Ўзбекистон | 22:22 / 16.08.2024
25539
4 дақиқада ўқилади

Озодбек Назарбеков “Овоз” лойиҳасига ажратилган пуллар ҳақидаги “маломатлар”га жавоб қайтарди

Маданият вазирининг изоҳлашича, бу лойиҳа Ўзбекистоннинг имижи учун, истеъдодларнинг юзага чиқиши учун керак. “Бутун дунёда – 76 та давлатда энг топ мусиқий шоу мана шу бўла туриб, агар шу 2 миллиард пулга маломат қилаверсанглар, уйимни сотиб бўлса ҳам бераман охири шу пулни”, деди у.

Фото: АОКА

Маданият вазири Озодбек Назарбеков бугун, 16 август куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида “Овоз” лойиҳасига бюджетдан сарфланган пуллар ҳақидаги танқидларга жавоб қайтарди.

“Бир нарсани тушунинглар, бугунги кунда “Овоз” лойиҳаси Ўзбекистоннинг имижи учун хизмат қилади. Агар шунинг учун 2 миллиард [сарфлаш] жиноят бўлса, мен розиман. Бутун дунёда – 76 та давлатда энг топ мусиқий шоу мана шу бўла туриб, агар шу 2 миллиард пулга маломат қилаверсанглар, уйимни сотиб бўлса ҳам бераман охири шу пулни.

Шу катта лойиҳа Ўзбекистоннинг нуфузига хизмат қиладими ёки йўқми? Келинглар, олдин шу ҳақда гаплашайлик. Шу лойиҳанинг Ўзбекистонга кириб келгани Марказий Осиёнинг ҳаммасининг кўзини “поқ” этиб очиб қўйди-ку. Ҳаммаси менга телефон қилиб, “Биз қачон қатнашамиз?” деб сўрашяпти. Шу керак эмасми бизга, юртимизнинг имижи учун? Битта спортчи ҳам шу ишни қиляпти бориб, имижимизни кўтариб беряпти. Бу ҳам худди шунга ўхшаган, Ўзбекистонни янада танитади. Ўзбекистоннинг талантларини бирдан халқаро майдонда кўрсатиб қўйяпти. Яъни улар 76 та давлатда кўриляпти, шунча давлатда эътиборга тушяпти. Ўзбекистонни картадан қидиряпти одамлар, шу керак менга.

Шу кўрсатув орқали бизга Кубадан ҳам, бошқа-бошқа давлатлардан ҳам иштирокчилар келяпти, қатнашяпти. Ишонинглар, бу истеъдодларнинг юзага чиқишига, республикамизнинг имижига хизмат қилади. Бўлди, бошқа нарса бермайди. Агар йўқ, бизга бу керакмас десанглар, унда билмадим”, деган вазир.

Маълумот учун, 2024 йил 2 апрел куни “Talent Show” МЧЖ ва Маданият вазирлиги ўртасида 2 млрд сўмлик шартнома имзоланган.

Шартномага кўра, вазирлик “Овоз” лойиҳаси ташкилотчиларига 6 ой давомида гонорар тўлайди. Жумладан, телелойиҳада қатнашувчи 3 нафар устоз учун ойига 38 млн сўмдан жами 684 млн сўм, 1 нафар бадиий раҳбар учун ойига 57 млн сўмда жами 342 млн сўм, 1 нафар мусиқа директори учун 38 млн сўмдан, 228 млн сўм ҳамда 6 нафар созандага 14,5 млн сўмдан жами 522 млн сўм ажратилиши кўзда тутилганди.

Маданият вазирлиги томонидан “Овоз” лойиҳасига бюджет маблағлари ҳисобидан 2 млрд сўм ажратилиши ҳақидаги хабар кенг жамоатчилик томонидан салбий кутиб олинди ва ҳунузгача танқид қилинмоқда.

Маълумот учун, “Овоз” мусиқий лойиҳаси Тhе Voice лойиҳасининг расмий франшизаси бўлиб, Ўзбекистон уни намойиш этиш ҳуқуқини олган. Лойиҳа дастлаб продюсер Жон де Мол томонидан ўйлаб топилган ва 2010 йилда Нидерландия телевидениесида намойиш этилган.

Кейинчалик, лойиҳани франшиза усулида дунёнинг кўплаб мамлакатлари, масалан, АҚШ, Германия, Буюк Британия, Хитой, Россия, Франция, Канада, Белгия, Туркия, Австралия, Португалия, Бразилия, Таиланд, Полша ва Испания каби давлатлар хусусий телеканаллари сотиб олган.

Қайд этиш жоиз, бошқа мамлакатларда бу лойиҳа учун давлат бюджетидан пул ажратилмайди, телеканаллар уни бизнес лойиҳа сифатида сотиб олишган.

Мавзуга оид