14:33 / 26.06.2024
2745

ИҲЕС Россияни Қримда инсон ҳуқуқларини бузганликда айбдор деб топди

Украина Россияни Қримда РФга қарши чиққан журналистлар, фаоллар ва украиналикларни таъқиб қилишда айблади.

Фото: Vincent Kessler / Reuters

Страсбургдаги Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди (ИҲЕС) катта палатаси Россияни Қримда 2014 йил февралидан бери Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа конвенциясини оммавий ва мунтазам равишда бузганликда айбдор деб топди. ИҲЕС ўз қарорини 25 июн, сешанба куни эълон қилди.

Россия ИҲЕСдаги эшитувларни бойкот қилди

Украинанинг Россияга қарши давлатлараро иши бўйича эшитувлар 2023 йил декабрида бошланган. Яриморол Москва назоратида бўлгани учун Россия мустақил журналистлар, фаоллар, қрим-татар ҳамжамияти аъзолари ва Россиянинг Қримни эгаллашига қарши чиққан украиналиклар ҳуқуқлари бузилгани учун жавобгарликка тортилиши керак, деди Украина вакиллари судда. 2020 йил декабрида ИҲЕС Россия яриморол ҳудудларини 2014 йил 27 февралдан буён назорат қилаётганини тан олди ва ишни кўриб чиқишга қабул қилди.

«Қрим иши» сохта ишлар бўйича украиналик «маҳкумлар»ни Россияга депортация қилиш, шунингдек, Украина ва Россияда украиналик сиёсий маҳбусларни таъқиб қилиш билан боғлиқ, деб хабар қилди суд матбуот хизмати. 

Суд раиси Сиофра О'Лири суд мажлисларида таъкидлаганидек, суд муҳокамаси давомида Россия томони хатларга жавоб бермади ва Украина тақдим этган далилларга изоҳ бермади, шунинг учун ИҲЕС «Қрим иши» бўйича суд мажлисларини Россия иштирокисиз ўтказди.

Россиянинг Европа кенгашидан чиқариб юборилиши 

Украинага қарши уруш туфайли Россия 2022 йил 16 мартда Европа кенгашидан чиқарилди. 2022 йил 16 сентябрда олти ойлик ўтиш даври тугаганидан сўнг, Россия Федерацияси Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа конвенциясига аъзо бўлишни расман тўхтатди. Бироқ, ИҲЕС Россияга қарши берилган аризалар 2022 йил 16 сентябргача содир бўлган воқеалар билан боғлиқ бўлса, уларни кўриб чиқиш ваколатини ўзида сақлаб қолди.

2022 йил май ойида Россия Федерацияси Давлат думаси биринчи ўқишда қонун ҳужжатларига ўзгартишларни қабул қилди, уларга кўра 2022 йил 16 мартдан кейин қабул қилинган ИҲЕС қарорлари Россияда ижро этилиши шарт эмас. 

Top