Жаҳон | 20:49 / 22.05.2024
23070
2 дақиқада ўқилади

Туркманистон-Ўзбекистон чегарасида юзлаб юк машиналари тўпланиб қолди – ОАВ  

Туркманистонлик юк машиналари ҳайдовчилари бир ойдан ортиқ вақтдан бери Ўзбекистонга кира олмаётгани таъкидланмоқда. 

Фото: Владимир Третьяков

Туркманистон фуқароси бўлган ҳайдовчилар Туркманистон-Ўзбекистон чегарасини кесиб ўтиш учун зарур бўлган визани ололмаяпти. Муаммо апрел ойининг ўрталарида бошланган. Бу ҳақда LogiStan хабар берди. 

Маълум қилинишича, виза бериш рад этилгани сабабли икки давлат чегарасидаги «Фороб» автомобил назорат-ўтказиш пункти ҳудудида 500 дан ортиқ оғир юк машиналари тўпланиб қолган.  

Муаммога Туркманистон ва Ўзбекистон ташувчилари ҳужжатларини расмийлаштиришда номутаносиблик сабаб бўлгани айтилмоқда. Таъкидланишича, ўзбекистонлик ҳайдовчилардан Туркманистонда ўртача 700-900 доллар йиғим олиняпти, туркманистонлик ҳайдовчилардан Ўзбекистон ҳудудида эса 200 доллар йиғим олинади. Туркманистон суғуртасини олиш ҳам қимматлиги таъкидланмоқда – 100 доллар, Ўзбекистон суғуртаси эса 15 доллар. Бундан ташқари, Туркманистонда янги CMR бланкасини тўлдириш 200 доллар, маршрут харитаси 200 доллар, GPS қурилмаси эса 20 доллар туради. Ўзбекистонда эса бундай тўловлар йўқ. 

LogiStan таъкидлаганидек, муаммони ҳал қилиш муддати номаълум. 

«Ашхобод ва Тошкент музокаралар олиб бормоқда, аммо айни дамда дипломатлар келишувга эриша олмаяпти», дейилади хабарда. 

Қайд қилинишича, Туркманистонда ўзбекистонлик ҳайдовчилар учун тартиб-таомилларни соддалаштириш масаласи 2024 йил апрел ойи ўрталарида бўлиб ўтган музокаралар натижасида ҳал этилиши режалаштирилган эди. Ҳужжатлар тайёр бўлган, фақат уларни имзолаш қолган. Бироқ Туркманистон делегацияси буни рад этган. 

Бошқа мамлакатлардан келган ҳайдовчиларда бундай муаммо йўқлиги таъкидланмоқда.

Мавзуга оид