Президент «Саховат ва кўмак» ҳаракатида иштирок этган тадбиркорлар ва фуқароларга миннатдорчилик билдирди
Президент Шавкат Мирзиёев парламентга мурожаатида халқимизнинг букилмас иродаси, фидокорона меҳнати ва матонати туфайли мавжуд қийинчиликлар мардона енгиб ўтилаётганини таъкидлади.
«Олий Мажлисга ва халқимизга йўлланаётган бу йилги Мурожаатнома, ўтган йиллардан фарқли равишда, мураккаб бир даврга тўғри келмоқда.
Барчамиз яхши биламизки, бугунги кунда бутун инсоният коронавирус пандемияси деган глобал офатни бошидан ўтказмоқда. Бундай улкан фалокат жаҳон миқёсида сўнгги юз йилда рўй бермаган, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Пандемия жаҳон иқтисодиёти учун ҳар ойда қарийб 400 миллиард доллар миқдорида зарар келтирмоқда. Бугунги кунга қадар дунё бўйича 500 миллион иш ўринлари йўқотилган. Афсуски, бу офат бутун инсоният қатори халқимиз учун ҳам кутилмаган ташвиш ва мураккаб муаммоларни келтириб чиқарди.
Бухоро ва Сардобада юз берган табиий ва техноген офатлар ҳам эл-юртимизнинг иродасини яна бир бор синовдан ўтказди.
Халқимизнинг букилмас иродаси, фидокорона меҳнати ва матонати, аҳоли ва давлат органларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли мавжуд қийинчиликларни мардона енгиб ўтмоқдамиз», деди президент.
Пандемиянинг биринчи кунларидан бошлаб, бутун бошқарув тизими ва барча тиббиёт муассасалари фавқулодда иш режимига ўтказилгани, қисқа муддатда Тошкент шаҳри ва ҳудудларда, барча шароитларга эга бўлган қарийб 30 минг ўринли даволаш масканлари ташкил этилгани, улар зарур дори-дармон, ҳимоя ва энг замонавий диагностика воситалари билан таъминлангани қайд этиб ўтилди.
«Пандемияга қарши курашиш учун 200 мингдан зиёд тиббиёт ходими, жумладан, чет эллик 150 нафар юқори малакали шифокор ва мутахассислар жалб этилди.
Хориждан 600 мингдан ортиқ ватандошимиз юртимизга олиб келинди. Чет элда қийин аҳволга тушиб қолган 100 мингга яқин фуқароларимизга зарур ёрдамлар кўрсатилди.
Пандемия оқибатларини юмшатиш ва бартараф этиш учун давлат томонидан жами 82 триллион сўмлик комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди.
Жумладан, Инқирозга қарши жамғарма ташкил этилиб, коронавирусга қарши курашиш, аҳоли ва корхоналарни қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ тадбирларга бюджетдан 16 триллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди.
Шунингдек, давлат корхоналарига ва 500 мингдан зиёд тадбиркорлик субъекти ҳамда қарийб 8 миллион фуқарога жами 66 триллион сўмлик солиқ имтиёзлари, кредит муддатларини узайтириш ва молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича амалий ёрдамлар берилди.
«Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракати доирасида фидойи ва олийжаноб ватандошларимизнинг фаол иштирокида 800 мингдан зиёд эҳтиёжманд оилаларга 1 триллион сўмдан ортиқ моддий ёрдам кўрсатилди.
Ўз пайтида кўрилган тезкор ва тизимли чораларимиз натижасида ушбу хатарли касалликнинг кенг тарқалишига йўл қўйилмади. Юртимизда осойишта ҳаёт, барқарор иқтисодий ривожланиш давом этмоқда.
Карантин талабларини тўғри қабул қилиб, уларга амал қилган, сабр-тоқатли, олийжаноб халқимизга, ўта хатарли вазиятда ўзини аямасдан мардона меҳнат қилган жонкуяр шифокорларга, «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракатида муносиб иштирок этган барча тадбиркор ва фуқароларимизга яна бир бор ўзимнинг чуқур миннатдорчилигимни изҳор этаман.
Пандемияга қарши курашда бизга амалий кўмак берган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, халқаро молия институтлари, Россия, Хитой, АҚШ, Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари, Жанубий Корея, Япония, Германия каби давлатлар раҳбарларига ташаккур билдираман.
Мамлакатимиз билан яқин дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшиб келаётган чет давлатларнинг ҳурматли элчилари, халқаро ташкилотлар вакилларига раҳмат айтиб, эзгу тилакларимни билдиришдан мамнунман», дейди давлат раҳбари.
Мавзуга оид
20:43 / 23.12.2024
Қорақалпоғистонда қишлоқ хўжалиги, саноат ва туризмни ривожлантириш бўйича лойиҳа офиси ташкил этилади
13:58 / 20.12.2024
1 январдан бошлаб ер ёки давлат мулки ҚҚСсиз сотилади
16:14 / 17.12.2024
Мирзиёев Қатар амири билан стратегик шерикликни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилди
22:53 / 16.12.2024