Иқтисодиёт | 19:16 / 21.07.2021
18080
2 дақиқада ўқилади

Россиядаги ўзбек муҳожирларининг Ўзбекистонга пул юбориш кўрсаткичи ошди

Россиядаги хорижлик муҳожирларининг ўз ватанларига пул ўтказмалари камайган. Ўзбекистонлик мигрантлар эса бундан мустасно: ўзбекларнинг пул юбориш кўрсаткичи 12,4 фоизга ошган.

Россия Марказий банки маълумотларига кўра, 2021 йилнинг дастлабки уч ойида хорижий фуқароларнинг Россия Федерациясидан МДҲ давлатларига пул ўтказмалари ҳажми ўртача 13 фоиздан камайган.

Давом этаётган пандемия ва маълум карантин чекловларига қарамай, Ўзбекистон пул ўтказмалари кўпайган ягона давлатга айланди. Жорий йилнинг биринчи чораги натижаларига кўра, ўзбекистонликлар Россиядан 680 миллион долларга яқин маблағ жўнатган, бу 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 12,4 фоизга кўп.

МДҲнинг бошқа барча мамлакатлари турли даражада пул ўтказмалари динамикаси пасайишини намоён қилган. 

Пул ўтказмаларининг юқори даражада пасайишини Туркманистонда - 87,5 фоиз (0,1 миллион доллар), Молдовада - 50,6 фоиз (44,8 миллион доллар) ва Тожикистонда - 37,3 фоизгача (224,9 миллион доллар) кузатиш мумкин. Мигрантлар Украина, Озарбойжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Белорусия ва Aрманистонга кам пул жўнатишни бошлаган.

Ўзбекистон пул ўтказмаларининг ижобий динамикасини намойиш этган ягона хорижий давлатга айланди. Йил давомида республикага трансфертлар 12,4 фоизга – 680,4 миллион долларга ўсди.

Экспертлар пул ўтказмалари ҳажми ошиши мамлакатдан келган меҳнат муҳожирлари сони билан боғлиқлигини ҳам таъкидлашади. Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, 2021 йил январидан мартигача миграция учун республиканинг 638 минг фуқароси рўйхатга олинган – бу барча мамлакатлар орасида рекорд кўрсаткич.

Ўзбекистондан кейинги ўринни Тожикистон эгаллайди – 393 минг киши. Бироқ, 2020 йилнинг биринчи чорагида жорий йилга нисбатан кўпроқ , яъни 1,060 миллион Ўзбекистон фуқароси рўйхатга олинган.

Тайёрлаган:  Мадина Очилова

Мавзуга оид