00:50 / 02.04.2018
108588

Биз билмаган Тожикистон Kun.uz нигоҳида

Кеча Тожикистон пойтахтига етиб келганимиздан сўнг, Душанбеда тунаб, шаҳардаги сайримизни эрталаб Садриддин Айний номидаги театр майдонидан бошладик. Чунки ўша бинонинг ёнидаги «Роҳат» меҳмонхонасига қўнган эдик. Алоҳида таъкидлаш жоизки, кечаси билан Душанбеда қаттиқ шамол туриб, осмондан чанг ёғилганди, кейинги куни, биз шаҳарни тарк этгунга қадар ҳам ҳавонинг авзойи очилмади.

Шунга қарамасдан эрта баҳор оғушидаги Душанбе беназир даражада гўзаллик касб этган эди.

Шаҳарда, асосан, хорижда ишлаб чиқарилган машиналар ҳаракатланади. Барчаси «Тойота», «Мерседес», «Опел» каби донғи кетган брендлар. Онда-сонда ўзимизга яхши таниш «Нексия-1», «Матиз», «Лачетти», «Дамас» ва ҳаттоки «Тико»ни ҳам учратиб қолиш мумкин. Улар Ўзбекистондан эмас, Кореядан олиб келинган бўлса керак.

Шаҳарда ҳаракатланувчи лицензион таксиларнинг барчаси люкс турдаги хорижий автомашиналар. Ҳаттоки полициячилар «Ҳонда» жипида юришибди.

Шаҳарда жамоат транспорти жуда яхши йўлга қўйилган. Тошкент ва Самарқанд бир неча йил аввал воз кечиб юборган троллейбуслар инсонлар узоғини яқин қилмоқда. Троллейбуслар шаҳарнинг энг марказий кўчаларида ҳаракатланишади. Масалан, манави бузилиб қолган троллейбус Тожикистон президенти маъмурияти олдида тўхтаб турибди.

Шаҳарда Туркияда ишлаб чиқарилган паст полли «Исузу» автобуслари ҳам ҳаракатланаётганига гувоҳ бўлдик.

Душанбе марказида йўллар кенгайтирилмаган. Неча йиллик чинорлар сақланиб қолинган. Бироқ бу ҳеч қандай автомобиллар тирбандлигию, тиқилинчларни юзага келтирмаяпти. Машиналар бир маромда ҳаракатланмоқда. Умуман, шаҳарда ҳозирданоқ ёзнинг жазирама кунлари хушҳаво, соя-салқин бўлиши билиниб турибди.

Душанбеда қурилиш ишлари авжида. Шаҳарда замонавий ва тожик миллий услубини уйғунлаштирган архитектурадан фойдаланиб кўп қаватли турар-жой бинолари ва офис идоралари қад кўтармоқда.

Йўллар ҳақида кўп тўхталиб ўтиш керакмас. Шаҳарда ўйдим чуқур йўллар у ёқда турсин, асфальтнинг бирор қисмида ямоқ ҳам кўзга ташланмайди. Ҳаммаси идеал, ҳаммаси жойида — йўлдаги чизиқлар ва йўл белгиларигача. Светофорларни айтмайсизми? Уларнинг кўпчилиги муқобил энергия манбаи — Қуёш нуридан қувват олиб ишлайди.

Шаҳардаги Исмоил Сомоний ҳайкали пойида зиёратчилар кўп. Биз улардан айримларини суҳбатга тортдик. Улар Хатлон вилоятидан келган ўзбек миллатига мансуб мактаб ўқувчилари экан.

Улар биз билан суҳбатда Ўзбекистон телевидениесини мунтазам кўришлари, шаҳарлардан Самарқандга боришга — Регистонни кўришга орзуманд эканликларини билдиришди. Ёшлар ўзбек шоу бизнеси вакилларининг деярли барчасини танишар экан.

Шу ерда суратга тушириб юрган сураткаш Шер Муродов чегаралар очилиб, борди-келди, савдо алоқалари кўпайганидан ниҳоятда мамнун эканлигини билдирди. Ўзбекистондан озиқ-овқат маҳсулотлари кириб келаётгани, бу эса баланд нархларнинг пасайишига хизмат қилаётганини айтиб ўтди. «Бир дона тухум 1,20 сомонийга чиқиб кетган эди, чегаралар очилгач, ҳозир 0,6–0,7 сомонийгача тушди», дейди у. Ун нархи ҳам арзонлаб қолган экан.

Тожикистонда ер ости ўтиш йўлаклари гул ва совға (сувенир) сотувчиларга ижарага берилган. Бизнинг пойтахтимиз Тошкентда ҳам ушбу ижобий жиҳатни ўзлаштирса бўлар экан. «Акфа» ромларидан бино қилинган мўъжаз дўконларида гул ва совғалар сотишни йўлга қўйишни! Ўзингиз ўйланг: «гул ёки совға керакми — метрога чоп», деган қоида юзага келарди. Душанбеда шунақа экан: «Подземка»га чоп.

Душанбе марказидаги «Боғи парчам» («Байроқ боғи»), Рўдакий боғи истироҳат масканларида якшанба бўлишига қарамасдан кундузи деярли ҳеч ким йўқ. Айний театри майдони ва санаб ўтилган жойларга халқ кечаси сайр қилишга чиқар экан.

Рекордчи флагштокдаги улкан байроқ ҳам негадир тушириб қўйилган. Кечаси қаттиқ шамол тургани учун бўлса керак.

Авиакассаларда «Ўзбекистон ҳаво йўллари»нинг рекламаси, миллий авиакомпаниямиз учадиган манзиллар туширилган харитани учратдик. Бундай рекламаларни кўпайтириш керак!

Тожикистонда менга маъқул бўлган нарса ҳар қандай бино — у дўкон бўладими, идора бўладими, офис бўладими, автомобиллар ювиладиган маскан бўладими — барчасининг пештоқига давлат тили — тожикчада унинг қандай жой экани ёзиб қўйилган. Русча ёки инглизча ёзувларни деярли учратмайсиз. Давлат тилига ҳурмат мана шундай бўлиши керак.

Душанбе ҳайвонот боғи одамлар билан жуда гавжум. Якшанба бўлгани учун барча ўз фарзандини олиб келган. Биз Ўзбекистондан эканлигимизни билишгач, айримлар камерага ўз фикрларини билдиришди. Бошқалар эса турли саволлар билан бизни кўмиб ташлашди. Айрим ёш душанбеликларга «Кобальт» машинаси Ўзбекистонда ишлаб чиқарилиши янгилик бўлди.

Душанбелик аёллар камерага гапиришни унчалик хоҳлашмас экан, буни ҳаё ва ибога йўйдик. Биз билан, асосан, эркаклар ҳамсуҳбат бўлишди. Шунчаликки, кўча бўйлаб бораётиб биз съёмка қилаётганимизни пайқаб, камерага кўзи тушган қизлар ҳам юзларини тўсиб олишди.

Машинани тайинли жойга қўйиб, шаҳарни таксида айландик. Такси нархлари биздагидан анча қиммат. Уларда метан йўқлигидан бўлса керак. «Россияга бориб ишлаб келиб машина олдим, энди бормайман, шу ерда ишлайман», деди таксичилардан бири.

Тожикистонда интернетга уланиш учун сим-карта харид қилиш учун ҳаракатларимиз бесамар кетди. Сим карта биздагидек дилерлар воситасида эмас, фақат паспорт билан уяли алоқа компанияларининг марказий офисларида расмийлаштирилар экан. Бизда ҳам телефон рақамини пайпоқдек алмаштирадиган «хирапашша»лар ва «қаллоблар»ни камайтириш учун шундай йўл тутиш керакмикан?..

Улуғвор «Коҳи наврўз» саройини суратга тушириб, Ўзбекистонга қайтишга чоғландик. Ўша-ўша, Душанбедан Турсунзодагача бизни ойнадек текис йўл аллалагандек олиб келди.

Дарвоқе, Душанбедан чиқишимиз ҳамоно бир марта радарга тушдим. Буларнинг радари қизиқ ишлар экан, худди Need for Speed ўйинидагидек. Камеранинг чақмоғи (вспышкаси) чақнади. Билмадим, энди нима бўлади. Шу радардан сал ўтиб ДАН ходими мени тўхтатди. «Урди худо», деб турувдим, йўқ у ҳужжатларни узатсам «керакмас» деди ва «Хуш келибсиз, меҳмонлар» деб, Тожикистондан олиб қайтаётган таассуротларимиз билан қизиқди ва яна келинглар, албатта, дея оқ йўл тилади.

Умуман, тожикистонликларнинг кўпчилиги уйига олиб кетиб, меҳмон қилиш таклифи билан чиқишди. Биз миннатдорчилик билдириб, ишимиз кўплигини рўкач қилиб секин рад қилдик.

Йўлларда деҳқончилик авжида. Ҳамма жойда парниклар қилинган. Ичида кўкатлар ва сабзавотлар ўсган, хўжакўрсинга эмас, астойдил, даромад кўриш учун қилингани билиниб турибди.

Турсунзода шаҳрида эса йўлнинг ўнг томонидан тилларга тушган ўша машъум алюминий заводини кўрдик. Ҳаш-паш дегунча 60 км ортда қолди ва биз Ўзбекистон чегарасига етиб келдик.

Кечаги ёзган репортажимда «Саразм» постидан киришда тожикистонлик божхоначилар автомобиль учун тўлов ундиришмади, деган эдим. Бугун сал қолса, шу нарсанинг касрига қолиб кетай дедим. «Дўстий» постида «тўлов ҳақидаги қоғоз қани?» деб сўрашди. Ҳеч қанақа қоғоз беришмаганини айтсам, ўша қоғозсиз чиқиб кета олмайсиз Тожикистондан, дейди божхоначи. «Урди худо-2!»

Йўқ, каттароқ рутбадаги божхоначилардан бири келиб, бунақалар ҳам келяпти, ўтказиб юбор деди. Дарҳол одатдагидек, «роҳи сафед» янгради. Тожикистонни тарк этишга 10 дақиқа вақт сарфладим.

Ўзбекистон чегарасида бўлиб ўтган текширишни батафсил ҳикоя қилиб ўтирмайман, шунчаки 45 дақиқача вақт олганини айтаман, холос. Тушунамиз: у ёқдан наркотик моддалар кириши таҳдиди кучли. Ўзбекистондан Тожикистонга нимаям кирарди? Одамлар нуқул флейка-флейка тухум ташиб кетишмоқда.

Таниш йўллар ва Ўзбекистон бошланди...

Тожикистонни меъёридан ортиқ мақтаб юборгандирман. Кимнингдир энсаси қотар. Мен сизга Душанбенинг яхши тарафларини борича ҳикоя қилиб беришга ҳаракат қилдим.

Менга ёқмаган томонлари ҳам бор. Азбаройи посанги тўғри бўлиши учун уларни ҳам тилга олиб кетмасам бўлмас.

Биринчиси, Имомали Раҳмоннинг суратлари йўлларда ҳаддан зиёд кўплиги. Душанбедан Ўзбекистон чегарасигача 87 дона ана шундай катта паннони санадим. Имомали Раҳмон қўлини кўтариб турган, у узум узмоқда, у (яшил) буғдойзор ичида, у олма тераяпти, у кўчат ўтказмоқда, у спортчи ёшлар даврасида, у меҳнат қаҳрамони билан суҳбатлашмоқда, у, у, у... Пойтахтдан чиққандан сўнг йўлларда бирорта миллий бренднинг ёки хорижий компаниянинг рекламасига кўзим тушмади.

Иккинчиси, тунги Душанбени ёритишда ҳамон ибтидоий усуллар сақланиб турибди. Варзобдан тушиб келишда лампочкали симёғочлар йўлнинг ўртасига жойлаштирилган. Унинг ўрталарига эса дарахтлар ҳам экилган. Ёруғликни дарахтлар тўсиб қўймоқда. Албатта, бу ерда мотоаррани олиб, «Ҷек-Мекафонам»ни «ёқиб» олиб, дарахтни кесиш эмас, симёғочни йўл четига ўтказиш чорасини кўриш керак.

Биздагига нисбатан замонавий ёритиш технологиялари, реклама чироқларидан фойдаланиш борасида анча ортда қолишган. Балки бу мамлакатда совуқ фаслларда электр энергияси етишмовчилиги туфайли уни иқтисод қилиб ишлатиш ортидан келиб чиққан заруриятдир…

Нима бўлганда ҳам, Тожикистондан ўрганишимиз керак бўлмаган нарсалардан кўра, ўрганадиганимиз кўпроқ экан. Албатта, энг аввало, текис йўлларни. Бизникилар шунча йилдан бери эплай олмаётган экан, биз ҳам бу ишга эплай оладиган хорижликларни жалб қилишимиз керакдир? Хитойликлар қурган Хоразм йўлини ҳамма мақтаяпти-ку?

Биз ушбу репортажда қисқача фотосессиялар билан таништирдик. Ҳали монтаж ишлари тугаса, мазкур сафаримизнинг видеорепортажи ҳам эътиборингизга ҳавола этилади.

Шуҳрат Шокиржонов, Маъруфжон Асқаров.

Kun.uz журналистлари

Top