22:11 / 02.04.2024
9354

Ўзбекистонда 841 км йўл цемент-бетон қоплама билан янгидан қурилади

Президент Шавкат Мирзиёев автомобил йўллари қурилишига оид режалар тақдимоти билан танишди. 

Қайд қилинишича, Ўзбекистонда халқаро ва маҳаллий йўллар тармоғини ривожлантириш, транспортлар ҳаракатига қулайлик яратиш мақсадида кўплаб лойиҳалар ишлаб чиқилган. Жумладан, Осиё тараққиёт банки иштирокида «Цемент-бетон қопламали ички йўлларни қуриш» лойиҳаси кўзда тутилган. Лойиҳа доирасида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги 86 та туманда, 770 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қиладиган 272 та маҳалладаги 841 километр йўллар цемент-бетон қоплама билан янгидан қурилади. Бунга Осиё тараққиёт банкининг 240 миллион долларлик қарз маблағи йўналтирилади. 

Қурилиш ҳамда техник назорат ишлари тўлиқ маҳаллий пудратчилар – хусусий тадбиркорлар ва маҳаллий муҳандислар томонидан амалга оширилади. Йўллар фойдаланишга қабул қилинганидан сўнг, бош пудратчи томонидан 5 йил давомида кафолатли соз ҳолатда сақланади ва эксплуатация қилинади. 

Яна бир лойиҳа халқаро аҳамиятдаги М39 «Олмаота – Бишкек – Тошкент – Шаҳрисабз – Термиз» магистрал автомобиль йўлининг 1255-1315 километрларини реконструкция қилишга қаратилган. Йўлнинг бу қисми Деҳқонобод тумани маркази Қорашина шаҳарчасидан ўтган бўлиб, ҳозирги кунда тор ва таъмирталаб. Лойиҳа доирасида 60 километр узунликдаги йўл цемент-бетон қопламадан 4 тасмали қилиб қурилади. Деҳқонобод тумани марказини айланиб ўтувчи 17 километрлик янги йўл, 14 та кўприк ва йўл ўтказгичлар барпо этилади. Бу Ислом тараққиёт банки ва ОПЕК халқаро тараққиёт жамғармасидан жалб этиладиган қарийб 154 миллион доллар ҳисобидан молиялаштирилади. 

Президентнинг тегишли қарорида умумий фойдаланишдаги автомобил йўллари рўйхатини қайтадан тузиш вазифаси белгиланган. Шунингдек, тажриба-синов тариқасида, Қорақалпоғистон Республикаси ва ҳар бир вилоятда 20 километрдан автомобил йўлини эксплуатация қилишга аутсорсинг асосида хусусий сектор жалб қилинадиган йўллар рўйхати тасдиқланган. 

Тақдимотда шу борада амалга оширилаётган ишлар ва жорий йилга мўлжалланган чора-тадбирлар ҳақида ахборот берилди. 

Давлат раҳбари йўлларни сифатли қуриш, таъмирланадиган кўчалар бўйида дарахтларни ўстириш орқали ҳудуд экологиясини яхшилаш, қишлоқларда қулай йўл-транспорт инфратузилмасини яратиш бўйича кўрсатмалар берди. 

Top