Ўзбекистон | 09:42 / 10.10.2022
2473
2 дақиқада ўқилади

Валенсияда Самарқанд шаҳрида туризмни ривожлантиришга бағишланган форум ташкил этилади

Мадридда Испаниядан Самарқандга сайёҳларни жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Фото: Dunyo

Ўзбекистон элчихонасида ЮНЕСКО «Ипак йўли» дастури Испаниядаги президенти Хосе Мария Чикийо Барбер билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Мулоқот чоғида мамлакатда ички ва ташқи туризмни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида сўзлаб берилди. Самарқанддаги эшкак эшиш канали бўйида барпо этилган йирик «Буюк Ипак йўли» халқаро туризм мажмуаси ишга туширилиши алоҳида таъкидланди. Мажмуа ҳудудида 8 та меҳмонхона, шундан иккитаси беш юлдузли, иккитаси 4 юлдузли, тўртта бутик меҳмонхоналар, конгресс-холл ва «Абадий шаҳар» барпо этилган.

Мамлакат сайёҳлик салоҳиятини ошириш ва янги Самарқанд халқаро аэропорти имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш мақсадида 1 октябрдан бошлаб «очиқ осмон» режими жорий этилгани қайд этилди.

Хосе Мария Чикийо Барбер сайёҳлар учун яратилган янги ва қулай шароитлар, Самарқанд шаҳрида яратилган замонавий инфратузилма мамлакатга туристлар оқимини оширишга хизмат қилишига ишонч билдирди.

Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятини оммалаштириш мақсадида ноябрь ойида Валенсия шаҳрида Испания йирик туркомпаниялари, ОАВ ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида Самарқанд шаҳрида туризмни ривожлантиришга бағишланган форум ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид