Қайнона-келин муносабати жаҳоннинг бошқа мамлакатларида қай ҳолатда?
Психологларнинг фикрича, қайнона келин ўртасидаги мураккаб муносабатлар жаҳоннинг барча мамлакатларида учрайди. Айрим мамлакатларда бу муаммони ҳал қилишга эришилгани айтилади. Шарқда қайнона-келин муаммоси кузатилса, Ғарбда қайнона-куёв муаммоси бор. Латифалар орқали айни дамда ўзимизда ҳам қайнона-куёв муаммолари жамиятимизга сингиб бораётгандек, гўё.
Сулаймон оролларида келин қайнонаси билан бир уйда истиқомат қилади. Улар ўртасида камдан кам можаро чиқади. Бунинг сабаби оддий. Маҳаллий урф-одатларга кўра, келин ва қайнона бир вақтда хўжаликдаги ишни бажариши керак эмас. Яъни, уй ишини ё келин, ё қайнона бажариши керак. Меҳнатнинг бу каби тақсимланиши уруш-жанжалларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Ҳиндистонда турмушга чиққан қиз қайнонасининг ҳар бир сўзи ўзи учун қонун эканини англаб етиши керак. Қайнона ўзига берилган “ҳуқуқ”ни суиистъемол қилиш ҳолатлари ҳам учраб туради. Бу ўз навбатида, жиноятга етаклайди. Вазият шу даражага бориб етдики, расмийлар қайноналар учун махсус қамоқхона очишга мажбур бўлди. Тўғрироғи, Деҳлидаги “Тихар” қамоқхонасида қайноналар учун махсус бўлим жорий қилинди. Қайноналар қайси гуноҳлари учун озодликдан маҳрум қилинади? Биринчи навбатда, таъмагирлик учун. Тўғрироғи, куёвнинг онаси келиндан қалин талаб қилади. Айни шу нарса, яъни қалин бериш Ҳиндистон қонунларида тақиқланади. Аммо шунга қарамай кўпчилик аёллар эскича анъаналарга кўра яшашни хоҳлашади.
Маълумки, Ҳиндистонда қадим-қадимдан келиннинг оиласи куёвнинг оиласига қалин тўлайди. Шу сабабли ҳам қайноналар “бу анъанага содиқ қолиш керак”, деган фикр билан яшайдилар. Таҳлилчиларнинг фикрича, расмий статистикага кўра, ҳар йили 5000–7000 қиз таъмагирликнинг қурбонига айланади. Уларнинг кўпчилиги оиласи қалин тўлай олмагани учун ўз жонларига қасд қилишгача боради. Ўз жонига қасд қилишга эса қайноналарнинг зулми мажбур қилади. Бунинг учун қайноналар суд ҳукми билан озодликдан маҳрум қилиниб, махсус қамоқхонага юборилади. Сўнгги вақтларда келинлар қайноналарига қарши туришга интилишмоқда. Келинлар “энг яхши ҳимоя - бу ҳужум” ақидасига амал қилишмоқда. Бунинг натижаси ўлароқ, қайноналар ҳам бирлашишга қарор қилишди. Айни дамда ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи қайноналар уюшмаси ташкил этилган.
Кореяда қадим-қадимдан “катта ўғил ота-онаси бағрида қолиши керак”, деган анъана бор. Бу анъана ота-оналар кексайганда катта ўғил ёрдам беришини назарда тутади. Шу сабабли ҳам катта келин мураккабликлар билан тўқнаш келади. Тадқиқот ўтказган таҳлилчиларнинг фикрича, Кореяда қайнона ва келин ўртасидаги муносабатлар ҳамон мураккаблигича қолмоқда. Ҳозиргига қараганда, анъаналарга кўпроқ итоат қилинган 1974 йилда ўтказилган сўровда қатнашган қизларнинг атиги 13,4 фоизи катта ўғилга турмушга чиқиш хоҳиши борлигини айтган эди. Улардан ҳеч ким якка ўғилга турмушга чиқиш нияти борлигини айтмаган. 2010 йилда ўтказилган тадқиқот натижалари корейсларнинг турмуш тарзи ўзгармаганини ойдинлаштирди. Мустақил бўлишга интилувчи ёшлар қайнонага итоат қилишни хоҳламайди. Бу ўз навбатида, турли можароларга сабаб бўлади. Қайнона бир вақтлар ўз қайнонасига бўйсингани каби келини ҳам ўзига худди шундай бўйсинишни истайди. Бироқ ғарбона тарбия кўрган келин қайнонанинг хизматкори бўлишдан ўзини олиб қочишга уринади.
Мексикадаги вазиятга ҳавас қилса арзийди. Бу мамлакатда қайнона келин ғавғоси йўқ. Улар бир-бирлари билан ўзаро дугонага айланиб кетишлари айтилади. Келин ўз қайнонасига нозик сирларини айтиши одатий ҳолдир. Ўз навбатида, қайнона ўғли ва келинига ҳар томонлама ёрдам беришга интилади. Бу турли маиший муаммоларни ҳал қилишга ва можароларнинг олдини олишга ҳисса қўшади.
Италия эркакларининг ўз оналарига бўлган муҳаббати ҳақида кўп ёзилган. Тўйдан кейин ҳам она алоҳида яшаётган бўлишига қарамай ўғлининг ҳаётига аралашаверади. Тўғри, айрим Шарқ мамлакатларидан фарқли равишда Италияда қайноналар келинлари ўзларининг хизматларини қилишини талаб қилмайди. Бироқ ўғлининг рафиқаси қандай кийиниши, қандай бўяниши, нималарни харид қилиши билан қизиқишга ҳақли эканини бот-бот эслатиб туради. Бу қуруқ гап эмас. Агар келин қайнонанинг насиҳатларига амал қилса нур устига аъло нур. Акс ҳолда қайнонанинг ғазабига дучор бўлиши турган гап. Агар келин қайнона билан бирга яшайдиган бўлса, бу каби бахт ҳар кимга ҳам насиб қилавермайди. Италиялик қайнона билан тортишишнинг мутлақо иложи ҳам, имкони ҳам йўқ. Фақат қайнонагина келини ва ўғли қандай бахтли ҳаёт кечиришини билади.
Норвегияда ёшлар аллақачон ота-оналаридан алоҳида яшашга ўрганиб бўлишди. Оилада катталар ва кичиклар ўртасидаги муносабатлар тенглик асосига қурилган. Шу сабабли ҳам бу мамлакатда келинлар қайноналаридан бирор бир маслаҳат ёки топшириқ олишга одатланмаган. Келинларнинг ўзлари ҳам кўмак сўраб қайноналарига мурожаат қилишмайди. Ёшлар ўз муаммоларини ўзлари ҳал қилади. Мабодо қандайдир муаммо пайдо бўлиб қолса, келин-куёвлар ота-оналарига эмас, балки психологга ёрдам сўраб, мурожаат қилишади. Келин эрининг яқин қариндош-уруғлари билан камдан-кам ҳолларда - унда ҳам оилавий тадбирларда учрашади.
Шарофиддин Тўлаганов