Ўзбекистон | 12:21 / 12.12.2024
3125
2 дақиқада ўқилади

Сут маҳсулотларини маркировкалаш бошланади

Ўзбекистонда сут маҳсулотларига ишлаб чиқаришда табиий ёки қуруқ сутдан фойдаланилганини кўрсатувчи маркировка жорий этиш режалаштирилмоқда. 

Фото: Комсомольская правда / PhotoXPress.ru

Ўзбекистонда сут маҳсулотларига ишлаб чиқаришда табиий ёки қуруқ сутдан фойдаланилганини кўрсатувчи маркировка жорий этиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда 10 декабр куни озиқ-овқат саноатидаги ишлар ва 2025 йилга мўлжалланган режалар билан танишган президент билан учрашувда сўз борган.

Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервюсида тадбиркорлар таклифига кўра қуруқ сут импортига чекловлар олиб ташланиши режалаштирилаётганини маълум қилди.

Унга кўра, сут маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун олти ой муддатда Наманган, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида синов лабораторияларини ташкил этиш режалаштирилган. Бундай маҳсулотларни ишлаб чиқаришда табиий ёки қуруқ сутдан фойдаланилгани тўғрисида маркировкалаш амалиёти йўлга қўйилади.

Ваҳобовнинг таъкидлашича, қадоқда табиий сут ёки қуруқ сут ишлатилгани ҳақидаги маълумот кўрсатилиши харидорларга онгли равишда танлаш имконини беради.

«Масалан, музқаймоқ ва пишлоқ маҳсулотлари қуруқ сутдан тайёрланса, истеъмолчи табиий ва қуруқ сутдан тайёрланган маҳсулотларни танлаши керак. Президентимиз, биринчи навбатда, аккредитациядан ўтиши шарт бўлган лаборатория ташкил этиш вазифасини қўйди. Бу тизим ўрнатилади, президент ташаббусни қўллаб-қувватлади», — деди у.

Бугунги кунга келиб мамлакатда табиий сут ишлаб чиқариш 13 миллион тоннага етди, деди ССП раҳбари.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид