томонидан бажарилган ишларнинг умумий қиймати 15 млрд 703 млн сўмни ташкил қилган бўлса-да буюртмачи ушбу сумманинг фақатгина 5 млрд сўмини тўлаб берган, холос.

Тадбиркор кўп марта Марказий кенгаш ва унинг таъсисчилигидаги «Yoshlar qurilish invest» МЧЖга бориб, қурилишга сарфланган пулини тўлаб беришларини талаб қилган бўлса-да, бу мурожаатларига ҳеч қандай реакция билдирилмаган.

Шундан сўнг «Jizzax Real qurilish ta’mir» МЧЖ Тошкент туманлараро иқтисодий судига «Yoshlar qurilish invest» МЧЖдан 10 млрд 473 млн сўм маблағни ундириш бўйича даъво аризаси киритади. Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2020 йил 28 февралдаги ҳал қилув қарори билан даъво талаблари қаноатлантирилади ва «Yoshlar qurilish invest» МЧЖдан «Jizzax Real qurilish ta’mir» МЧЖ фойдасига 10 млрд  473 млн сўм асосий қарз ва 160 млн сўм пеня ундириш белгиланади.  

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси хузуридаги Мажбурий ижро бюросидан олинган маълумотга кўра, иқтисодий суднинг ҳал қилув қарорига асосан МИБнинг Шайхонтоҳур туман бўлим томонидан ижро иши қўзғатилган. Қарздор «Yoshlar qurilish invest» МЧЖнинг барча банк ҳисоб рақамларига тақиқ қўйилган. Кўрилган чоралар натижасида қарздорнинг банкдаги ҳисоб рақамларидан жами 530 млн 769 минг 668  сўм пул маблағлари ундирилган.

Ижро ҳаракатлари «Yoshlar qurilish invest» МЧЖнинг кассация тартибида киритган шикоятига мувофиқ Тошкент шаҳар иқтисодий суди ажримига асосан кассация инстанциясида иш юритиш тамомлангунга қадар тўхтатилган.

Таҳририятнинг вазиятга изох олиш мақсадида йўллаган сўровига Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши томонидан маълумотнома тақдим этилди. 
Маълумотномада Жиззах вилоятида “Ёшлар инновацион маркази”ни ташкил этиш вазифаси барча сарф-харажатлари билан бирга Президент томонидан Жиззах вилояти ҳокимлиги зиммасига юклатилганлиги айтилади. Бунга асос сифатида президент раислигида ўтказилган мажлис баёнининг 152-банди кўрсатилади.

Шунга кўра иттифоқ расмийлари Бош вазирнинг биринчи ўринбосари А.Раматов имзолаган баённи “Марказий кенгаш билан келишилмаган ва президент йиғилиши баёнига зид” деб ҳисобламоқдлар.

Маълумотда ҳозирги кунга келиб пудратчи томонидан бажарилган ишлар тўлиқ ниҳоясига етказилмагани сабабли бажарилган ишлар «Yoshlar qurilish invest» МЧЖ (буюртмачи) томонидан қабул қилиб олинмагани баён этилади.

Бироқ, «Jizzax Real qurilish ta’mir» МЧЖ директори Шуҳрат Сотволдиев иттифоқнинг бу важини мутлақо асоссиз деб ҳисоблайди. Чунки объект лойиҳадагидан-да ортиғи билан қуриб битирилиб, белгиланган тартибда Марказий кенгашга топширилган. Объектни «Yoshlar qurilish invest» МЧЖнинг ўша пайтдаги директори Б.Нурматов ва унинг масъул ходимлари, шунингдек иттифоқнинг вилоят кенгаши раиси биргаликда қабул қилиб олишган. Бугунги кунда бинодан тўлиқ қувватда фойдаланилмоқда ва у вилоят ёшларининг севимли гўшасига айланиб улгурган.

Энди эса, Марказий кенгаш бугунга келиб «тегишли ҳужжатларни имзолашда Б.Нурматов корхонанинг техник назорат бўйича мутахассиси ва бош ҳисобчиси билан келишмагани, шу сабабли ушбу ҳужжатларга техник назорат бўйича мутахассиси ва бош ҳисобчи имзо қўймагани, мазкур ҳаракатларига асосли изоҳ бера олмагани сабабли Б.Нурматов билан меҳнат шартномаси бекор қилингани» ҳақидаги тадбиркорга мутлақо алоқаси бўлмаган асосларни келтирмоқда.  

Шунингдек, маълумотда иттифоқ Тошкент туманлараро иқтисодий судининг ҳал қилув қарори устидан кассация тартибида шикоят киритилганини ҳам қўшимча қилган.

Иттифоқнинг бирор-бир мантиққа тўғри келмайдиган яна бир баҳонасига эътибор қаратинг: «Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши Ижроия қўмитасининг 2019 йил 30 декабрдаги 01-04/626-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон ёшлар иттифоқи маблағлари ҳисобидан 2020 йилда амалга ошириладиган қурилиш, реконструкция ва мукаммал таъмирлаш ишлари Манзилли дастурининг 8-бандида Жиззах вилояти «Ёшлар маркази»ни реконструкция қилиш учун объектнинг кутилаётган умумий қиймати 15 068 182 100 сўм, 2020 йилда молиялаштириш кўзда тутилган маблағ 1 465 683 100 сўм (6-устунда), шундан, Пудратчига тўланиши лозим бўлган маблағ, яъни қурилиш-монтаж ишлари учун 1 376 500 300 сўм (8-устунда) ажратилиши белгиланган.

Юқоридаги 2019 ва 2020 йиллардаги манзилли дастурлардан келиб чиқиб, Инвестор «YOSHLAR QURILISH INVEST» МЧЖга ушбу йиллар учун Жиззах вилояти «Ёшлар маркази»ни реконструкция қилиш учун жами 5 420 571 300 сўм тўланиши лозим бўлган».

Буни ўқиб кулишни ҳам, йиғлашни ҳам билмайди киши. Қурилиш 2019 йил августидаёқ тугалланиб, объект фойдаланишга топширилган бўлса-ю, мудраётган иттифоқ расмийлари бу ишлар 2020 йилда амалга оширилади, деб турса...

Иттифоқ ўз изоҳида пул тўлаб бермаётганининг яна бир сабаби сифатида объект қийматининг 6 950 786 600 сўмини Жиззах вилоят ҳокимлиги ажратиши кераклигини кўрсатмоқда.

Аммо расмий ҳужжатларда «Ёшлар маркази» қурилиши учун вилоят ҳокимлиги маблағ ажратиши кераклигига оид бирорта асосли маълумот келтирилмаган. Вилоят ҳокимлиги ва қурувчи ўртасида ўзаро мажбуриятларга оид ҳужжатлар мавжуд эмас.

Хуллас, таҳлил қилиб кўрилса ёшлар иттифоқи Марказий кенгашининг маълумотида келтирилган важларнинг бирортаси тадбиркор билан боғлиқ эмас. А.Раматов имзолаган баённинг «хато»лиги бўладими, Манзилли дастур бўладими, ёинки ўзининг тизимидаги ташкилот раҳбарининг хатосими, аҳамиятсиз. Муҳими, шартнома имзоланган ва тадбиркор шартномадаги ўз мажбуриятларини тўла адо этган. Пулини тўлаш навбати келганида эса бундай баҳоналар ўйлаб топилиши, тўғриси кулгили ҳолат.

Ёшлар иттифоқининг пул бермаслик учун баҳоналари талайгина, лекин уларнинг бирортаси тадбиркор билан тузилган шартномавий муносабатларга алоқадор эмас. Мақсад вақтни чўзиш, пул беришдан қочиш бўлмоқда, холос.

Шундай экан, нима учун қурилиш ишларини бошлашдан аввал ёки қурилиш давом этаётган, жуда бўлмаганда шартнома ва унга қўшимча келишувлар имзоланаётганда бу ҳақида ўйлаб кўрилмаган. Иттифоқнинг объект битиб, фойдаланишга топширилгандан сўнг бундай йўл тутиши «иши битгунча - эшаги лойдан ўтгунча» деган мақолни ёдга солмоқда.

Тадбиркорлар маҳаллий ҳокимликлардан пулини ололмай сарсон қилинганига оид ҳолатларга бот-бот кўзимиз тушавериб, кўникиб ҳам қолган эдик. Бироқ, кимсан юрт ва ватан келажаги бўлган ёшларга раҳнамолик қилувчи ташкилотнинг ҳам шундай йўлга ўтиб олгани ачинарли ҳолдир, албатта.

Дарвоқе, мақола аввалида қурилиш учун ажратилган пуллар қаёққа ғойиб бўлгани ҳақидаги саволни бежиз қўймадик. Таҳририят қўлга киритган маълумотларда бу саволга қисман жавоб бор. Лекин буниси алоҳида мавзу. Расмий идоралар қўлга киритилган мазкур маълумотларни тасдиқлаганидан сўнг бу мавзуга алоҳида тўхталамиз.

Иттифоқнинг қурилиш соҳасидаги фаолиятига доир яна бир маълумот: «Yoshlar qurilish invest» МЧЖнинг ҳисоб рақамига суд қарорига асосан МИБ томонидан банд солинганидан буён ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши ўзи буюртмачи бўлган бошқа қурилиш ва реконструкция ишларига уч томонлама (Марказий кенгаш, «Yoshlar qurilish invest» МЧЖ ва пудратчи ташкилот) шартномалар тузиш орқали тўғридан тўғри пул ўтказишга мажбур бўлмоқда. Самарқанд вилоятининг 3та туманида (Нуробод, Қўшработ ва Пахтачи) ва Сирдарё вилоятининг маркази Гулистон шаҳрида қурилаётган ёшлар марказлари шулар жумласидан. Тадбиркорни ишлатиб пул бермаслик анъана тусига киргудек бўлса, яқин келажакда Самарқанд ёки Гулистон тарафлардан ҳам ана шундай мазмундаги шикоятлар келиб қолса ажаб эмас...

Ҳа айтганча, Жиззахдаги масала билан Kun.uz сайти қизиқаётганидан хабар топган иттифоқдагилар ҳаракатга тушиб қолган кўринишади. Қурувчи Шуҳрат Сотволдиевнинг маълум қилишича шу йил 7-8 май кунлари Марказий кенгаш вакиллари у билан музокаралар олиб бориб, ҳозир 1,5 млрд сўм ўтказиш, қолган маблағни эса йил охирига қадар, ҳар ойда бўлиб-бўлиб тўлаб бериш ҳақида таклиф киритган. Бунинг учун тадбиркордан МИБдаги ижро ҳужжатларини қайтариб олишни сўрашган. Тадбиркор моддий аҳволидан келиб чиқиб бу таклифни рад этган.

Воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.  

Дилшод Абдуқодиров

Мавзуга доир муҳим фактлар:

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top