00:13 / 17.01.2023
63598

III чорак онлайн бошланиши мумкин, ҳудудларда қишки таътил яна узайтирилмоқда

Қатор вилоятлардаги барча таълим муассасаларида дарслар 18 январда эмас, 23 январда бошланиши эълон қилинди.

16 январ куни Мактабгача ва мактаб таълими вазири маҳаллий ҳокимликлар билан видеоконференсияда учрашиб, III чоракни онлайн бошлаш масаласини муҳокама қилган.

«Айни дамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги оъқувчиларни об-ҳаво шароитлари барқарорлашгунига қадар вақтинча онлайн таълим тизимига оътказиш масаласини кўриб чиқмоқда»,– дейилади вазирлик расмий хабарида.

Қайд этилишича, вазир маҳаллий ҳокимликлар жойлардаги умумтаълим муассасаларининг тайёргарлик ҳолатини яна бир бор қайта таҳлил қилиш зарурлигини таъкидлаган.

Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳудудда жойлашган барча даражадаги таълим муассасалари учун қишки таътил яна бир бор узайтирилгани ҳақида хабар берди.

«Жорий ҳафтада ҳам об-ҳавода пасайиши кузатилаётгани, шунингдек, она-оналарнинг талаб ва истакларини инобатга олиб, вилоятдаги мактабгача, мактаб ва профессионал таълим муассасалари, Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар, олий ўқув юртларида қишки таътил 22 январга қадар узайтирилди», – дейилади изоҳда.

Андижон вилояти халқ таълими бошқармаси(ҳозирги мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси) ҳам расмий муносабат билан чиқди:

«Маҳаллий ҳокимликлар билан келишилган ҳолда вилоят ҳудудида совуқ об-ҳаво шароити сақланиб қолаётгани туфайли Андижон вилоятидаги таълим муассасаларида қишки таътил 2023 йил 23 январга қадар узайтирилди. Ўқув машғулотлари 23 январ, душанба кунидан бошланади».

Хоразм вилоятида ҳам таълим муассасалари 23 январдан очилади. Вилоятдаги боғча, мактаб ва Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар, шунингдек олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида қишки таътил 22 январга қадар узайтирилди. Бунгача ушбу муддат 18 январгача эди.

Тошкент шаҳридаги барча таълим муассасаларида (мактаблар, лицей ва коллежлар ҳамда олий таълим даргоҳлари) ўқиш 23 январдан бошланади.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамда бошқа масъул ташкилотлар томонидан таълим объектларидаги ҳарорат белгиланган меъёрда бўлиши назоратга олиниши айтилган.

Тошкент вилояти ҳокимлиги мактабларда қишки таътил яна узайтирилганини эълон қилди.

«Тошкент вилояти ҳокимлиги томонидан ота-оналарнинг илтимосига кўра, аномал об-ҳаво туфайли юзага келган мураккаб шарт-шароит таҳлил қилинди, ота-оналар кенгаши вакиллари билан маслаҳатлашилди. Хусусан, келаётган беш кунликда ҳам ҳудуд аномал об-ҳаво таъсирида бўлиши ҳақидаги мутахассисларнинг билдиргиси муҳокама қилинди. 

Шулардан келиб чиққан ҳолда, Тошкент вилоятида Мактабгача таълим, Халқ таълими, ўрта-махсус таълими муассасаларида ўқишлар 23 январдан бошланиши ҳақида қарор қабул қилинди. Ўз навбатида, вилоятдаги Олий таълим муассасаларида ўқишларнинг бошланиш санаси ҳар бир ўқув юртининг ички имконият ва шарт-шароитидан келиб чиқиб, ректорлар томонидан мустақил равишда белгиланади», дейилган хабарда.

Сурхондарё вилояти ҳам бу трендга қўшилди.

«Вилоят ҳудудида совуқ об-ҳаво шароити сақланиб қолаётганидан келиб чиқиб, Сурхондарё вилоятидаги мавжуд барча даражадаги таълим муассасаларида таълим-тарбия жараёнлари 18 январдан бошланиши белгиланган эди. Бироқ жорий ҳафтада ҳам об-ҳавода пасайиш кузатилаётганлиги, шунингдек, ота-оналарнинг талаб ва истакларини инобатга олиб, вилоятдаги мактабгача, мактаб ва профессионал таълим муассасалари, Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар, олий ўқув юртларида қишки таътил 22 январга қадар узайтирилди. Ўқув машғулотлари 23 январ, душанба кунидан бошланади», дейилади хабарда.

Қорақалпоғистон Республикасида боғча, мактаб ҳамда Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар, шунингдек олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида қишки таътил 22 январга қадар узайтирилди (бунгача 18 январгача эди).

Ўқув машғулотлари 23 январ, душанба кунидан бошланади.

Наманган вилоятида боғча, мактаб ҳамда Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар, шунингдек олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида қишки таътил 22 январга қадар узайтирилди (бунгача 18 январгача эди). 

Ўқув машғулотлари 23 январ, душанба кунидан бошланади.

Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ҳам вилоятдаги боғча, мактаб ҳамда Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар, шунингдек, олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида қишки таътил 22 январга қадар давом этиб, анъанавий дарслар 23 январ, душанба кунидан бошланишини эълон қилди.

Сирдарё вилоятида боғча, мактаб ҳамда Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларда, олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида ҳам ўқув жараёнлари қишки таътил 22 январга қадар узайтирилди (бунгача 18 январгача эди).

Ўқув машғулотлари 23 январ, душанба кунидан бошланади.

Жиззах вилоятидаги мактабларда қишки таътил 22 январга қадар узайтирилди. Вилоят ХТБ ўқув машғулотлари 23 январ, душанба кунидан бошланишини маълум қилди.

Навоий вилоятидаги барча мактабларда қишки таътил 22 январга қадар узайтирилди (бунгача 18 январгача эди). Ўқув машғулотлари 23 январ, душанба кунидан бошланади. Навоийдаги давлат боғчалари 19 январдан тўлиқ фаолиятини бошлайди.

Самарқанд вилоятида эса барча мактабларда эртага, 18 январдан ўқув машғулотлари бошланади. Бунгача ҳам вилоятдаги шароити яхши 500 дан ошиқ мактабда дарслар анъанавий бошлаб юборилган эди.

Фарғона вилояти биринчи бўлиб мактабларда қишки таътилни 18 январга узайтирганди. Бугун вилоятдаги боғчаларда таътил 23 январгача узайтирилгани маълум қилинди, мактаблар бўйича ўзгариш йўқ. ОТМда ўқиш 11 январдан буён давом этмоқда.

Top