Боғча мудири, мактаб директори, банкир, молиячи... — Навоий вилояти прокурори коррупция ҳолатларини санади
Навбаҳор туман молия бўлими бошлиғи ўринбосари юздан ортиқ фуқаронинг хабарисиз, улар номига ижтимоий нафақалар расмийлаштирган. Навоий вилоятидаги банкларнинг 30га яқин мансабдори жиноий жавобгарликка тортилган. Ўнлаб ер майдонлари аукционсиз берилган.
1 декабрь куни халқ депутатлари Навоий вилояти кенгашининг ХII сессияси бўлиб ўтди. Унда вилоятнинг яқинда тайинланган прокурори Бахтиёр Аҳмедов ҳудуддаги коррупция ҳолатларига тўхталиб ўтди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.
Унинг айтишича, ўтган икки йилда вилоятда жами 200 нафарга яқин шахс (шундан 138 нафари мансабдор шахс) коррупцион жиноятлар содир қилгани учун жиноий жавобгарликка тортилган.
Ушбу муддатда 67 та порахўрлик, 4 та мансабни суиистеъмол қилиш, 8 та мансаб сохтакорлиги, 97 та бюджет маблағларини талон-торож қилиш, 13 та мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш йўли билан фирибгарлик қилиш ҳолатлари кузатилган.
Содир этилган коррупциявий жиноятлар оқибатида давлат манфаатларига 16 млрд сўмдан ортиқ моддий зарар етказилган, деди прокурор.
Унга кўра, бюджет пулларини талон-торож қилиш ҳолатлари, асосан халқ таълими, мактабгача таълим, соғлиқни сақлаш, қурилиш, энергетика, маҳалла, қишлоқ ва сув хўжалиги ҳамда банк соҳаларига тўғри келмоқда.
Молия бўлими
«Бюджет маблағларининг рационал тақсимланиши ва мақсадли ишлатилиши юзасидан давлат назоратига масъул молия органлари ўзларига юклатилган вазифаларни талаб даражасида бажармаяпти ёки ўзлари бу маблағлар талон-торож қилинишига кўмакчи сифатида иштирок этишмоқда.
Масалан, Навбаҳор туман молия бўлими бошлиғи ўринбосари – давлат мақсадли маблағларини назорат қилиш шўбаси бошлиғи О.Очилов тумандаги маҳалла фуқаролар йиғинлари, бандликка кўмаклашиш маркази ҳамда Халқ банки туман бўлими ходимлари билан бирга 116 нафар фуқаронинг хабарисиз, улар номига ижтимоий нафақаларни расмийлаштириб, 646 млн сўм бюджет маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган», – деди Бахтиёр Аҳмедов.
Банклар
Маълум қилинишича, Навоий вилоятида ўтган икки йилда тижорат банкларининг 30 нафарга яқин мансабдор шахслари коррупциявий жиноятлари учун жавобгарликка тортилган.
Биргина, 2019 йилда тижорат банклари томонидан «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури доирасида ажратилган имтиёзли кредит маблағлари ўзлаштирилгани бўйича, айбдорлардан 2,1 млрд сўмлик зарар ундирилиб, банк ходимлари ва уларнинг жиноий шериклари бўлган 46 нафар шахснинг жиноий жавобгарлик масаласи ҳал қилинган.
«Халқ банки» вилоят филиали фаолиятига алоҳида тўхталмоқчиман. Ушбу банк филиали ўз номига муносиб тарзда, халқ манфаати учун хизмат қилмаяпти десам, айни ҳақиқат бўлади. Раҳбарлар қўнимсизлиги, ходимлар устидан назоратнинг йўқлиги, такрор ва такрор жиноятлар содир этилишига шароит яратмоқда.
Масалан, «Халқ банк» Навоий шаҳар филиали мансабдор шахслари 43 нафар фуқаронинг хабарисиз, улар номига чорвачилик, иссиқхона, паррандачилик ва бошқа йўналишларда 675 млн сўм кредит пулларини олиб, ўзлаштириб юборишган.
Ёки ушбу раҳбарлар ўзлари раҳнамолигида фаолият кўрсатаётган «Олтин туёқ» фермер хўжалигига чорва моллари харид қилиш учун 500 млн сўм кредит ажратиб, ушбу пулларни банкнинг ўзида нақдлаштириб олиб, шахсий эҳтиёжлари учун ишлатиб юборишган. Ҳозирда улар суд олдида жавоб бермоқда», – деди прокурор.
Ҳокимликлар, кадастр ва ер ажратиш
Аҳмедовга кўра, қурилиш учун ер ажратиш, танлов ва тендер ўтказиш, шаҳарсозлик ҳужжатларини расмийлаштириш, муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш жараёнларида коррупция кўплаб кузатилмоқда.
Ўтказилган ўрганишларга кўра, маҳаллий ҳокимликларнинг қарорлари билан вилоят бўйича 15 та ҳолатда 759 гектар ер майдонлари ноқонуний ажратиб юборилган.
Мисол учун, Учқудуқ туман ер ресурслари ва давлат кадастр бўлими бошлиғи Бекниязов туман ҳокимлигининг бош мутахассиси Тўрақулов билан биргаликда 13 нафар фуқародан 31 млн сўм пулларни фирибгарлик йўли билан олиб, сохта ҳужжатлар асосида уй-жой қуриш учун ер майдонлари ажратилишига эришган. Ушбу ҳаракатлари учун айбдорлар суд ҳукми билан, тегишли жазога тортилган.
Тадбиркорлик субъектларига ер майдонлари аукцион орқали ажратилиши белгиланган бўлса-да, жорий йилнинг ўтган даврида Қизилтепада 24, Карманада 15, Конимехда 6, Хатирчида 4, Навбаҳорда 3 та ҳолатларда тўғридан тўғри ажратиб берилган.
Таълим соҳаси
Прокурорнинг таъкидлашича, сўнгги икки йилда 46 нафар таълим соҳаси мансабдор шахслари жиноятларни содир қилишгани учун жавобгарликка тортилган.
Хусусан, бундан бир неча кун олдин Навбаҳор тумани МТБ шуъба мудираси 8-сонли боғча мудирасидан 3 нафар тарбиячига онлайн ўқув машғулотларини ўтказиш ва малака тоифасини олиб бериши эвазига 800 минг сўм олган вақтида ушланган.
Хатирчи туманидаги 62-мактаб директори Қўчқоров жорий йилнинг май ойида фуқаро Султоновани кадрлар бўйича менежер вазифасига ишга қабул қилиши эвазига 1 млн 200 минг сўм пора олгани учун, суд томонидан жазога тортилган.
Тиббиёт
«Халқ дарди билан яшаб, ўз ҳаёти ва соғлигини хавф остига қўйиб бўлса-да, қасамига содиқ қолган хизмат қилаётган шифокорлар орасида, уларнинг 19 нафари коррупциявий жиноятларга қўл ургани ачинарли ҳол.
Кармана туман кўп тармоқли поликлиникаси тиббий меҳнат экспертизаси комиссияси раиси Тагаевнинг фуқаро Зоировага меҳнатга лаёқатсизлик нафақасини тайинлашга хулоса бериши учун 2 млн сўм пул олганини қайси виждон амри кўтаради?!
Навоий тиббиёт техникуми директори Илясов эса фуқаро Дўстмуродовани ўқишга киритиш эвазига 500 доллар миқдорда пора олган», – дея қайд этди Навоий вилояти прокурори Бахтиёр Аҳмедов.
Мавзуга оид
12:39 / 12.11.2024
Фарғонада коррупцияга қарши курашувчи мансабдорнинг ўзи коррупция билан қўлга тушди
20:06 / 11.11.2024
Қозоғистонда яна 1 млрд доллар ноқонуний активлар давлатга қайтарилди
19:42 / 07.11.2024
Тахиатош тумани ҳокими собиқ ўринбосари озодликдан маҳрум этилди. У бюджет маблағларини талон-торож қилган
10:34 / 05.11.2024