19:46 / 08.08.2023
59619

Рубл қадрсизланмоқда. Бу ўзбекистонликлар учун қанчалик хатарли?

2023 йилнинг бошидан бери Россия миллий валютаси долларга нисбатан 37 фоизга ўз қадрини йўқотди. Рублнинг қадрсизланиши Россиядан Ўзбекистонга пул ўтказмалари ҳажмига, шунингдек, ўзбекистонлик экспортёрлар даромадига салбий таъсир қилиши мумкин.

Фото: iStock

Рубл курси сўнгги бир неча ойдан бери тўхтовсиз пасайиб бормоқда. Жорий йилнинг 10 январ ҳолатига кўра, 1 доллар – 70,3 рублни, 1 евро – 75 рублни ташкил этган бўлса, 8 август ҳолатига 1 доллар – 96,5 рублгача, 1 евро – 106 рублгача ошди ва янги психологик нуқтага етди.

Йил бошидан бери Россия миллий валютаси долларга нисбатан – 37 фоизга, еврога нисбатан эса – 41 фоизга ўз қадрини йўқотган.

10.01. 2023 – 08.08. 2023 давр оралиғида рубл курсининг АҚШ долларига нисбатан ўзгариш динамикаси
10.01. 2023 – 08.08. 2023 давр оралиғида рубл курсининг еврога нисбатан ўзгариш динамикаси

Охирги йилларда Россия рублининг АҚШ долларига нусбатан алмашув курсининг ўзгариши:

  • 2010 йил: 1 доллар – 30,37 рубл;
  • 2011 йил: 1 доллар – 29,38 рубл;
  • 2012 йил: 1 доллар – 31,07 рубл;
  • 2013 йил: 1 доллар – 31,86 рубл;
  • 2014 йил: 1 доллар – 38,57 рубл;
  • 2015 йил: 1 доллар – 61,22 рубл;
  • 2016 йил: 1 доллар – 66,98 рубл;
  • 2017 йил: 1 доллар – 58,30 рубл;
  • 2018 йил: 1 доллар – 62,82 рубл;
  • 2019 йил: 1 доллар – 64,69 рубл;
  • 2020 йил: 1 доллар – 72,31 рубл;
  • 2021 йил: 1 доллар – 73,70 рубл;
  • 2022 йил: 1 доллар – 69,89 рубл;
  • 2023 йил: 1 доллар – 96,56 рубл.

Рубл курси нега қуламоқда?

Биринчи сабаб – савдо балансининг бузилиши.

Одатда йирик ҳарбий можаро ва халқаро санкцияларга дуч келган давлат миллий валютаси кескин равишда қадрсизланиб кетади. Лекин ўтган йилнинг ёзи ва кузида рубл курси долларга нисбатан сезиларли даражада мустаҳкамланди. Бу даврда Евроиттифоқ мамлакатлари нефт ва газни юқори нархда Россиядан харид қилишда давом этди. Натижада мамлакатда ортиқча валюта тўпланди. Ўз навбатида, санкциялар туфайли мамлакатга товарлар жуда кам миқдорда олиб кирилди ва импорт ҳажми қисқарди. Доллар курси қандайдир оралиқларда 55-60 рубл оралиғида тебраниб ҳам турди. Бироқ, Европа Россиядан газ импорт қилишни қисқартира бошлади. 2022 йил декабрида Россия нефти, жорий йилнинг феврал ойида Россия нефт маҳсулотларига қарши янги санкциялар жорий қилинди.

Ҳозирги вазият эса қуйидагича: Россиянинг импорти қўшни давлатлар ҳисобига анча-мунча тикланган (турли хил “параллел импорт” схемалари ҳам ишлаб чиқилди), экспорт эса санкциялар ва жаҳон бозорларидаги нефт-газнинг арзон нархи туфайли қисқарган. Мамлакатдан чиқиб кетаётган валюта миқдори кириб келаётганидан юқори.

“Россиянинг ташқи савдо баланси ярим йил якунларига кўра 20,2 млрд доллар профицит билан якунланган холос. Солиштириш учун ўтган йилнинг шу даврида профицит 7,3 баробарига кўп, 147 млрд долларни ташкил этган. Ўтган 6 ойда экспорт 33 фоизга қисқарган бўлса, импорт 20 фоизга ошган. Импортнинг ўсиши тобора тезлашмоқда. Июн ойида ҳатто ташқи савдо баланси дефицити қайд этилган. Ҳали статистика очиқлангани йўқ, июлда дефицит янада кенгайган бўлиши эҳтимоли юқори”, деб ёзди иқтисодчи Отабек Бакиров.

Шунингдек, Россия энергетика маҳсулотлари учун Ҳиндистон рупияда, Хитой эса юанда тўловларни амалга оширмоқда. Уларни конвертация қилишда муаммолар мавжудлиги ҳам валюта тақчиллигига таъсир қилаётган бўлиши мумкин.

Иккинчи сабаб – бюджет дефицити.

Россия ҳукумати йилнинг биринчи ярмида ўта фаол харажатлар қилган ва иқтисодиётда нақд рублнинг улуши ортиб кетган, бу ҳам курсга босим қилади. Хусусан, 2023 йилнинг июл ойида Россияда муомалада бўлган нақд пуллар миқдори ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4 баробар кўп бўлган.

Отабек Бакировга кўра, айни пайтдаги бюджет дефицитини мувозанатлаш учун рублнинг қадрсизланиши муҳим аҳамиятга эга.

“Ўтган 6 ойда бюджет даромадлари 11,7 фоизга камайган бўлса, бюджет харажатлари 19,5 фоизга ошган. Нефт ва газ даромадлари деярли 50 фоизга қисқариб кетган.

Шу икки дефицитни мувозанатлаш учун рублнинг қадрсизланиши муҳим аҳамиятга эга. Масалан, июн ойида курси тушаётган рубл бюджет дефицитини 400 млрд рублдан кўпроққа қисқартириш имконини берган.

Шунинг учун аксар экспертлар курс ўзгариши ҳаракати диапазонини доллар/рубл ҳисоби бўйича 100-110гача бориши мумкинлигини истисно қилмаяпти. Ҳозир Россия ҳукумати учун бюджет ва ташқи савдони мувозанатлаш жуда муҳим. Лекин мувозанат қаерда ва қайси нуқтада шаклланишини прогнозлаш жуда қийин”, дейди у.

Бундан ташқари, сиёсий беқарорлик фонида (хусусан, Пригожиннинг рус ҳукуматга қарши қилган исёни) Россиядан капитал чиқиб кетишининг кучайиши ва мавсумий омиллар сабаб дам олиш мақсадида мамлакат фуқаролари хорижга саёҳатларининг кўпайиши ҳам рубл курсига қўшимча босимни юзага келтирган бўлиши мумкин.

Рублнинг қадрсизланиши Ўзбекистон иқтисодиётига қандай таъсир қилади?

Пул ўтказмаларига таъсири. Ўзбекистонга пул ўтказмаларининг катта қисми Россиядаги меҳнат муҳожирлари томонидан амалга оширилади. Жумладан, Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов тақдим қилган маълумотларга кўра, 2023 йилнинг дастлабки 6 ойи давомида пул ўтказмаларининг умумий ҳажми 5,1 млрд долларни ташкил қилган. Шундан қарийб 80 фоизи Россиядан юборилган ўтказмалар ҳиссасига тўғри келган. Рубл қадрининг тушиб бориши эса асосий даромади хориждан юбориладиган маблағларга боғлиқ бўлган оилаларни қисман камбағаллаштиради ва уларнинг истеъмоли қувватини пасайтиради. Хусусан, йил бошида ўзбекистонлик меҳнат мигранти 50 минг рубл жўнатмани амалга оширса, бу 711 долларни ташкил этган. Бугунги кунга келиб бу миқдор 518 долларгача камайиб кетди.

Экспорт тушумларига таъсири. 2023 йилнинг биринчи ярми якунларига кўра, Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро товар айланмаси 4,41 млрд долларни ташкил этган. Шундан, экспорт ҳажми – 1,27 млрд доллар. Россия бозори Ўзбекистон экспорти учун асосий бозор ҳисобланади.

Ўзбекистонлик экспортчилар Россияга маҳсулот етказиб бераётганда маҳсулот таннархи Россия бозоридаги нархларга қараб белгиланади. Валюта курсининг ўзгариши эса доллар ҳисобидаги тушумнинг пасайишига олиб келади.

Сўм курсига таъсири. Рубл курсининг узоқ муддат пасайишда давом этиши Россия иқтисодиёти билан қаттиқ боғланган мамлакатлар миллий валюталарига ҳам салбий таъсир қилади. Хусусан, охирги ойларда рубл қадрининг пасайиши долларнинг сўмга нисбатан ҳам мустаҳкамланишига таъсир кўрсатаётган бўлиши мумкин. Маълумот учун, жорий йил 1 август ҳолатига кўра, Ўзбекистон олтин-валюта захираларининг валюта қисми 9,56 млрд долларгача камайди. Бу Ўзбекистоннинг валютадаги активлари миқдори ҳақидаги статистик маълумотларда эълон қилина бошлаган 2018 йилдан кейинги даврдаги энг минимум кўрсаткичдир.

Инвестиция муҳитига таъсири. 2023 йил 1 июл ҳолатига Ўзбекистонда фаолият юритаётган хорижий капитал иштирокидаги корхона ва ташкилотлар сони 12 742 тани ташкил этади. Шундан 2869 та корхона Россия капитали иштирокида фаолият олиб боради.

Достон Аҳроров тайёрлади.

Top