21:27 / 08.01.2021
52507

Ўтин бозоридан репортаж: Қишда уйни иситиш қанчага тушади?

Қиш фаслида Ўзбекистондаги оила бошлиқларининг аксарияти учун энг масъулиятли вазифа бу – ўз оиласини баҳорнинг иссиқ кунларига эсон-омон етказиб олиш. Аммо... хонадонни иситиш анчагина харажат талаб қилади.

Ўзбекистон аҳолисининг катта қисми ҳамон қишда уйини табиий газ эмас, кўмир ва ўтин билан иситмоқда.

Kun.uz мухбири Андижон вилоятидаги кўмир ва ўтин бозорларидаги нарх-наво билан танишиб, совуқ кунларда аҳоли ўз хонадонини иситишга қанча маблағ сарфлаётганини ўрганди.

Кўмир ва ўтин бозорида

Ёқилғи маҳсулотлари нархини билиш мақсадида Олтинкўл туманининг Қўштепа қишлоғи ва Андижон шаҳри Найман кўчасида фаолият юритувчи кўмир бозорларида бўлдик.

Мазкур бозорларда тадбиркорлар қўшни Қозоғистон ва Қирғизистондан келтирилган кўмир маҳсулотларини сотмоқда. Бир килограмм кўмирнинг нархи сифати, йирик ёки майдалигига қараб 800–1200 сўм атрофида.

Бозор савдогарлари бизга тез гуриллаб ёниб тугайдиган арзон кўмирларни, узоқ вақт чўғ бўлиб турадиган нархи баландроқ ва яна уларнинг таъбирича «атиргулдек ёниб турувчи» энг қиммат кўмирларнинг ёнишини ўз печларида кўрсатиб ҳам беришди.

«Ўзбекистон кўмирларини сотмаймиз. Сабаби, ўзимизни кўмирлар асосан давлат томонидан, МФЙлар орқали тарқатилади. Маҳсулотни қўшни Қирғизистон ва Қозоғистондан келтирамиз. Харидор талабига қараб, кўмирни уйигача олиб борадиган хизматларни йўлга қўйганмиз», дейишди тадбиркорлар.

Ўтин бозори Андижон шаҳридаги «Янги бозор» ҳудудида. Савдогарларнинг айтишича, ўтган йили ўтин нархи арзонроқ бўлган. Ҳозирда бир «Labo» автомобилига жойланган, тайёр саржинланган ўрик ўтинининг баҳоси 400 минг сўм. Қопдагиси эса 15–20 минг сўмдан.

Сотувчилар нарх қимматлигини ўтин Тошкентдан олиб келиниши, унинг ёриб тайёрлаш каби харажатлари ҳам борлигини сабаб сифатида айтишди.

«Ёзда топганимизни қишда сарфлаймиз»

Уйни иситиш учун зарур ўтин-кўмир маҳсулотларининг нархлари ҳақида маълумот олгач, хонадонларда уйни иситиш учун қанча миқдорда ёқилғи ишлатилаётгани билан қизиқдик.

Балиқчи туман Насриддинобод қишлоғидаги Дадахон Аъзамовлар хонадонида учта оила, жами 15 нафар аъзоси билан яшайди. Хонадонда учта хона печка ёқиб иситилади.

«Қишлоқ аҳолиси учун қиш мавсумида асосий муаммо – оила аъзоларини эсон-омон баҳорга чиқариб олиш. Маҳалламизда табиий газ йўқ, уйларни асосан ўтин-кўмир билан иситамиз.

Битта хонадаги печкага бир кунда 15 кг кўмир ёқаман. Кўмирнинг нархи минг сўм эканини ҳисобга олсак, кунига 15 минг сўм. Кўмирга кетадиган сарф ўн кунда 150 минг, бир ойда 450 минг сўм.

Бир машина 400 минг сўмлик ўтин икки ойга етади. Ўтинни ҳам қўшиб ҳисобласак, битта хонани печка ёқиб иситиш учун ойига 650 минг сўм маблағ сарфлар эканмиз.

Хонадонимизда учта печка борлигини ҳисобга олсак, умумий сумма 1 миллион 950 минг сўмни ташкил этяпти.

Ноябр ўртасидан март ойи ўртасигача хоналаримизда печка ёнади. Kуз-қиш мавсумининг тўрт ойи давомида иситиш учун 8 миллион сўмга яқин маблағ сарфлар эканмиз.

Маҳалладан бериладиган арзон кўмирни олиш ортиқча дахмаза. Арзон кўмирни хоҳлаган пайтингизда сотиб ололмайсиз. Сифати ҳам паст. Маҳаллага арзон кўмир келса, тўполон бўлиб кетади. Ундан кўра бозордан қимматга олиб ишлатганимиз маъқул», – дейди хонадон эгаси.

«Қўққис меҳмон келса, кутиб олгани жой йўқ»

Дадахон Аъзамовнинг қўшимча қилишича, ўтин-кўмир ёқиб иситилган уй қиш ичи қорайиб таъмирталаб бўлиб қолади. Табиийки, таъмирлашга ҳам маблағ зарур.

«Қишлоқларда иш жойи масаласи муаммо. Аҳоли асосан деҳқончилик ёки чет элга ишлагани бориб тирикчилик қилади. Бир ойда уйни иситишга 1–2 миллион сарфлаш кўпчилик учун оғирлик қилиши бор гап.

Қадимдан ўзбекда «Қиш ўчоғи тор, тур уйингга бор» деган мақол бор. Уч ой битта оила ҳаммамиз битта хонада қишлаймиз. Қўққис меҳмон келиб қолса, уни кутиб олгани жой йўқ.

Биз ҳам табиий газ, иссиқ пол, кондиционер ишлатиб исинишни хоҳлаймиз. Свет тинмай ўчиши сабаб, уларни ўрнатиш бефойда. Қанийди, ҳеч бўлмаса, табиий газ масаласи тезроқ ечим топса», – дейди у.

Хонадон табиий газ ёки электр ёрдамида иситилса, кўмир-ўтинга нисбатан харажат камроқ бўлади

Мутахассислардан олган маълумотларимизга кўра, бир хонадонни иситиш учун кунига ўртача 25 куб метр табиий газ сарфланади. Бир куб метр газ нархи 380 сўм. Демак, бир ойлик харажат – 285 минг сўм атрофида.

Таққослаш учун, бир хонани кондиционер ёрдамида иситиш ойига ўртача 190 минг сўмга тушар экан (кондиционернинг ўзини сотиб олишни ҳисобга олмаганда, албатта). Бу мавзуга келаси сафарги мақоламизда кенгроқ тўхталамиз.

Қиш фаслида ўзбек оиласининг ташвиши, чиқими кўпаяди. Энг катта муаммо эса хонадонни иситиш масаласи. Чекка туман ва қишлоқ аҳолиси мазкур муаммоларнинг замонавий ечимини кутиб яшамоқда.

Элмурод Эрматов,
Жаҳонгир Маҳмудов

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top