15:14 / 25.10.2020
17697

«Бу сиёсий пора эмас» – Бобомурод Абдуллаев ўзига уй берилишида ҳеч қандай шарт қўйилмаганини айтди

Журналист Бобомурод Абдуллаев ўзига «сиёсий пора» берилгани ҳақидаги гапларни рад этиб, ҳукумат унга бирор шарт қўймаганини маълум қилди. У бу ҳақда Kun.uz мухбирига берган интервьюсида айтиб ўтди.

«Ҳозиргина менга хорижга чиқиш паспорти берилди. Энди мен ҳам чет элларга чиқиш имкониятига эгаман, бундан жуда хурсанд бўлдим, албатта. Охирги кунларда жуда драматик воқеалар содир бўлди. Онамнинг илтимосига кўра, президентимиз томонидан менга уй ҳадя қилинганини хабар қилгандим. Шундан кейин менга «хурсандмиз, шу уйда тўйлар қилинг» деган мазмунда жуда кўп табриклар келди. 

Олдин хорижий грантлар, Америка, Британия элчихоналаридан ўз лойиҳаларим учун маблағ олганман, бу пулларни сўз эркинлиги, журналистик фаолият учун ишлатганман. Ўша пайт жуда кўпчилик мени «Америка долларлари учун ватанни сотган хоин» деб баҳолашганди.

Президент томонидан менга уй берилганида айримлар, жумладан, ўзим ҳурмат қилган, дўст деб билган, олдин мени «шу юрт равнақи, сўз эркинлиги учун маблағ олган» дея баҳолаган мухолифатчилар, журналистлар энди «сиёсий пора олдинг, сотқинлик қилдинг» деб таъна қилишяпти. Мен уларга «сизларнинг олдингилардан қандай фарқларинг бор?» деяпман. 

Яна бир бор айтаман – бу совғани президентимиз, авваламбор, онамнинг илтимосидан келиб чиқиб, иккинчидан, инсонпарварлиги учун берган. Энг муҳими, бу квартира менга бирор шартсиз берилган, яъни бу пора эмас. Сабаби, пора бирор шарт эвазига берилади. Агар бу пора бўлганида эди, менга айтилган бўларди, «Бобомурод, сизга президентимизнинг совғаси бор, фақат уни олиш учун жим юрасиз, ҳукуматни мақтайсиз» каби шартлар қўйиларди.

Аммо менга ҳеч қандай шарт қўйилмаган экан, бу совғани сиёсий пора ҳисобламайман.

Инсон ўзининг принципларига, эътиқодига қарши борсагина хиёнат ҳисобланади. Менинг ўз эътиқодларим бор, уларга қарши бормадим. Буни ҳали вақт кўрсатади. 

Менга уй берилгани, паспортим топширилгани, энг муҳим суд ишлари тугатилишида бевосита давлат раҳбарининг ташаббуси бор деб ўйлайман. Бу қувончли воқеалар учун ҳаммага раҳмат айтаман», – деди Бобомурод Абдуллаев.

  • Журналист Бобомурод Абдуллаев 2017 йилда ҳам Ўзбекистонда конституциявий тузумини ағдариб ташлаш мақсадида фитна уюштириш жиноятида гумон қилиниб, қамоққа олинган, 2018 йил май ойида суд залидан озод этилганди. 
  • Шу йилнинг сентябрь ойи бошида у Ўзбекистон сўровига мувофиқ Қирғизистонда ҳибсга олинди. Кейинроқ журналистнинг онаси президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилгани инобатга олиниб, у 22 август куни муносиб хулқ-атворда бўлиш тўғрисидаги тилхат билан озод қилингани маълум бўлди.
  • Октябрь ойида эса президент Шавкат Мирзиёев журналистга Тошкент шаҳридаги турар жой мажмуаларининг биридан барча жиҳозлари ва маиший техникалари билан уч хонали квартира ҳадя қилгани ҳақида хабар берилди.
  • 23 октябрь куни эса унга хорижга чиқиш паспорти топширилди.

 

Top