Спорт | 23:22 / 17.12.2021
21759
2 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги профессионал бокс кечасида Ўзбекистоннинг 7 вакили ҳам ғалаба қозонди — Мадримов рақибини техник нокаут эвазига мағлуб этди

Бугун, 17 декабрь куни Тошкентда профессионал бокс кечаси (Boxing Night 2) бўлиб ўтди. Унда 7 нафар ўзбекистонлик боксчи рингга кўтарилди. 

Фото: ЎБФ

-79,39 кг вазнда Дилшодбек Рўзметов (1-0) профессионал боксдаги илк жангини россиялик Максим Смирновга (8-10-3, 4 КО) қарши ўтказиб, 6 раундга мўлжалланган жангда очколар сонига кўра ғалаба қозонди. Учала ҳакам ҳам 60:54 ҳисобини қайд этишди.

-69,85 кг вазн тоифасида Иқболжон Холдоров иккинчи жангида (2-0, 2 КО) беларуслик Дмитрий Милиушани (9-6-1, 4 КО) 1-раунддаёқ (2:40 сония) нокаутга учратди. Андижонлик боксчи нокаут қайд этилгунича рақибини 2 бор нокдаунга туширди.

-58,97 кг вазнда Элнур Абдураимов (8-0, 7 КО) 8-жангида филиппинлик Жон Геминони (22-13-1, 12 КО) 6-раундда нокаут қилди. 

-80,29 кг вазнда Бектемир Мелиқўзиев (8-1, 6 КО) россиялик Сергей Екимовни (18-3, 9 КО) 8 раундлик жангда очколар эвазига мағлубиятга учратди. Ҳакамлар 80:72, 80:71, 80:71 ҳисобларини қайд этишди.

Фото: ЎБФ

Кечанинг асосий кардидан ўрин олган дастлабки жангда -48,99 кг вазнда Ҳасанбой Дўсматов (4-0, 4 KO) Мексика вакили Хосе Ривас (18-13-4, 10 KO) устидан техник нокаут эвазига устун келди. 4-раунддан сўнг Ривас жароҳат туфайли жангни давом эттира олмаслигини маълум қилди. 

-64,86 кг вазнда Шаҳрам Ғиёсов (12-0, 9 КО) аргентиналик Кристиан Кориа (29-9-2, 13 КО) устидан очколар натижасига кўра ғалаба қозонди. 10 раундлик жангда ҳакамлар 100:90, 100:90, 99:91 ҳисобини қайд этишди.

Фото: ЎБФ

Оқшомнинг марказий жангида -69,85 кг вазнда Исроил Мадримов (8-0, 6 КО) франциялик Мишель Соро (35-3-1, 24 КО) билан тўқнаш келди ва жиддий рақибини 9-раунд якунида техник нокаут эвазига мағлуб этди. 

Эътиборлиси, рефери раунд якунида чалинган гонгни эшитмади ва нокаут раунд вақти тугаганидан кейин содир бўлди.

Мадримов ғалабадан сўнг WBA чемпионлик камари учун расмий даъвогарга айланди.

Мавзуга оид