Жамият | 13:43 / 04.02.2021
14520
6 дақиқада ўқилади

«Снос»лар бағридаги ҳаёт: олмазорлик оила яна қанча вақт харобада яшайди?

Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази қурилиши учун ажратилган ҳудуддаги хонадонлар «снос»га тушган; уйлар бузилиши ва фуқароларни бошқа жойга кўчириш ишлари якунига етказилмагани сабаб бир оила харобалар ичида яшамоқда.

Kun.uz'га мурожаат қилган, Олмазор туманининг Зарқайнар 9- берк кўча 61-хонадонда яшовчи Нодира Ғаниева ва унинг оиласини қийнаётган муаммо ҳам «снос» билан боғлиқ.

Ҳолатни ўрганиш мақсадида хонадонга бордик. Мурожаат муаллифи яшайдиган уй Ислом цивилизацияси марказининг шундоққина ёнгинасида жойлашган. Aтрофдаги уйлар бузилган, эгалари аллақачон бошқа жойга кўчирилган. Лекин негадир биргина хонадон вакиллари кўчирилмасдан қолган.

«Бизга уй таклиф қилинмаяпти»

Бир йилдан буён харобалар ичида яшаётганини айтган Нодира Ғаниевага кўра, барча қўшниларига бузилган уйлари эвазига уларнинг танловидан келиб чиқиб янги уйлар берилган.

«Уйларимиз бузилиши ҳақидаги гап 4 йил олдин тарқаганди. Aтрофимиздаги қўшниларимиз ўзлари ҳоҳлаган жойдан уй олиб чиқиб кетишди. Кетишганига ҳам бир йилдан ошди. Фақат бизнинг оила – 8 нафар жон шу ерда қолганмиз.

Мен президент порталига ва Олмазор туман ҳокимлигига ҳам ёздим. Шаҳар ҳокимиятига ҳам мурожаат қилдим. Лекин ҳалигача муаммомиз ижобий ҳал этилмади. Масъуллар уйимизга келишганда, «сабр қилиб туринглар, тез орада ҳал бўлади» дейишади. Шунча пайт сабр билан кутдик, аммо натижа йўқ.

Ҳар куни ёнимизда оғир техникалар ишлайди. Уларнинг ҳаракатидан уйимизнинг деворлари кундан кунга ёрилиб, юзага келган ёриқлар хавфли бўлиб бормоқда. Ҳудуддаги бузилиш ва қурилиш ишлари натижасида атроф чанг-тўзон бўлиб кетади. Кунлар ичиши билан уйимизни каламуш, сичқон ва ҳашоратларгача босади.

Қизим ўқишга бориб келиши керак, ён-атрофимиздаги уйлар бузилиб кетгани учун уйимизга кириб-чиқишимиз учун йўл йўқ. Ёғин-сочинли кунларда лой кечишга мажбурмиз. Ота-онам ногирон. Тез-тез тез ёрдам чақирамиз. Тез ёрдамдагилар ҳам келиб-кетишга қийналишади.

4 йил олдин ҳали энди бузилишлар бошланган вақт «Соҳил бўйи»дан 9-қаватдан уй кўрсатишди. Яна «Ҳувайдо» мебеллар уйининг орқасидан эски уйлардан ҳам кўрсатишди. У жой умумий ётоқхона бўлиб, жуда эски экан. Шу сабабли рад этдик. Шундан бери уй кўрсатишмади.

«Снос»га тушган уйимизнинг ўрнига бериладиган квартиралар бир подъездан бўлмаса ҳам бири-бирига яқинроқ жойдан бўлишини сўраяпмиз холос. Қўшниларимизга айтган жойларидан қилиб беришди. Бизга нега олиб беришмаяпти, тўғриси, сабабини билолмаяпмиз» – дейди Нодира Ғаниева.

Нодира Ғаниева

Ҳокимлик: «Уй таклиф қилганмиз, улар рад қилишяпти»

Олмазор туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Дилфуза Раҳимова ҳолатга изоҳ бераркан, Ғаниева ва унинг оиласига бир неча марта уй таклиф қилинганини таъкидлади.

«Нодира Ғаниева яшайдиган хонадон 3 сотихдан иборат бўлиб, яшаш майдони 50–60 метр квадратни ташкил қилади. Уйда 3 та оила яшайди. Ота-онаси ногирон бўлгани сабабли Нурафшон кўчасида жойлашган кўп қаватли уйлардан бирининг биринчи қаватидан 4 хонали квартира, шунингдек, «Green Park»дан ўзига 2 хонали, укасига эса 4 хонали квартира таклиф этганмиз. Лекин улар «бериладиган уйларнинг ҳаммаси битта «дом»да ёки бир-бирига яқин жойда жойлашган бўлсин» дея таклифларимизни рад этишмоқда.

Aхир биз ҳам уйларни имкониятимизга қараб олиб берамиз. Ҳаммасига битта жойдан қилиб бера олмаймиз. Aгар таклиф этган уйларимизга рози бўлишганда, аллақачон уларни кўчириб юборган бўлардик», – дейди Дилфуза Раҳимова.

Кўриб турганингиздек, мурожаат муаллифи расмийлар товон сифатида уй таклиф қилишмаётганини айтаётган бўлса, Олмазор туман ҳокимлиги бунинг аксини таъкидламоқда. Ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида Дилфуза Раҳимовадан масалани жойига чиқиб ўрганишни, ҳокимликдан вакил ажратиб беришини сўрадик. Aфсуски, бу сўровимизга жавоб бўлмади.

Орадан 3 кун ўтиб, яъни 2 февраль куни Нодира Ғаниева қўнғироқ қилиб, Олмазор туман ҳокимлиги ходими Aбдурасул Ваҳобов уйларига келгани, тез орада бериладиган уйларни кўрсатишини ва рози бўлишса ҳужжатларни расмийлаштириб бериши мумкинлигини айтганини маълум қилди.

Ғаниеванинг қўшимча қилишича, Aбдурасул Ваҳобов «Kun.uz мухбирлари келганини ва улар билан гаплашиб олишганини» айтган. Аммо аслида ҳокимликка масалани биргаликда ўрганиш бўйича қилган сўровимизга жавоб бўлмаганини юқорида айтиб ўтдик.

Хулоса

Пойтахтда «снос»лар муаммоси ҳамон долзарблигича қолмоқда. Шаҳар ҳокимлигининг тўраларча сиёсати сабаб бузилиб кетган хусусий мулклар учун қарздорлиги миллиардларни ташкил этади.

2020 йил 19 декабр куни халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев шу масалага тўхталган эди.

«2021 йилнинг охиригача жойи бузилган бирорта ҳам одам тўловсиз қолмайди. Бундан ташқари, энди давлат эҳтиёжлари учун бузиладиган бўлса, олдин керакли компенсацияси берилади. Қўлимизда етарли пулимиз ёки еримиз бўлганидан кейин эгасининг розилиги билан бузишга қарор қиламиз. Олдингидаги каби [қонунсиз хусусий мулкларни бузиш – «снос»] ишларни қилмасликка ҳаракат қиламиз. Олдимизга шу мақсадни қўйдик», деганди Ортиқхўжаев.

Олмазордаги ҳолатга қайтадиган бўлсак, тўғри, ҳозирча фуқаронинг уйи бузилгани йўқ. Лекин бу шароитда фақат мажбурликдангина яшаш мумкин холос. Атрофдаги уйлар бузилиб, уларнинг эгалари янги жойга кўчирилган пайтда, биргина хонадон вакиллари харобалар ичра кун кечиришга маҳкум қилинган.

Ким билсин, балки мутасаддилар кунлар шу зайлда давом этавергач, бу хонадонда яшовчиларнинг охири ҳар қандай шартга рози бўладиган даражага бориб етишини кутишаётгандир. Натижада фуқаронинг ҳокимлик таклиф қилган уйлар ёқмаса-да унга рози бўлишдан ўзга чораси қолмайди.

Раҳматилло Исроилов

Мавзуга оид