Иқтисодиёт | 11:21 / 02.08.2021
17862
2 дақиқада ўқилади

Июль ойида бензин 4 фоизга, пропан нархи эса 5,5 фоизга қимматлашган

Йиллик нисбатда инфляция ўсиш даражаси 11,1 фоизни ташкил қилмоқда. Июль ойида озиқ-овқатлар 0,9 фоизга арзонлашган бўлса, хизматлар 0,2 фоизга, ноозиқ-овқатлар эса 0,5 фоизга қимматлашган.

2021 йилнинг июль ойида истеъмол бозоридаги товарлар ва хизматлар нархи ўртача 0,2 фоизга арзонлади. Таққослаш учун, 2020 йилнинг июль ойида товарлар ва хизматлар ой давомида ўртача 0,3 фоизга, 2019 йилда эса 0,4 фоизга арзонлаган.

Жорий йил бошидан истеъмол секторида нархларнинг ўсиш даражаси 4,2 фоизни, ўртача ойлик ўсиш даражаси эса 0,6 фоизни ташкил этмоқда.

Йиллик нисбатда инфляция ўсиш даражаси 11,1 фоизга етди. Маълумот учун, 2020 йилнинг июль ойида йиллик умумий инфляция даражаси 14,4 фоизни, 2019 йилнинг июлида эса 13,5 фоизни ташкил этган.

Июль ойида озиқ-овқатлар 0,9 фоизга арзонлашган бўлса, хизматлар 0,2 фоизга, ноозиқ-овқатлар эса 0,5 фоизга қимматлашган.

Ўтган ой давомида мавсумий омиллар сабаб мевалар ва ёнғоқлар 7 фоизга, сабзавотлар ва дуккаклилар 4,2 фоизга, сут маҳсулотлари ва тухум 0,6 фоизга арзонлашган.

Шундай бўлса-да, гўшт маҳсулотлари 1,2 фоизга қимматлашган.

Йиллик нисбатда ёғ-мой маҳсулотлари (1,5 баробарга), сабзавотлар, илдизмевалилар ва дуккаклилар (25,6 фоиз), мевалар ва ёнғоқлар (16,5 фоиз), шакар, қандолат маҳсулотлари ва десертлар (15,7 фоиз) сезиларли даражада қимматлашган.

Ноозиқ-овқат маҳсулотлари таркибида июль ойида энг катта нарх ўсиши бензин (4 фоиз) ва пропан (5,5 фоиз) ҳисобига тўғри келади. Йиллик ҳисобда бензин 40 фоизга кўтарилган.

Мавзуга оид