Ўзбекистон | 07:28 / 14.05.2020
14520
2 дақиқада ўқилади

Жазони ижро этиш муассасаларида махсус ўқув гуруҳлари ташкил этилади

Жиноий жазони ижро этиш тизимида таълимни ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинади.

Президентнинг “Жиноий жазони ижро этиш тизимида таълимни ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Ҳужжатда қайд этилишича, умумтаълим муассасалари ва касб-ҳунарга ўқитиш марказлари фаолият кўрсатмаётган жазони ижро этиш муассасаларида маҳкумларнинг умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими олиши учун, шунингдек барча жазони ижро этиш муассасаларида маҳкумларнинг олий таълим олиши учун имконият ва шароитларни яратиш, шунингдек пробация хизмати учун кадрлар тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш зарурати юзага келган.

2021/2022 ўқув йилидан бошлаб озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинган шахсларнинг масофавий таълим шакли орқали:

умумий ўрта таълим олиши учун жазони ижро этиш муассасаларида фаолият кўрсатаётган умумтаълим муассасаларида;

ўрта махсус, касб-ҳунар таълими олиши учун жазони ижро этиш муассасаларида фаолият кўрсатаётган касб-ҳунарга ўқитиш марказларида;

олий таълим олиши учун тегишли олий таълим муассасаларида махсус ўқув гуруҳлари ташкил этилади.

Белгилаб қўйилишича:

махсус ўқув гуруҳида таълим олувчилар сони 30 кишидан ортиқ бўлмайди;

махсус ўқув гуруҳларида таълим олувчиларнинг сони олий таълим муассасаларининг белгиланган умумий қабул квоталари сонига кирмайди ва Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан молиялаштирилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид