17:49 / 16.05.2024
17488

Яқин Шарқдаги уруш: исроиллик беш аскар Жабалияда ўз танки қурбонига айланди

Исроиллик ҳарбийлар ва ОАВ маълумотига кўра, ЦАҲАЛнинг парашют-десант бригадасининг 202-баталёнининг беш нафар жангчиси чоршанба куни Ғазо секторида ўз бўлинмаси танки зарбаси оқибатида ҳалок бўлган.

Фото: EPA

Бу ҳодиса анклав шимолидаги Жабалия шаҳрида рўй берган, мазкур ҳудудда Исроил қўшини Ҳамасга қарши амалиёт олиб бормоқда. Ҳарбийлар рўй берган ҳодиса тафсилотлари ва сабаблари ўрганилаётганини маълум қилган.

Дастлабки тергов ишлари кўрсатишича, аскарлар Жабалиядаги қочқинлар лагерида жойлашган бинога киришган, бу бино исроилликларнинг шу ҳудудда турган танкларидан бир неча ўн метр масофада бўлган. Танк экипажи бинода қуролларни кўриб, унга қарата икки бор ўқ узган.

Дўстона зарбадан яна етти нафар аскар яраланган, улардан уч нафарининг аҳволи оғир.

Аввалроқ ЦАҲАЛ ўз қисмларини Жабалиядан олиб чиққанди, аммо душанба куни исроилликлар яна шаҳарга киришди, бу у ерда Ҳамас аъзолари қайтадан гуруҳланаётгани билан изоҳланган.

ЦАҲАЛ Жабалия бўйлаб авиазарбалар беришни бошлаган шанба кунидан буён у ерни ўн минглаб тинч аҳоли вакиллари тарк этган.

АҚШ Исроилга қўшимча қурол юбормоқда

ОАВ маълумотига кўра, АҚШ президенти маъмурияти Конгрессни Исроилга 1,2 миллиард доллар миқдоридаги янги ҳарбий ёрдам пакети юбормоқчи эканидан хабардор қилган. Шу билан бирга, Оқ уй сўнгги вақтларда кўп марта Исроилни Рафаҳда йирик ва қонли амалиёт бошламасликка чақирганди ва авиабомбаларнинг бир партиясини намойишкорона тўхтатиб қўйганди.

Янги ёрдам пакети Конгресс томонидан маъқулланиши керак. Associated Press агентлиги маълумотига кўра, унинг таркиби танклар учун 700 млн долларлик ўқ-дорилар, 500 млн долларлик зирҳли машиналар ва 60 млн долларлик миномёт миналардан иборат бўлади.

«Биз ҳарбий ёрдам жўнатишда давом этамиз ва Исроил барча қуролларни тўлиқ ҳажмда олишини кафолатлаймиз», — деган душанба куни журналистларга президент Байденнинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан қонунда Исроил, Украина ва Тайван учун кўп миллиардлик ёрдам ажратиш кўзда тутилганини назарда тутиб.

Сўнгги ойларда АҚШ маъмурияти Исроилни Ғазодаги урушни тартиб билан олиб бориш ва тинч фаластинликлар ҳаётини асрашга чақириб келаётганди. Ўтган ҳафтада президент Жо Байден АҚШ Исроилга 900-килограммлик авиабомбалар партиясини етказиб бериш тўхтатилганини тасдиқлаганди.

«Бу бомбалар қўлланиши оқибатида Ғазода тинч аҳоли ҳалок бўлмоқда», — деганди Байден CNN учун интервюда.

Исроилга ҳарбий ёрдам етказиб бериш Байденни шу йил ноябрда бўлиб ўтадиган президентлик сайловларида Демократик партиянинг Фаластин тарафдорлари бўлган электорати овозидан маҳрум қилиши мумкин.

Республикачи конгрессменларнинг бир гуруҳи бу вақтда Исроилга қурол ва ўқ-дори етказиб беришни тўхтатишни тақиқлашга доир қонун лойиҳасини киритган. Бу ҳафта Вакиллар палатасида ушбу лойиҳа бўйича овоз бериш бўлиб ўтади.

Лойиҳа Сенатга ўтиши даргумон, аммо агар бу рўй берган тақдирда, Оқ уй унга вето қўйишни ваъда қилган.

Давлат департаменти ўтган ҳафтада эълон қилган ҳисоботида Америка етказиб берган қуроллар ва ўқ-дорилар Исроил томонидан Ғазода халқаро ҳуқуқни бузган ҳолда қўлланганини тан олганди.

Шу билан бирга, Давлат департаменти Исроил кучларини халқаро ҳуқуқни бузишда тўғридан тўғри айбламаган ва Исроил «Америка ўқ-дориларидан қонуний талабларга мувофиқ тарзда фойдаланилганига «ишончли» кафолат берганини қайд этганди.

Исроил армияси Рафаҳ ичкарисига юрмоқда

Бу вақтда Исроил армияси Рафаҳда ҳам, Ғазо секторининг бошқа қисмларида ҳам ҳарбий амалиётларни давом эттирмоқда. Сешанба куни унинг танклари Рафаҳ жануби-шарқидаги турар жойлар ҳудуди томон ичкарилади.

Исроил армияси пресс-атташеси, контр-адмирал Даниэл Ҳагари навбатдаги брифингда исроиллик ҳарбийлар бир ҳафта давомида Рафаҳдаги тўқнашувларда 100 дан ортиқ жангарини ўлдиргани, шунингдек 10 та туннел ва кўп миқдорда қуролларни аниқлагани ҳақида маълум қилган.

Ғазо секторининг бошқа ҳудудларида ҳам ҳарбий ҳаракатлар фаоллашган. Ҳамас назоратидаги маҳаллий ҳукумат бир кун ичида секторда 82 нафар фаластинлик ҳалок бўлганини маълум қилган. Уларнинг қанчаси қуролланган жангчилар бўлгани ва қанчаси тинч аҳоли вакиллари эканига, одатдаги каби аниқлик киритилмаган.

Жабалия, 14 май. Ҳарбий ҳаракатлар нафақат жанубдаги Рафаҳ атрофида, балки секторнинг Исроил армияси анчадан буён назорат остига олгандек кўринган ҳудудларида ҳам давом этмоқда

Сешанба куни сектор шимолидаги Жабалияда қочқинлар шаҳарчасида шиддатли отишмалар бўлиб ўтган, ҳолбуки исроиллик ҳарбийлар бу ҳудудни ўтган йил кузидаёқ, амалиётнинг биринчи босқичида тўлиқ ўз назоратига олганди.

Даниэл Ҳагарининг сўзларига кўра, Исроил кучлари сўнгги кунларда Жабалияда 80 га яқин жангарини ўлдириб, бир неча ракета қурилмалари ва қурол устахоналарини яксон этган.

Секторнинг қарийб бутун шимолий қисмини ташкил этувчи Ғазо шаҳрининг ўзида ҳам портлаш ва ўқ овозлари эшитилган. Хусусан, маҳаллий расмийларга кўра, Ғазодаги уйлардан бирига авиазарба берилиши оқибатида тўрт киши ҳалок бўлган; бошқа туманда исроилликларнинг зирҳланган бульдозерлари танкларга йўл очиш учун уйларни бузиб ташлашган.

Жейк Салливан бу ҳафта охирида Исроил ва Саудия Арабистонидаги музокараларда иштирок этишни режалаштирган.

Американинг Axios нашри аноним манбага асосланиб, Исроил ушбу ташрифга қадар Ғазода йирик амалиёт бошламасликка ваъда берганини хабар қилган. Оқ уй бу хабар юзасидан изоҳ бермаган.

Reuters агентлиги ҳам америкалик аноним мулозимга таяниб, Исроил Вашингтонни хабардор қилмасдан Рафаҳга катта юриш бошламасликни ваъда қилгани ҳақида хабар қилган.

Айни вақтда бу шаҳарда анклавнинг 2,3 миллионлик аҳолисидан қарийб ярми бошпана топган.

БМТ маълумотларига кўра, 600 минг атрофидаги киши Рафаҳни тарк этган, анклав шимолида ҳам жанглар қайтадан бошлангани учун яна 100 минг киши ўз уйларини ташлаб чиқишга мажбур бўлган.

Мавзу
ҲАМАС–Исроил уруши
7 октябр куни Ғазо бўлгасидаги ҲАМАС кучлари Исроилга ёппасига ракета зарбалари берди ва чегарадаги аҳоли пунктларини эгаллай бошлади. Бунга жавобан Исроил ташкилотга қарши уруш очди. Бу сафарги эскалация аввал кузатилмаган даражада кўп қурбонларга олиб келди.
Барчаси
Top