Ўзбекистон | 17:29 / 04.12.2018
6607
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда спорт тиббиёти янада ривожлантирилади. Халқаро ҳамкорликка катта эътибор қаратилмоқда

Мамлакатимизда спорт соҳасини ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Соҳага оид бир қатор қарор ва фармонлар қабул қилиниб, ҳаётга татбиқ этиб келинмоқда. Бу эса спортчиларимизнинг халқаро майдонда эришаётган ютуқларида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Хусусан, Президентимизнинг 2018 йил 5 мартдаги “Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борада яна бир муҳим қадам бўлди.

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси қошидаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази томонидан ҳам мазкур фармонда белгиланган вазифалар ижроси юзасидан бир қатор чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.

Шунингдек, марказ томонидан давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 9 мартдаги “Ўзбекистон  спортчиларини 2020 йил Токио шаҳрида бўлиб  ўтадиган ХХХII ёзги Олимпия ва ХVI Параолимпия  ўйинларига тайёргарлик кўриш тўғрисида”ги қарорининг ижросини таъминлаш юзасидан амалий ишлар бошлаб юборилган.

Таъкидлаш жоизки, спортчиларимиз эришаётган муваффақиятларда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси қошидаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий марказининг ҳам муҳим ўрни бор. Шу мақсадда марказ томонидан спорт тиббиётининг илғор ютуқларини ўрганиб, амалиётга татбиқ этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилиб келинмоқда.

 Ушбу чора-тадбирларнинг узвий давоми сифатида Миллий Олимпия қўмитаси қошидаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий марказида Германиянинг Ганновер медицина университети юрак кўкрак қафаси, қон-томир ва трансплантация бўлими жарроҳи, тиббиёт фанлари доктори Нодир МАДРАҲИМОВ иштирокида илмий-назарий ўқув семинар ўтказилади.

Ганновер медицина университети ва Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, марказ ходимларининг малакасини ошириш мақсадида ташкил этилган семинарда асли Ўзбекистон фарзанди бўлган тиббиёт фанлари доктори Нодир Мадраҳимов «Спортчиларда учрайдиган гипертрофик кардиомиопатиянинг олдини олиш ва эрта диагностикаси» мавзусида маъруза қилди.

Шунингдек, мутахассис марказ фаолияти ва Ўзбекистондаги спорт тиббиёти ривожи юзасидан ўз фикрларини билдириб ўтди.

«Спорт тиббиётини ривожлантириш бўйича Ўзбекистонда ҳам бир қатор ишлар амалга оширилганлиги ва ижобий натижаларга эришилганлигининг гувоҳи бўлдим. Хусусан, Миллий Олимпия қўмитаси қошидаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази фаолияти билан танишиб, шунга амин бўлдим. Марказ замонавий тиббий жиҳозлар билан тўлиқ таъминланган, зарур талабларга тўлиқ жавоб беради ва малакали мутахассислар фаолият кўрсатмоқда. Биз спорт тиббиёти соҳасида марказ билан яқиндан ҳамкорлик қилиб, тажриба  алмашиб келмоқдамиз», – дейди Н.Мадраҳимов.

 

Семинар якунида келгусида марказ ва Ганновер медицина университети ўртасида Меморандум имзолаш ҳамда ҳамкорликни янада ривожлантиришга келишиб олинди.

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси қошидаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Абдушукур Содиқов меҳмонга марказнинг эсдалик совғасини топширди.

Бардошбек САМАД ўғли

Мавзуга оид