Ўзбекистон | 12:01 / 21.11.2023
31443
6 дақиқада ўқилади

Олтиариқда адирликка барпо қилинган узумзорнинг катта қисми қуриб битди: айбдор ҳамма ва ҳеч ким

2022 йилда Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида минг гектарлик адир узумзорга айлантирилиб, ёш оилаларга 20-25 сотихдан, 3 йиллик имтиёз билан 7 йилга, 14 фоизли кредит асосида тақсимлаб берилган эди. Таҳририятга узумзор айни пайтда абгор ҳолатда экани, ҳатто айрим ерларга ток кўчати экилмай қолиб кетгани, ўтган ёз фаслида сув берилмаслиги оқибатида кўчатлар қуриб кетгани ҳақида мурожаат келиб тушди. Kun.uz мухбири ҳолатни ўрганди.

Суриштирув давомида айрим жойларда ҳақиқатан ҳам токлар кўкарганини гувоҳи бўлдик.

Лекин умумий майдоннинг аксарият қисмига кўчат экилмаган, бори ҳам қуриб ётарди.

Маълум бўлишича, адирликда токзор барпо этиш учун 102 млрд сўм (73 млрд Агробанк АТБ, 18 млрд маҳаллий бюджет маблағлари, 1 миллион доллар жаҳон банки гранди) маблағ жалб этилган.

Адирликдан ер олган мурожаатчилар ҳолатни сўзлаб берди.

“Боғ учун ажратилган ердан олган эдик. Бошида мақташган эди, узум яхши бўлади, сув узилмайди дейишганди. Аммо камчиликлар етарли бўлди. Энг аввало, сув муаммо бўляпти, кўчатлар қуриб кетяпти. Шартномада кўрсатилгандек шароит йўқ, лекин ҳар ой тўловларини тўлаб турибмиз. Маблағимизга куйиб қоляпмиз.

Айтганимдек, асосий муаммо сувда бўляпти. Насослар ҳам жуда кўп бузилади. Сув сўрасак, насос бузилган, дейди. Ўзим олган жой қуруқ ер эди, узум экиб берамиз дейишган, аммо ҳалиям ток кўчатидан дарак йўқ. Шартномада кўрсатилганидек ток кўчати экиб беришмади ҳатто. Ўзим ёнимдан эккан кўчатлар сувсизликдан қуриб ётибди. Умуман талаб даражасида эмас. Таъминотчилар яхши ишламайди. Йўл бўйидаги кўзга кўринадиган жойлар яхши бўлиб турибди шунчаки, лекин кўздан пана жойларда аҳвол ёмон.

20 сотихдан иккита жой олганман. Токлар бўлади дейишган, лекин йўқ эди. Ўзим кўчат сотиб олиб экдим, аммо сувсизликдан қуриб боряпти. Ойма-ой тўловларни тўлаяпмиз. Тўлаётган пулимга ачинаман. Ҳар бир лот учун 350 минг сўмдан тўлайман, 3 йил имтиёзли давр, 3 йилдан сўнг, икки баробар тўлаймиз. 25 фоизча жойда узум яхши, унда ҳам йўл бўйидаги жойлар, қолган жойларда узум ҳам экилмаган, шартномалар талабларига мос эмас”, – дейди мурожаатчилардан бири.

Қуруқ ер учун банкка кредит тўлаб ётибмиз...”

«Биз ҳам шу узумзорга қизиқиб 20 сотих ер олган эдик. Лекин таъминотда камчилик кўп. Симлар яхши тортилмаган, бўш. Бошида кўчатлар экилган, яхши эди. Лекин сув бўлмай узумлар қуриб қолаверди. Миробдан сув сўрасам, навбати билан ичяпти, дейди, лекин навбат ҳам келмайди. Фақат йўл ёқаси яхши сув ичиб кўкариб турибди холос.

Банкка ойма-ой тўловларни қиляпмиз. Сал вақтидан ўтса, бирдан эшик тақиллатиб келишади банк ходимлари. Лекин бу ерда аҳвол чатоқ. Сув бўлмагандан кейин меҳнат қилганнинг фойдаси йўқ. Бўлса 30 фоиз узум кўкарган умумий ерларда. Атрофимдаги токзорлар сувсизликдан қуриб ётибди. Бошида сувдан муаммо бўлмайди, ҳамма шароитни қилиб берамиз, деб катта ваъда беришган эди”, – дейди яна бир мурожаатчилардан бири.

Ток кўчати экиб беришга масъул бўлган Ҳомиджон Аминжонов мурожаатчилардан фарқли ўлароқ кўчатлар қуриб кетишида томорқа эгаларини айблади.

Ҳомиджон Аминжонов

“Зиё” МЧЖ раҳбари Ҳомиджон Аминжонов адирликда ҳақиқатан ҳам ток кўчати экилмаган жойлар ҳам борлиги, бунга сабаб сувдан муаммо бўлгани, баъзилар ток эмас, бошқа кўчат экаман дегани учун кўчат пулини ҳам қайтариб берганини таъкидлади. Ток экиб беришга масъул шахснинг қўшимча қилишича, токларнинг қуриб кетишига томорқа эгаларининг ерни қаровсиз қолдиргани сабаб бўлган.

Олтиариқ тумани фермерлар кенгаши раҳбари Акмалиддин Муллажоновдан ҳолат бўйича изоҳ олдик.

Акмалиддин Муллажонов

“Боғни суғориш учун 5 та ҳовузда сув бор, насослар ишлаяпти. 4 та кооперация ташкил қилинган. Уларнинг вазифаси ўзларига ажратилган лотлардаги муаммоларни ҳал қилиш, яъни токида, сувида муаммо бўлса. График асосида ҳар бир лотга 3 кунда бир марта 3-4 соатдан сув берилади.

Лекин ишлаб даромад қиламан деган кишилар яхши ҳосил олишяпти. Қўшимча экинлар экишяпти ток ораларига. Ерни эътиборсиз қолдирган деҳқонларнинггина токи қуриб кетган.

Кўчатлар экиляпти. Кўчат бўйича кооперация бор, улар кам жойларни тўлдиришяпти, қуриб қолган кўчатлар ўрнини ҳам экиб беришяпти. Ҳали кўчат экилмаган жойлар яқинда олинган жойлар, эгаси бўлмаган уларнинг. Уларга ноябр ойидан кўчат экилади.

Баъзи жойларда сув олишда жой эгалари бошқа томоннинг сув қувурини узиб қўйиб, қайта уламаяпти, шунинг учун бошқа лотга сув ўтмай қолаётган ҳолатлар бўлди. Лекин ҳозир сув бўйича ҳам кооперация ташкил қилинган, улар ўзлари назорат қиляпти. 90 фоиз атрофида узумлар кўклаб турибди”, – дейди у.

Фермерлар кенгаши раиси токларнинг қуриб қолишида томорқа эгаларини айблаган бўлса, мурожаатчилар ўтган ёз ойларида ўзларига ажратиб берилган ерга умуман сув берилмагани, бунинг натижасида эса узум кўчатлари қуриб битганини айтишди.

Мурожаатчиларнинг қўшимча қилишича, шартномада кўрсатилган кўчатни экиб беришни ойлаб пайсалга солиб келаётган пудратчи Kun.uz суриштирувидан кейингина ҳаракатга тушиб қолган.

Сарвар Зиёев, Kun.uz
Монтаж устаси: Жаҳонгир Алибоев.

Мавзуга оид