Иқтисодиёт | 20:30 / 18.03.2021
9431
3 дақиқада ўқилади

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзолиги натижаларини дастлабки баҳолашни ўтказди

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директорининг ўринбосари Умид Обидхўжаев ЖСТга кириш ва божхона тўловларининг 50 фоизга пасайиши билан боғлиқ сценарий буйича дастлабки эмпирик ҳисоб-китобларга кўра, Ўзбекистонга импорт ҳажми ўртача 5 фоизга, айрим саноат маҳсулотлари учун эса 2 фоиздан 13 фоизгача ўсиши мумкинлигини айтиб ўтди.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директорининг ўринбосари Умид Обидхўжаев республикада экспортни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар бўйича маълумот берди.

Мутахассиснинг таъкидлашича, 2016—2019 йиллар давомида Ўзбекистон экспорти ҳажми 12,6 миллиард доллардан 17,9 миллиард долларгача ёки 42 фоизга ошган. Бироқ 2020 йилда коронавирус пандемияси экспорт кўрсаткичларига салбий таъсир кўрсатиб, экспорт ҳажми 15 фоизга камайган.

«Шуни таъкидлаш керакки, экспорт таркибининг тахминан 50 фоизи хомашёга тўғри келади. Шу муносабат билан, сўнгги йилларда Ўзбекистон иқтисодиётнинг юқори қўшилган қийматга эга тайёр маҳсулот ишлаб чиқарадиган тармоқларини жадал ривожлантириш йўлидан боради. Жорий йилда ҳукумат олдига товар ва хизматлар экспорти ҳажмини камида 20 фоизга ошириш вазифаси қўйилган», — деди Умид Обидхўжаев.

Мутахассиснинг маълум қилишича, Халқаро савдо маркази методологияси асосида олиб борилган таҳлиллар шуни кўрсатадики, Ўзбекистон маҳсулотларнинг айрим турлари учун фойдаланилмаган экспорт салоҳиятига эга, хусусан:

  • 986,7 миллион долларлик мева-сабзавот маҳсулотлари;
  • 686,6 миллион долларлик тўқимачилик маҳсулотлари;
  • 56,6 миллион долларлик электротехника маҳсулотлари.

Шунингдек, ҳозирда Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш борасида музокаралар олиб борилмоқда. Ўтказилган дастлабки таҳлилларга кўра, ЖСТга кириш ва божхона тўловларининг 50 фоизга пасайиши билан боғлиқ сценарий буйича дастлабки эмпирик ҳисоб-китобларга кўра, Ўзбекистонга импорт ҳажми ўртача 5 фоизга, айрим саноат маҳсулотлари учун эса 2 фоиздан 13 фоизгача ўсиши мумкин.

«Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилишидан экспортга таъсир одатда ижобий бўлади, чунки ЖСТга аъзо давлатлар Ўзбекистонга ЖСТ доирасида келишилган импорт божлари ставкаларини қўллашади ва бу ставкалар ҳозирги пайтда Ўзбекистонга нисбатан қўлланилганидан паст бўлади», — деб таъкидлади ИТИМ директори ўринбосари.

  • Маълумот учун, Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиш учун 1994 йил 21 декабрда ариза топширган ва ишчи гуруҳ тузилган, лекин 2005 йилга келиб ушбу музокаралар тўхтаб қолган. Шундай бўлса-да, 2019 йил бошига келиб, ушбу ишчи гуруҳ ҳукумат томонидан жонлантирилган. 2020 йил 7 июлда Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши бўйича қўшма ишчи гуруҳнинг йиғилишлари қайта тикланди.
  • Вазирлар Маҳкамаси 2020 йил 28 май куни «Жаҳон савдо ташкилоти билан ишлаш бўйича идоралараро комиссия тўғрисида»ги низомни тасдиқлаш ҳақида қарор қабул қилган.

Мавзуга оид