Жамият | 21:20 / 06.08.2022
62109
6 дақиқада ўқилади

Нефт заводи олдида ўзига ўт қўйган аёл. Фарғонадаги ҳодиса тафсилотлари

2 август куни Фарғона нефтни қайта ишлаш заводининг 47 ёшли ходими корхонага кириш жойида устидан бензин сепиб, ўзига ўт қўйди. Завод маъмурияти ходим ишдан бўшатилмагани, рухсатномасиз келгани учун ичкарига киритилмаганини маълум қилди. Аёлнинг яқинлари эса умуман бошқа гапларни айтмоқда.

Kun.uz мухбири ҳолатни ўрганди.

Республика шошилинч тиббий ёрдам маркази Фарғона филиали Комбустиология бўлими бошлиғи Давлатбек Ориповнинг таъкидлашича, беморнинг ҳолати оғир.

 Давлатбек Орипов

“Бемор Санобархон Ҳайдарова 2 август куни Шошилинч тез тиббий илмий маркази Фарғона филиали Қабул диагностика бўлимига олиб келинди. Бемор реанимация бўлимига олиниб мутахассислар томонидан зарурий муолажалар қилинди. Ҳолати стабиллашгандан кейин даволанишни давом эттириш учун Комбустиология бўлимига олинди.

Беморнинг ҳозирги кундаги ҳолати оғир. Алангадан тананинг II-III A,В даража 60 фоиз термик куйиш ташхиси қўйилиб, даволаш стандарт бўйича олиб борилмоқда,”– дейди даволовчи шифокор.

Kun.uz мухбири беморнинг яқинлари ёрдамида Санобархон Ҳайдаровадан ҳам изоҳ олишга муваффақ бўлди. Беморнинг диктофонга ёзиб олинган овозидан унинг базўр гапираётганини билиш мумкин. Аёл завод кадрлар бўлимига ишдан бўшатишса ўзини ёқиб юборишидан огоҳлантиргани, кейин бошқа бўлимга ўтказишгани ҳақида гапиради.

Шифохонада бўлиб турган Санобархон Ҳайдарованинг қайнукаси Солишер Саримсоқов ҳодиса сабаблари ҳақида ўзига маълум бўлганларини қуйидагича сўзлади:

Солишер Саримсоқов

“Бир кун аввал Санобар опамга заводдаги ходимлар бўлимида ишловчи Феруза исмли шахс ариза ёзинг, иш ўрни ҳам йўқ “сокрашения”га тушдингиз дебди. Унга жавобан опам уйда боқувчимиз йўқ, турмуш ўртоғим Россиядан қайтган, иш топа олмай қийналяпти, 4 нафар қизим бор деб тушунтирган. Ходимлар бўлими масъули шундан кейин ҳам иш ўрни йўқлигини яна таъкидлаган. Шундан кейин заводнинг “охрана” бўлимида ишловчи йигитлари Санобар опамни ташқарига олиб чиқиб қўйибди.

Ҳолатда асабийлашган опам: “Агар заводда иш топилмаса, ўзимни ўзим ёқиб юбораман”, деган экан. “Отделкадр”да ишловчи опалар бунга жавобан қўлингдан келганини қилавер дейишган.

Бемор даволанаётган хона

Уйга қайтиб келаётганда йўлда бензин сотадиган жойдан ярим литр бензин сотиб олиб сумкасига жойлаган экан. Завод дарвозасига елкасига сумкани илганича кирган. Қўриқчилар эса опамни ташқарига олиб чиқиб қўйишган. Санобар опам уйида шароит яхши эмаслиги агар иш ўрни қилиб беришмаса ўзини ёқиб юборишини айтган. Шунда сумкасидан баклажка чиқариб бензинни бошидан қуйган ва гугурт чақиб юборган”, – дейди у.

Санобархон Ҳайдарованинг турмуш ўртоғи Дониёр Ҳайдаров у ковид асоратидан даволаниб келиши, оладиган 1 миллион сўм ойлиги дориларга ҳам етмаслигини таъкидлади.

Дониёр Ҳайдаров

“Турмуш ўртоғимнинг соғлигидаги муаммолари сабаб бир ойда 4-5 кун ишлайдиган режимга тушириб қўйишган эди. Душанба куни “бугун ариза ёздиришади” деб ишга борган эди. Душанба куни ишлаб келди. Сешанба куни эса мана шундай мудҳиш воқеа содир бўлди. Пенсияга чиққунимча заводда ишлайман, деб ният қилар эди. Ўзи ишлаётган 32-цехдан бошқа бўлимга ўтказамиз дейишган экан. Лекин ҳали ўтказишмаган эди.

Бир ойда ишга 5-6 кун бориб бир миллион сўм ойлик олар, лекин бу пул касалини даволатиш учун дори-дармонга етмас эди. Ковиддан ўпкасига зарар етиб даволатиб юрарди. 4 нафар қизимиз бор. 3 қизимни турмушга берганман. Кенжаси 8-синфда ўқийди.

Ўша куни томорқани суғораётган эдим. Соат 10:00ларда тезда касалхонага етиб келишимни айтишди. Ўзи ишдан бўшайман экан деб руҳий тушкунликка тушиб юрган эди”, – дейди аёлнинг турмуш ўртоғи.

Юзага келган ҳолат бўйича завод масъулларидан изоҳ олиш учун ФНҚИЗга бордик. Лекин негадир ичкарига киришимизга рухсат беришмади.

3-4 соатлик кутишдан сўнг телефон ва микрофонлар ташқарида қолиш шарти билан завод директорининг хонасига киришга муваффақ бўлдик. Лекин шунда ҳам қабулхонада қўл соатларимизгача ечиб олинди.

“Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи” МЧЖ тақдим қилган маълумотга кўра, Санобархон Ҳайдарова заводда 2014 йилдан бери ишлайди. Қурилиш-монтаж ишлари билан шуғулланадиган 32-цех тугатилиб, ишчилар завод таркибида янги ташкил этилган “RSMU NEFT” УК (ремонт-қурилиш унитар корхонаси)га қайта расмийлаштириб ишга олинган. Санобар Ҳайдарова ҳам бошқалар қатори иш ҳақи сақланган ҳолда 1 август кунидан эътиборан 2-разряд билан ана шу янги корхонага бўёқчи лавозимига ишга қабул қилинган.

Завод маъмуриятига кўра, ҳодиса содир бўлган 2 август куни ходим синглисининг кийимида корхонага келади. Рухсатномаси уйда қолиб кетгани учун ходим ичкарига киритилмайди. Орадан бир оз вақт ўтиб ходимнинг жияни холасига рухсатномани олиб келиб беради ва Санобар Ҳайдарова завод ичкарисига кирмоқчи бўлади. Лекин бу сафар қўриқлаш хизмати ходимлари иш вақтидан кеч қолгани учун уни ичкарига киритмаслигини айтишади.

Ташқарига чиқиб кетган ходим 8:31 да қайтиб келган ва назорат пункти олдида пластик идишдаги бензинни ўзининг устидан қуйган гугурт ёрдамида олов чиқарган. ФНҚЗ хавфсизлик ходимлари ўт ўчириш воситалари ва кийимлар ёрдамида ёнғинни ўчиришган. Аммо аёл ёрдам кўрсатишга тўсқинлик қилиб, сезиларли даражада куйиш жароҳатини олган. Соат 8:37 да Санобархон Деҳқоновна тез ёрдам машинасида Фарғона шаҳридаги шифохонанинг куйиш бўлимига юборилган.

Айни пайтда ҳолат юзасидан Фарғона шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Сарвар Зияев, Kun.uz мухбири
Монтаж устаси: Жаҳонгир Алибоев.

Мавзуга оид