Ўзбекистон | 12:39 / 22.10.2020
45021
2 дақиқада ўқилади

Мактабларнинг 2020 йил учун миллий рейтинги эълон қилинди

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси умумтаълим мактабларининг миллий рейтингини эълон қилди. Унга кўра, Бухоро, Наманган ва Хоразм вилояти мактаблари энг юқори кўрсаткичга эришган, Сирдарё, Тошкент вилояти ва Сурхондарё вилояти мактаблари эса энг паст натижа кўрсатган.

Инспекциянинг хабар беришича, рейтинг тузиш учун 2019 йил 3 октябрдан 18 декабргача барча туман ва шаҳарларнинг 992та умумтаълим муассасаларида, 10 мингга яқин мактабнинг 10 фоизида  назорат ишлари ва ижтимоий сўровномалар ўтказилган.

Маҳаллий ва халқаро тажрибалар, мутахассисларнинг фикр-мулоҳазалари асосида мактаблар рейтингини тузиш учун 4та кўрсаткич асосий мезон сифатида қабул қилинган:

  • битирувчи ўқувчиларнинг (11-синф) умумтаълим фанлари бўйича таълимий тайёргарлик даражаси ва сифат кўрсаткичи (35 балл);
  • 9-синф ўқувчиларининг билим даражаси (25 балл);
  • олий ва биринчи тоифали ўқитувчилар улуши (20 балл);
  • умумтаълим муассасасининг ўқувчилари ва педагог жамоаси ўртасида ўтказиладиган сўровнома натижалари (20 балл).

Рейтинг индикаторларида жами натижанинг 60 фоизи ўқувчилар билим даражасини акс эттиради.

“Бу индикаторлар асосида2020 йил 1 июль ҳолатига мактабларнинг рейтинг натижалари тайёрланди. Ҳудудлар рейтингида энг юқори ўринларниБухоро, Наманган ва Хоразм вилоятлари эгаллаган бўлса, қуйи ўринларда Сирдарё, Тошкент вилояти ва Сурхондарё вилоятлари қайд этилди”, - деб ёзмоқда Таълим инспекцияси.

Рейтингда 11-синф битирувчиларининг ўқишга кириш кўрсаткичлари бўйича Тошкент шаҳри (10,2%), Навоий (10,2%), Қорақалпоғистон Республикаси (10,4%), Фарғона (10,7%) ва Бухоро (16,5%) вилоятлари пешқадам бўлган.

“Бу йил 10 фоиз мактаб бўйича рейтинг тузилган бўлса, келаси йилларда оптик толали интернет тармоғига уланган мактаблар сони ошиб бориши ҳисобига замонавий ахборот коммуникацияларидан унумли фойдаланган ҳолда мазкур рейтингга 100 фоиз мактабларни қамраб олиш режалаштирилган”, - дейилади Таълим инспекцияси хабарида. 

Мавзуга оид