21:17 / 28.05.2024
6939

Жиззахда одам ўлими билан боғлиқ ЙТҲ содир этган ҳайдовчи ЙПХ ходимларидан қочгани маълум бўлди

Вилоят ИИБ ЙҲХБ ахборот хизмати ЙПХ ходими ва ҳайдовчининг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилишини маълум қилди.

Бундан бир неча кун олдин Жиззах вилоятида 21 ёшли шахс “Ласетти” машинасини бошқараётиб, белгиланмаган жойдан қайрилиб, автобус билан тўқнашгани ва 21 ёшли йўловчи вафот этгани ҳақида хабар берилганди.

Шундан сўнг ижтимоий тармоқларда “Ласетти”ни ЙПХ ходимлари қувиб боргани ҳақида хабарлар тарқалди. Жиззах вилоят ИИБ ЙҲХБ ахборот хизмати ҳодиса қандай содир бўлганини маълум қилди.

Унга кўра, 2024 йил 25 май куни Навоий вилояти Хатирчи туманида туғилган 21 ёшли ҳайдовчи давлат рақамлари ечиб олинган “Ласетти” билан Самарқанд-Тошкент йўналишида кетаётганда ЙПХ ходимларининг тўхташ ишораларига бўйсунмасдан ҳаракатни давом эттирган.

Ходимлардан бири милтилловчи чироқларни ва сиренани ёққан ҳолда “Ласетти”ни кузатиб борган ва ҳайдовчига овоз кучайтиргич ёрдамида тўхташ кераклигини айтган. Унинг ёнига етганда қўли билан тўхташга ишора қилган. Бироқ “Ласетти” ҳайдовчиси ЙПХ ходимига бўйсунмаган ва белгиланмаган жойдан қайрилиб олиш учун машинани кескин чапга бурган.

Шунда “Ласетти” Тошкент-Самарқанд йўналишида келаётган автобуснинг йўлига чиқиб кетган. Автобус уни уриб йўл четига чиқариб юборган. Оқибатда “Ласетти” салонидаги 21 ёшли йигит воқеа жойида ҳалок бўлган.

20 ёшли яна бир йўловчи ва “Ласетти” ҳайдовчиси РШТЁИМ Жиззах филиалининг жонлантириш бўлимига ётқизилган. Автобус ҳайдовчиси ва унинг йўловчиларга тан жароҳати етмаган.

“Ҳозирги пайтда ҳолат юзасидан Шароф Рашидов тумани ИИБ тергов бўлими томонидан дастлабки суриштирувлар олиб борилмоқда. Суриштирув якунига кўра ЙПХ ходими ва ҳайдовчининг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади”, дейилади хабарда.

Top