Исроил армияси Ҳамас аъзолари 2023 йил октябридаги ҳужум вақтида биринчи нишонлардан бири бўлган Nova мусиқа фестивалидан ўғирлаб кетганлардан тўрт нафарини озод этди. Уларнинг барчаси яхши ҳолатда бўлган ва тиббий текширувга юборилган.
ЦАҲАЛ 8 июн куни 26 ёшли Ноа Аргамани, Россия ва Исроил фуқаролигига эга 27 ёшли Андрей Козлов, 22 ёшли Алмог Меир Ян ва 41 ёшли Шломи Зивни гаровдан озод этди.
Исроил мудофаа армияси матбуот котиби Даниэл Ҳагарининг сўзларига кўра, улар махсус топшириқли бўлинманинг «аниқ разведка маълумотлари асосида, куннинг ёруғ вақтида Ғазо сектори ичкарисидаги иккита алоҳида бинода ўтказилган» комплекс амалиёти натижасида олиб чиқилган (кейинроқ Исроил полицияси чегара полицияси жангчиси Арнон Змора ҳалок бўлганини маълум қилди).
Ҳамас матбуот хизмати маълум қилишича, Исроил ҳарбийлари амалиёти оқибатида 210 киши ҳалок бўлган, яна 400 киши яраланган. Амалиёт Нусейратда, аҳоли тиғиз яшайдиган қочқинлар лагери ҳудудида ўтказилган, авиация ва денгиз кучлари амалиёт ўтказаётган ҳарбийларни ҳаводан ва денгиздан қўллаб-қувватлаб турган. Амалиёт вақтида Исроил махсус топшириқли бўлинмаси командири ҳалок бўлган.

Одатда маълумотлари нисбатан ишончли бўладиган Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳозирча Исроил амалиёти чоғида ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар тўғрисида маълумот бермаган.
Бу вақтда Ғазо секторидаги икки шифохона жами 70 кишининг жасади олиб келинганини маълум қилган. Бунгача Исроил армияси расмийси Ғазода зарба оқибатида камида 100 киши жароҳатлангани тўғрисида хабар берганди.
Фаластин мухторияти раҳбари Маҳмуд Аббос ўзи «Исроил кучлари томонидан содир этилган қонли қирғин» деб атаган ҳодиса юзасидан зудлик билан БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилишини ўтказишга чақирган.

Озод этилганлар ҳақида нималар маълум?
Озод этилганлар Тел-а-Шомера туманида жойлашган ва Исроил мудофаа армияси базаси саналадиган Хаима Шиби номидаги тиббиёт марказига текширув учун олиб борилган.
Исроил жанубидаги Беэр-Шева шаҳридан бўлган 26 ёшли Ноа Аргаманини «гаровдагиларнинг юзи» сифатида билишарди — Исроил жанубидаги Nova фестивалига ҳужум вақтида унинг қўлга олиниши видеоёзуви интернетда кенг тарқалганди. Видеода у ўзини мотоциклга чиқариб, Ғазо сектори томонга олиб кетишаётганида «Мени ўлдирманглар» дея бақиради. Шу атрофда қуролланган шахслар қизнинг йигити Авинатана Орани ҳам ушлашади, у ҳамон асирликда қолмоқда.



















