Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистон ёшларига қойилмақом таклифлар бермоқчимиз — Angry Birds асосчиларидан бўлган фин тадбиркори билан суҳбат
Kun.uz мухбири Ўзбекистонга ташриф буюрган финландиялик жаҳонга машҳур тадбиркор, Angry Birds ўйини ишлаб чиқувчиларидан бири бўлган геймдизайнер, FinEst Bay Area компанияси асосчиси Питер Вестербака билан суҳбат уюштирди.
— Ўзбекистонга хуш келибсиз, Питер!
Раҳмат.
— Бироз ғайриоддий усулда кийинар экансиз. Бунинг сабаби борми?
Мен доим қизил худи кияман. Пандемия пайтида ниқобим ҳам қизил эди. Мен доим қизил кийинаман. Биринчидан, бу ажралиб туриш учун самарали йўл. Шунингдек, ўзим ҳам қизил рангни яхши кўраман.
Қолаверса, Rovio компаниясида (ўша машҳур Angry Birds ўйинини ишлаб чиққан компания - таҳририят) ишлаётганимда Германияда бизнес тадбирга бордим ва саҳнага чиқдим. Кейин мени ва бошқа уч қатнашчини суратга олишларини илтимос қилдим. Кейин Rovio Entertainment офиси жойлашган Финландиянинг Эспу шаҳрига қайтдим. Суратни жамоамизга кўрсатдим. Суратдаги тўрт кишининг уч нафари тўқ рангдаги расмий кийимда эди. Уларнинг биригина қизил худи ва қизил пойабзал кийиб олиб ажралиб турарди.
Маркетинг соҳасида ажралиб туриш, фарқли бўла олиш керак! Шундан кейин Rovio Entertainment маркетинг бўлими раҳбари компаниянинг барча ходимлари учун қизил худига буюртма берди. Шу тариқа, қизил худи Angry Birds’нинг униформасига айланди. Бинобарин, бугунги каби бирор тадбирга борганда, Angry Birds ходимини ажратиб олиш осон бўлади. Қизил худи кийганим билан боғлиқ юзлаб ҳикояларни айтиб беришим мумкин.
— Нега Финландияда қолгансизлар? Шароити яхшироқ бўлган Кремний водийсига ўхшаш жойга кўчмагансизлар?
— Кремний водийсида кўп марта бўлганман. Аслида мен фаолиятимни технологик стартапда бошлаганман. Бу Билл ва Дейв Пало Алтодаги гаражда 1930-йилларда асос солган компания эди (Hewlett-Packard компанияси назарда тутилмоқда - таҳририят). Мен Билл ва Дейв ўша ерда ишлаётган пайтларда учрашганман. Улар нафақат НР, балки бутун Кремний водийсига асос солишган. Мен НР’да узоқ йиллар ишладим. Ғаройиб жой. Бу илҳом манбайи. Ҳозирда Finest Bay Area’да фаолият олиб боряпман. У Финландиядаги кичик кўл атрофида жойлашган. Бизда Финландиянинг бошқа ҳудудлари, Эстония, Швеция ва Россиядан келиб ишлаётганлар бор. Ҳозирча биз Кремний водийси ва Хитойдан анча муваффақиятлироқ ишлаяпмиз. Unicorn Company бу капитализацияси миллиард доллардан ошадиган стартап.
Биздан жанубда жойлашган ва бир миллион уч юз минг аҳолига эга Эстонияда 6та ана шундай компания бор. Шунингдек, бизда Spotify, Kaloor, Skype, Angry Birds ва бошқа компаниялар ҳам бор. Киши бошига қиёслаганда, бу каби тарих яратишда биз Кремний водийси ва Хитойдан кўра анча муваффақиятлироқмиз бу борада. Finest Bay Area’да биз истеъдодлар улушини дунёнинг исталган бошқа нуқтасига нисбатан кўпайтирмоқчимиз.
Ҳозирда пойтахт Хельсинкини бошқа шаҳарлар билан боғлайдиган туннел қуряпмиз. Бу 15 миллиард евролик лойиҳа. Бу ерга келишимдан мақсадлардан бири бизга технологик соҳада беш йил ичида эгалланиши керак бўлган 50 мингдан ортиқ иш ўринлари бор. Биз Ўзбекистон ёшларига биздаги компанияларда ишлаш учун қойилмақом таклифлар бермоқчимиз. Шунингдек, Финландияда фирма очиш жуда осон. Бинобарин, барча ўзбек ёшларини таклиф қиламиз. Агар сиз Европа Иттифоқида, Европада компания очмоқчи бўлсангиз, унда Финландия ва Finest Bay Area таълим олиш ва компания юритиш учун ажойиб жой. Биз шу ердалигимизнинг сабабларидан бири шу.

Шунингдек, биз фин таълимини ёшлар билан баҳам кўрмоқчи эдик. Биз бу ерда эканимиздан, таълим ва янги нарсаларни ўрганиш ҳақида суҳбат қуришдан мамнунмиз.
— Ўзбекистонда нима сизни энг кўп ҳайратга солди?
— Кўп нарса. Ўтган йили февралда Ўзбекистонга келишимдан аввал кўп нарса билмасдим. Бу сафарги ташрифда Тошкентдан ташқарига чиқиб, аввал мен ва йигитлар эшитмаган жуда зўр шаҳар ва туманларга бордик. Бухорога ҳам бордик.
Дўстларимга бу илгари сизлар ҳеч қачон эшитмаган ва мен борган шаҳарларнинг ичида энг ажойиби деб айтдим. Бухоро ҳақида эшитмагандим, тан оламан. Самарқандга ҳам бордик. Самарқанд Буюк Ипак йўлининг маркази бўлганини барча билади. Тарихингиз ҳақида кўп нарса билиб олдик. Бу ерда мен аввал тасаввур қилмаган кўп ишларни қилса бўлади, деб ўйлайман.
Ҳар куни Ўзбекистон ҳақида янги нарсалар ўргандим. Бу ерда, айниқса, ёшлар билан янги нарсаларни баҳам кўришга ҳаракат қилдим. Фикримча, фин тилида Ўзбекистон сўзига уйқаш бўлган сўз борлиги ажойиб. Масалан, rokston. Бу бизнинг тилда «севги», «яхши кўриш», дегани. Демак, Rokston Uzbekistan деганингизда «мен Ўзбекистонни яхши кўраман» дегани бўлади.
Rokston Uzbekistan деганингизда ўзбекчага ўхшаб чиқаркан. Бу ҳақда ёшлар билан кўп гаплашдик.
— Оддий фуқаро сифатида айтинг-чи: юқори яшаш стандартларига қандай эришиш мумкин?
— Ҳа, менинг фикримча, ҳаммасини таълимдан бошлаш керак. Биз қилаётганимиз каби. Хурсанд қиладиган президентларинг ўтган йили ноябрда Финландия таълим тизимига эътибор қаратиш ва ундан илҳом олиш кераклигини айтгани бўлди. Биз бу ердалигимиз сабабларидан бири, фикримизча, биргаликда ажойиб нарсаларга эришамиз. Шунинг учун кўплаб боғча, мактаб ва университетларга бордик. Биз пилот лойиҳа сифатида фин тилини ўргатишни бошладик. Чунки биз ёшларга Финландия мактабларида тажриба алмашишларини истаймиз. Ажойиб мактаб лойиҳамиз бор.
Бу йилча шу ердан бошлаймиз. Келаси йили юзлаб ўзбек ёшларини фин тилини ўрганиш ва Финландия мактабларида ўқиш учун олиб кетмоқчимиз. Бунинг худбин боиси бор. Агар сиз кам ва ўсишдан тўхтаган аҳолиси бор давлатда яшасангиз, давлатингизда қойилмақом иш ўринлари бўлса, юқорида айтиб ўтганим каби технология соҳасининг ўзида 50 минг, шунингдек бошқа соҳаларда ҳам кўплаб ўринлар мавжуд жойда яшашансагиз шундай қилишга мажбур бўласиз. Биз қойилмақом таълим ва ажойиб имкониятлар тақдим қилмоқчимиз. Ўқувчи-талабаларнинг бир қанчаси Финландияда қолиб бир неча йил яшашга қарор қилишади деган умиддаман. Кўпчилиги бу ерга қайтиб, янги жамият қуришади албатта. Охир-оқибат бу ҳар иккала тараф ҳам ютадиган вазият ва бундан жуда хурсандмиз. Биз бир ой муқаддам фин тили ўргатилаётган мактаб ўқитувчиси ва ўқувчилари билан учрашдик. Мен ўқувчилар билан фин тилида бемалол гаплаша олдим. Уларни Финландиядаги мактабларда кутамиз. Бизда, Финландияда, ажойиб мактаблар бор.
— Питер, суҳбат учун раҳмат!
— Сизга ҳам раҳмат.